Линклар

Шошилинч хабар
23 сентябр 2021, Тошкент вақти: 17:39

Халқаро хабарлар

Хитойда “ножоиз мазмундаги” қўшиқларни караокеда айтиш тақиқланади

Хитой расмийлари мазмун-моҳияти ножоиз бўлгани учун караокеда айтиш ман этиладиган қўшиқлар рўйхатини тузиб чиқишади. Мазкур тақиқ шу йил 1 октябридан кучга киради. Бу ҳақда ХХР Маданият ва туризм вазирлиги маълумот тарқатди.

Чеклов чоралари, иддаоларга кўра, социалистик қадриятларни ташвиқ қилиш ҳамда мафкуравий хавфсизликни таъминлаш мақсадида жорий қилинмоқда. Жумладан, караокеда, расмийлар мулоҳазасига кўра, Хитой суверенитетига хавф солувчи, одамларни динга, ирим-сиримларга ёки қиморга рағбатлантирувчи, ичида бўҳтон унсурлари бўлган қўшиқларни куйлаш тақиқланади.

Қўшиқлар мониторинги учун масъулият караоке учун контент етказиб берувчи ширкатлар зиммасида бўлади.

Хитой Халқ Республикасида қўшиқ айтиш мумкин бўлган 50 мингдан зиёд кўнгилочар марказ мавжуд. Караокега мослаштирилган қўшиқлар сони эса 100 мингдан ошади. Бу тақиқланган матнларни қидириб топиш бўйича контент операторлари ишини қийинлаштиради.

2015 йили Хитойда Интернет тармоғи орқали ёйинланган ва жамият учун хавфли деб кўрилган 120 та қўшиқ тақиқланган эди.

Кун янгиликлари

ФХХ Қримтатар халқ мажлиси раисининг ўринбосарига нисбатан айбловни янада кучайтирди

Қримтатар халқ мажлиси раисининг ўринбосари Наримон Жалол.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати - ФХХ Қримтатар халқ мажлиси раисининг ўринбосари Наримон Жалолга нисбатан айбловни янада кучайтирди.

Сентябрнинг бошларида ФХХ Симферополда қримтатарларнинг уйларида тинтув ўтказган, тинтув ортидан Наримон Жалол дохил беш киши ушланган. Қўлга олинганлар Перевальное қишлоғидаги газ қувурига қасддан шикаст етказганликда айбланмоқда.

Дастлаб унга диверсияни амалга оширишга кўмаклашиш айблови қўйилганди. 13 сентябрда эса ФХХ айбловни биринчи марта ўзгартирган ва уни дверсияни тўлақонли амалга оширишда айблаган эди.

23 сентябрда эса ФХХ айбловни янада кучайтирди. Эндиликда у диверсияни уюшган жиноий гуруҳ таркибида амалга оширишда, шунингдек, портловчи моддаларни ноқонуний сотиб олиш ва сақлашда айбланмоқда. Мазкур айблов асосида Наримон Жалол 20 йилга қамалаши мумкин.

Адвокатларнинг билдиришича, Наримон Жалол ўзига билдирилган айбловни тан олмаяпти ва жиноят иши доирасида ўтказилаётган терговда кўрсатма беришдан бош тортмоқда.

Қримтатарларга қарши репрессиялар 2014 йили яриморол Россия томонидан аннексия қилинганидан кейин бошланган. Қримтатарларнинг кўпи Қримнинг Россияга қўшиб олинишига қарши чиққан эдилар.

Қрим Олий суди 2016 йили қримтатарлари мажлисини экстремистик ташкилот деб топган ва унинг фаолиятини тақиқлаб қўйган.

АҚШ Конгресси Россия давлат қарзига нисбатан янги санкцияларни тасдиқлади

АҚШ Конгрессининг вакиллар палатаси.

АҚШ Конгрессининг вакиллар палатаси америкаликларга Россия суверен қарз мажбуриятларини бирламчи ва иккиламчи бозорда сотиб олиш ва сотишни таъқиқловчи қарорни тасдиқлади.

Конгресс мазкур санкциянинг қабул қилинишига Россиянинг АҚШ президенти сайловига аралашгани сабаб бўлганини билдирди.

Мазкур ҳужжат АҚШ Сенати томонидан ҳам тасдиқланиши лозим. Қарор қабул қилинганидан сўнг Россия Марказий банки, Миллий фаровонлик фонди ва Федераль ғазначиликнинг 14 кунда қарзни қайтариш шарти билан чиқарган ҳар қандай қимматбаҳо қоғозларини олиб-сотиш АҚШда таъқиқ остида бўлади.

