Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2021, Тошкент вақти: 20:04

Хитойда криптовалюталарга қўйилган тақиқ кучайтирилди


Хитойда молия институтлари ва тўлов компанияларига криптовалюталар билан боғлиқ хизматлар кўрсатишни тақиқловчи чекловлар кучайтирилди.

Янги чекловлар 2017 йилда киритилган тақиқни янада қаттиқлаштиради. Янги қонунда “виртуал валюталар ҳеч қандай ҳақиқий қиймат билан дастакланмаслиги” белгилаб қўйилди.

Қуйида бу чорага нима туртки бўлгани ва унинг криптовалюталарга таъсири ҳақида “Reuters” агентлиги чоп этган мақола мазмуни билан танишишингиз мумкин.

Янги чекловлар нимадан иборат?

Жорий ҳафта бошида Хитойдаги банк ва онлайн тўлов ширкатларини ўз ичига олган уч молия ташкилотлари бирлашмаси ўз аъзоларига 2017 йилги қонунга биноан крипто хизматларни кўрсатишни, хусусан, ҳисоб очиш, рўйхатга олиш, савдо қилиш, клиринг, ҳисоб-китоб ва суғурта амалиётларини ўтказиш тақиқланишини эслатди.

Аммо Хитой халқ банки эълон қилган янги тақиқ аввал тилга олинмаган хизматларни ҳам ўз ичига олади.

Масалан, янги қонунда муассасаларга виртуал валюта қабул қилиш ёки уларни тўлов ва ҳисоб-китоб амалиётлари учун ишлатиш тақиқланиши аниқ кўрсатилган. Шунингдек, муассасалар криптовалюталарни юань ёки хорижий валюталарига алмаштириш хизматларини тақдим эта олмайди.

Бундан ташқари, муассасаларга криптовалютада омонат сақлаш, гаров хизматларини кўрсатиш ва крипто билан боғлиқ молиявий маҳсулотларни чиқариш тақиқланди. Шунингдек, трест ва жамғарма маҳсулотлари учун виртуал валюталардан инвестиция мақсадларида фойдаланиш ман этилади.

Хитойда криптовалюталарга қарши дастлабки қоидалар қандай эди?

Хитой криптовалюталарни қонуний тўлов воситаси деб тан олмайди. Мамлакат банк тизими криптовалюталарни қабул қилмайди ёки улар билан боғлиқ хизматларни кўрсатмайди.

2013 йилда ҳукумат биткоинни виртуал товар деб таърифлаган ва жисмоний шахсларга унинг онлайн савдосида эркин қатнашиш ҳуқуқи берилганди. Бироқ ўша йил охирида молиявий регуляторлар банклар ва тўлов компанияларига биткоин билан боғлиқ хизматларни кўрсатишни тақиқлади.

2017 йил сентябрь ойида Хитойда сармоядорларни ҳимоя қилиш ва молиявий хатарлар олдини олиш мақсадида бирламчи оммавий таклифлар ҳам тақиқланди.

Шунингдек, криптовалюталарни қонуний тўлов воситаларига алмаштириш тақиқланди.

Чекловлар ортидан криптовалюта хизматларини кўрсатувчи аксар ширкатлар ёпилди ёки офшор фаолият юритишга ўтди.

Хитой нима учун назоратни кучайтирди?

Хитой Халқ банки криптовалюталар устидан назоратни кучайтирар экан, улар савдосидаги спекуляция “одамлар мулкининг хавфсизлиги ва нормал иқтисодий ва молиявий тартибга” таҳдид солишини билдирди.

Криптовалюталар юанга солаётган таҳдид туфайли Хитой халқ банки ўз рақамли валютасини жорий қилди.

Чекловларнинг таъсири қандай бўлади?

Янги чекловлар жисмоний шахсларга турли хил тўлов каналлари орқали криптовалюталарни сотиб олишни мушкуллаштиради. Қолаверса, чекловлар туфайли криптовалюталарни юанга алмаштириш қийинлашади.

Бундан ташқари, банклар ва тўлов компаниялари криптовалюталар билан боғлиқ пул оқимларини аниқлашда қийинчиликларга дучор бўлишини кутиш мумкин.

Нью-Йорк университети илмий тадқиқотчиси Уинстон Ма янги қоидалар Хитойнинг молия тизими криптовалюталар билан боғлиқ операцияларни йўқ қилишга қаратилгани ва ҳукумат крипто активларига қарши янги чекловларни жорий қилиши мумкинлигини кўрсатади деди.

XS
SM
MD
LG