Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 05:56

HRW Хитойда уйғурлар таҳқирланаётганини кескин қоралади


Омир Бекали Хитойда қамалган ота-онасининг суратларини кўрсатмоқда. Олмаота
Омир Бекали Хитойда қамалган ота-онасининг суратларини кўрсатмоқда. Олмаота

Human Rights Watch (HRW) ташкилоти Хитой расмийларини мамлакатдаги мусулмон уйғурлар ҳуқуқларини “оммавий ва систематик тарзда“ поймол қилишда айблади.

Ташкилотнинг 10 сентябрь куни эълон қилинган ҳисоботида Шинжон-Уйғур мухтор районида Хитой ҳукумати маҳаллий аҳолини “ўзбошимчалик билан қўлга олаётгани, қийноққа тутаётгани ва таҳқирлаётгани“ айтилади.

БМТнинг Ирқий камситишни бартараф этиш бўйича қўмитаси 10 августда Хитойда этник уйғурлар аксилэкстремизм марказларида ушлаб турилгани, миллионлаб одам “қайта тарбиялаш лагерларига” юборилаётганини таъкидлаган эди. Қўмита бу ҳолатни улкан “қуролсизлантириш лагерига“ қиёслади.

HRW ҳисоботида ташкилотининг Хитой бўйича директори Софи Ричардсон Хитой ҳукумати Шинжонда мамлакатда узоқ пайтдан бери кузатилмаган кўламда инсон ҳуқуқларини бузаётганини таъкидлайди.

“Шинжонда уйғурлар репрессияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда тегишли ҳукуматлар ошиб бораётган таҳқирлашларни тўхтатиш учун Хитойга қарши санкция жорий қила олиш-олмаслигини белгилаб берувчи муҳим синовдир”, дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот хориж давлатлар ҳукуматларини Хитойга қарши чора кўришга чорлади.

10 сентябрь куни ўтказилган кундалик матбуот анжуманида Хитой ташқи ишлар вазири Ген Шуанг ҳисоботни шарҳлашдан бош тортиб, HRW Хитойга қарши эканлигини иддао қилди ва ташкилотни фактларни бузиб кўрсатишда айблади.

Вазир Шинжонда кўрилаётган чоралар “барқарорлик, ривожланиш, бирдамлик ҳамда тирикчиликни илгари суришни”, бир вақтнинг ўзида “энтик айирмачилик ҳамда зўравон террор ҳаракатларига барҳам беришни” кўзлашини таъкидлади.

Жорий йил бошида Қозоғистонга қочиб борган Хитой фуқароси Сайрагул Сауитбай судда ғарбий Хитойда “қайта тарбиялаш лагерлари“ тармоғи мавжудлиги ҳақида кўрсатма берган эди. Сауитбай бу лагерларда минглаб этник қозоқ ушлаб турилганини таъкидлади.

Сауитбай болалар боғчаси ходими ўлароқ ҳукуматнинг мамлакатдаги мусулмонларни, жумладан, уйғурларни, қозоқларни, қирғизларни ҳамда хуэйларни қайта тарбиялаш режаси билан боғлиқ ҳужжатлар билан танишиш имконига эга бўлган.

Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор районида 13 миллионга яқин туркий тилда сўзлашувчи мусулмон яшайди. HRW ҳисоботида Хитой расмийлари уларни мунтазам равишда оммавий жазоларга маҳкум қилаётгани, саёҳат қилишлари ва диний эътиқодларига чекловлар қўйиб, кундалик ҳаётларини тўлиқ назорат қилаётгани айтилади.

Ҳисобот Шинжоннинг 58 собиқ турғуни билан ўтказилган суҳбатларга таяниб ёзилган.

Тортиб олинган паспортлар ва “сиёсий қайта тарбиялаш марказлари”. 2018 йил апрель.

10 сентябрь куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет жаҳон бўйлаб инсон ҳуқуқлари топталаётганидан хавотир билдирди. Хусусан, комиссар БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши олдида қилган илк чиқишида Хитойда мусулмонлар таҳқирланаётганига алоҳида тўталиб ўтди.

Бачелет Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг уч ҳафталик йиғини очилиш кунида сўзга чиқиб, Хитойни Шинжон-Уйғур мухтор районида озчиликлар қайта тарбиялаш лагерларига юборилаётгани ҳақидаги иддаоларни текшириш учун кузатувчиларни мамлакатга киритишга чорлади.

Хитой расмийлари бу айбловларни рад этиб, Шинжон районида “катта фожиа” олди олинганини иддао қилиб келади. Уларга кўра, Шинжонда исломий жангарилар ҳамда айирмачилар барқарорликка жиддий таҳдид солади.

XS
SM
MD
LG