Bloomberg экспертларига кўра, қарор ортидан “Россиянинг молиявий ҳаражатлари кўпайиши мумкин”, бироқ бу қарор Москванинг халқаро молия бозорларидаги мавқеига жуда катта даражада таъсир қила олмайди.

Украинада лотин имлоси асосида ишлаб чиқилган қримтатар алифбоси тасдиқланди

Украина ҳукумати 22 сентябрь куни лотин имлоси асосидаги 31 ҳарфдан иборат қримтатар тили алифбосини тасдиқлади, дея хабар қилди Крим.Реалии.

Алифбо Қримтатар халқи мажлиси ҳамда қатор институт ва университетлар билан кенгашган ҳолда ишлаб чиқилган. Жорий йилнинг апрелида Украина ҳукумати Қримтатар тилини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаган эди.

Янги алифбони қримтатар тилидаги таълим жараёнига 2025 йил 1 сентябридан бошлаб татбиқ этиш мўлжалланмоқда.

“Бундан кейин қримтатар тили 1991 йилдан сўнг лотин алифбосига ўтган ва ҳозирда ўтаётган бошқа туркий тиллар билан уйғун тарзда ривожланади. Бу Украина учун туркий тилли мамлакатлар билан алоқаларда қўшимча имкониятлар яратиши жуда муҳимдир, зеро улар орасида стратегик ҳамкорларимиз бор. Қримтатар тилидан маиший даражада оз-моз хабардор бўлиш ҳар бир украиналикка Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ёки Ўзбекистонга саёҳатларда ёки у ерлик ҳамкорлар билан иш бўйича мулоқотлар чоғида ўзини янада дадил тутишига ёрдам беради”, деган Украинанинг тобе бўлмаган ҳудудларни қайта интеграция қилиш масалалари бўйича вазири Алексей Резник.

Россия Қримни аннексия қилиши олдидан яриморолда сохта референдум ўтказганида Қримтатар халқи мажлиси тарафдорлари бўлган бир неча минг киши Қрим парламенти ёнида бунга қарши намойишга чиққан эди. Намойиш куч билан бостирилган ва шундан сўнг қримтатарлар ёппасига таъқибга олинган. Қримтатар халқи етакчиларининг аксарияти Украинага кетишга мажбур бўлган.

2016 йилда Россия Қримтатарлар мажлисини экстремистик ташкилот деб топиб, унинг фаолиятини тақиқлаган.

Давлат думаси барча хорижликларга россиялик болаларни асраб олишни тақиқламоқчи

"Дима Яковлев қонуни” қабул қилинишига қарши Санкт-Петербургда ўтган норозилик намойишидан лавҳа, 2013 йилнинг январи

Россия Давлат думасининг чет давлатлар аралашувига қарши кураш комиссияси “Дима Яковлев қонуни”нинг амал қилишини барча хорижликларга нисбатан қўлламоқчи. Ҳозирда мазкур қонун фақат АҚШ фуқароларининг россиялик болаларни асраб олишини ман қилади.

Комиссия изоҳига кўра, сўнгги пайтларда нафақат америкаликлар, балки бошқа чет элликлар ҳам россияликларнинг “тамал ҳуқуқ ва эркинликларига дахл қилмоқда”. Мулозимлар фикрича, бу айниқса ўтган сайлов чоғида яққол намоён бўлган.

Шу муносабат билан “Дима Яковлев” қонунига янги тузатишлар октябрдаёқ депутатлар муҳокамасига киритилиши мумкин.

Тўлиқ ном билан “РФ фуқароларининг тамал ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига алоқадор шахсларга нисбатан таъсир чораларини қўллаш тўғрисида” деб аталувчи “Дима Яковлев қонуни” 2012 йили АҚШда қабул қилинган “Магнитский қонуни” ва қатор россиялик мулозимлар ҳамда кучишлатар тузилмалар вакилларига қарши жорий этилган санкцияларга жавоб тариқасида қабул қилинган.

Қонун “Россия фуқароларининг тамал ҳуқуқларига дахл қилган АҚШ фуқароларига нисбатан жавоб тусидаги ҳимоя чоралари”ни қўллашни, хусусан, уларнинг молиявий активларига банд солиш, Россияга киришини, мол-мулк сотиб олишини ва инвестиция битимларида иштирок этишини тақиқлашни назарда тутади.

Қонунда АҚШ фуқароларининг россиялик болаларни, хусусан, ўз ватанида зарур муолажа ололмаган ногирон болаларни фарзанд қилиб олишини тақиқловчи банд ҳам мавжуд. Ушбу норма жамоатчилик орасида қизғин баҳсларга сабаб бўлган, йирик шаҳарларда унга қарши оммавий норозилик чиқишлари бўлиб ўтганди. Қонун қабул қилингач, Москвада 60 минг нафарга яқин киши кўчаларга чиққан. Бир неча юз минг киши ушбу қонунга қарши петицияга имзо чеккан.

Тожикистонда афғон қочқинлари учун лагерь қурилади

Тожикистон ҳукумати Европа Иттифоқи ёрдамида Афғонистон билан чегарадош Шамсиддин Шоҳин туманида афғон қочқинлари учун лагерь қуради.

Туман маъмурияти вакилининг Озодлик радиоси тожик хизматига маълум қилишича, лагерь қуриш учун Хирмонжо ва яна икки қишлоқ танлаб олинган.

“Евроиттифоқ элчиси бу жойларни бориб кўради, шундан сўнг лагерь айнан қаерда қурилиши аниқ бўлади”, деган исми сир қолишини истаган манба.

Хатлон вилояти раиси ёзда ўтказилган матбуот анжуманида халқаро ташкилотлар кўмаги билан Жайҳун туманида афғон қочқинлари учун лагерь қурилишини айтган эди.

Аввалроқ Евроиттифоқ Тожикистонда бўлиб турган афғон қочқинларига 160 минг евро ажратишини эълон қилган. ЕИнинг 14 сентябрдаги баёнотида Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош Хатлон вилояти ҳамда Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида 5000 нафаргача афғон қочқини бошпана топгани ҳақида сўз борган.

Толиблар Афғонистон шимолига ҳужум қилганидан сўнг минглаб афғон қочқини Тожикистон ва бошқа қўшни мамлакатларга қочиб ўтган. Уларнинг бир қисми, хусусан ҳарбий хизматчилар Афғонистонга қайтариб юборилган, қолганлар эса Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ва бошқа минтақаларда сақланмоқда.

Евроиттифоқ, БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссари маҳкамасига таянган ҳолда, “2021 йил охиригача Тожикистонда 50 минг нафаргача қочқин қайд этилиши мумкин”лигини маълум қилган.

Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси узунлиги 1400 километрни ташкил этади.

АҚШ: Намояндалар палатаси қўмитаси Навальний рўйхати бўйича санкциялар жорий этишни маъқуллади

АҚШ Намояндалар палатаси (парламент қуйи палатаси)нинг Регламент қўмитаси президент маъмуриятига россиялик мухолифатчи Алексей Навальний сафдошлари томонидан инсон ҳуқуқ ҳуқуқларини бузишда ва коррупцияда айбланган 35 кишига нисбатан санкциялар жорий этишни тавсия этувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда, жумладан, конгрессмен Пол Массаро “Твиттер”да маълум қилган.

Агар лойиҳа Конгрессда маъқулланса, таклиф қилинган санкциялар рўйхатини Жо Байден маъмурияти баҳолаши керак бўлади. Бунинг учун Оқ уйга кўпи билан олти ой вақт берилади.

Рўйхатда тадбиркорлар Алишер Усмонов, Роман Абрамович, Олег Дерипаска, “Роснефть” раҳбари Игорь Сечин, “Газпром” раиси Алексей Миллер, Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин, ФСБ директори Александр Бортников, “Биринчи канал” бош директори Константин Эрнст, RT бош муҳаррири Маргарита Симоньян, “Росгвардия” директори Виктор Золотов ва бошқаларнинг исмлари келтирилган. Уларнинг барчаси Путинга яқинлиги билан танилган.

“Глобал Магнитский қонуни”га мувофиқ санкциялар жорий этиш ҳақидаги қонун лойиҳасини Намояндалар палатасига Демократик партия вакили Том Малиновски ҳамда республикачи Жон Кёртислар киритишган. Техник жиҳатдан бу ерда гап АҚШ ҳарбий бюджетига тузатишлар киритиш ҳақида бормоқда – айни механизм илгари, чунончи, “Шимолий оқим-2” газ қувури қурилишида қатнашган ширкатларга нисбатан татбиқ этилганди.

Рўйхатни тузишда ҳозирда “Ив Роше” иши бўйича Россияда қамоқ жазосини ўтаётган Навальний жамоасининг тавсиялари асос қилиб олинган.

Жорий йилнинг мартида Евроиттифоқ ва АҚШ Алексей Навальнийнинг ҳибсга олиниши ва таъқиб қилиниши туфайли қатор россиялик мулозимларга қарши санкциялар жорий этганди.

Туркманистонда 2 мингдан ортиқ маҳкум афв этилди

Туркманистон мустақиллиги муносабати билан ўрнатилган стелла.

Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов Туркманистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан 2 мингдан ортиқ маҳкумни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Давалат ахборот агентлигининг билдиришича, улар орасида 6 нафар хорижлик ҳам бор.

Май ойида ҳам туркман президенти мингдан ошиқ маҳкумни, жумладан, 53 нафар чет элликни афв этган эди.

Озодлик радиоси туркман хизмати сентябрнинг бошларида Туркманистондаги қамоқхоналарда озиқ-овқат, дори-дармон етишмаётгани ва коронавирус кенг ёйилгани тўғрисида хабар берган.

Аввалроқ Turkmen.news маҳаллий манбаларга таянган ҳолда қамоқхоналарда “очарчилик бошлангани”, маҳкумлар тўйиб овқатланмаслик ва турли касалликлардан ўлаётгани тўғрисида ёзган.

Киев яқинида Украина президенти ёрдамчисининг автомобили ўққа тутилди

Ҳужумчилар Шефирнинг автомашинасига қарата автоматдан 12 та ўқ узган.

Киев яқинида Украина президенти Володимир Зеленскийнинг биринчи ёрдамчиси Сергей Шефир автомобили ўққа тутилди. Ҳужумчилар Шефирнинг автомашинасига қарата автоматдан 12 та ўқ узган. Шефир ҳайдовчиси яраланган, ёрдамчининг ўзи эса омон қолган.

Полиция раҳбари Игорь Клименконинг билдиришича, тергов уч версияни ўрганмоқда. Биринчи версия - Шефирнинг давлат арбоби сифатидаги фаолиятига қаршилик, иккинчи версия- мамлакат олий раҳбариятига босим кўрсатиш ва учинчи версия - Украина ҳудудидаги вазиятни издан чиқариш мақсадидаги қотиллик.

Украина ички ишлар вазири Денис Монастирский эса ҳужумчиларнинг мақсади қўрқитиш эмас, айнан ўлдириш бўлган деган версияни олға сурмоқда.

БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида иштирок этаётган президент Зеленский мазкур ҳодиса ортидан Нью-Йоркдан Киевга қайтди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Украина парламентида янграган “ҳужумни Россия уюштирган бўлиши мумкин” қабилидаги фикрларни асоссиз деб атади.

Эрдўғон яна бир марта Туркия Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олмаслигини билдирди

Эрдўғон бундан аввал ҳам Туркия ҳеч қачон Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олмаслигини таъкидлаган эди.

Анқара Украина ҳудудий яҳлитлиги сақланиб қолишининг тарафдори ва Россия Қримни аннексия қилганини тан олмайди. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида сўзлаган нутқи давомида билдирди.

Аввалроқ Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Анқара Россия Давлат Думасига сайловнинг Қримдаги натижаларини тан олмаслигини эълон қилган. Бу билан Туркия Россия томонидан Қримнинг босиб олиниши ноқонуний бўлган деган позициясида собит эканини яна бир карра тасдиқлаган.

Кремль Туркиянинг бу баёнотини “қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат” деб баҳолади. Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Москва Туркия Қрим бўйича позициясини ўзгартиришига умид қилиб қолишини айтди.

Эрдўғон бундан аввал ҳам қатор чиқишларида Туркия ҳеч қачон Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олмаслигини таъкидлаган эди.

21 сентябрь куни Эрдўғон БМТ Бош Ассамблеясида иштирок этаётган Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашиб, Қримдаги гуманитар вазиятни ва Россия томонидан турли сохта айбловлар билан қамалган маҳаллий аҳолини, жумладан, қримтатарларни қамоқдан озод қилишга кўмаклашиш масаласини муҳокама қилди.

Пермь университетидаги отишмада жабрланганлар сони 43 кишига етди

Пермь университети талабалари 20 сентябрдаги ҳужумдан сўнг.

Пермь университетидаги отишмада жабрланганлар сони, сўнгги маълумотларга қараганда,43 кишига етди. Бу ҳақда Пермь ўлкаси соғлиқни сақлаш вазири Анастасия Крутень маълум қилди. Аввал отишмада 28 киши жароҳатлангани ва 6 киши ҳалок бўлгани билдирилган эди.

Расмийнинг айтишича, Пермда жароҳатланганлардан 12 нафари, жумладан, ҳужумчи Тимур Бекмансуров даволанмоқда. Бекмансуров ўта оғир ҳолатда реанимация бўлимида сақланмоқда. Крутеннинг айтишича, унинг бир оёғининг товони ампутация қилинган. Оғир ярадор бўлган 7 киши эса Москвадаги касалхоналарга жойлаштирилган.

20 сентябрь куни эрталаб Пермь университети талабаси бўлган 18 ёшли Темур Бекмансуров ҳарбий кийим ва автомат билан олийгоҳ биноларидан бирига бостириб кирган ва ўқ ота бошлаган эди.

Маҳаллий нашрлар Бекмансуров қўлга олиш жараёнида яралангани ва олган жароҳати туфайли ўлганини ёзганди. Кейинроқ расмийлар ҳужумчи талаба яраланганини тасдиқлаб, унинг вафот этгани тўғрисидаги маълумотни инкор қилган.

Толибон БМТдан Бош Ассамблеяда нутқ сўзлашга изн берилишини талаб этмоқда

Толибон Афғонистоннинг БМТдаги вакили лавозимига Муҳаммад Суҳайил Шаҳинни тайинлаганини билдирди.

Афғонистон назоратини ўз қўлига олган Толибон ҳукумати жорий ҳафтада Нью-Йоркда ўтаётган БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб нутқ сўзлашга изн берилишини талаб этмоқда.

БМТнинг билдиришича, бу борада Толибон Бош котиб Антониу Гутерришга 20 сентябрь куни мактуб жўнатган. Мактубни Толибон ҳукумати ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақи имзолаган.

Мактубда собиқ президент Ашраф Ғани 15 августда ҳокимиятдан ағдарилгани, “жаҳон давлатлари энди уни президент сифатида тан олмасликлари” ва Афғонистоннинг БМТдаги вакили Ғулом Исоқзай “бундан буён мамлакатни тамсил эта олмаслиги” қайд этилган.

Муттақи ўз мактубида Толибон Афғонистоннинг БМТдаги вакили лавозимига Муҳаммад Суҳайил Шаҳинни тайинлаганини таъкидланган. Шаҳин Толибон билан Қатарда ўтказилган халқаро музокараларда матбуот котиби бўлган.

АҚШ Давлат департаменти Толибоннинг мазкур талабидан хабардор эканини билдирди. АҚШ БМТнинг ваколатлар қонунийлигини текшириш бўйича қўмитаси аъзоси ҳисобланади. АҚШ мазкур қўмита Толибон талабига қандай жавоб қайтаришини прогноз қила олмаслигини маълум қилди.

Туркманистон фуқаролари ЖССТдан ҳукуматни COVID-19 эпидемиясини тан олишга мажбур этишни илтимос қилди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов COVID-19 дан даволаш бўйича Изгантда очилган янги клиникада (архив сурати)

Туркманистон фуқаролик жамияти мамлакатда COVID-19 эпидемияси мавжудлигини тан олишга ҳукуматни мажбур этишни сўраб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига мурожаат қилди.

Мактуб муаллифлари Туркманистон ҳукумати “мамлакатда COVID-19 борлигини инкор этиб, касаллик кўлами ва аҳоли ўлим даражасини ҳануз яшираётгани”ни урғулашган. Уларга кўра, касалхоналар тўлиб-тошган, аксари одамларда ётиб даволаниш учун пул йўқ.

“COVID-19 нинг барча аломатлари бўлган ва, муҳтамалан, ушбу инфекция юқиши асоратларидан вафот этган ўнлаб кишининг исми бизга маълум. COVID-19 дан ўлганлар сони анча кўплигига ишончимиз комил, аммо ўлимга коронавирус сабаб бўлганини тасдиқлата олмаяпмиз, чунки марҳумларнинг қариндошлари ва тиббиёт ходимлари маълумотларни биз билан ўртоқлашишдан қўрқишади”, дейилган ЖССТга йўлланган мурожаатномада.

Хат муаллифларига кўра, “Туркманистон ҳукуматининг COVID-19 пандемиясини инкор этиши, мамлакатда ахборот олиш ва тарқатишга нисбатан қўлланилаётган тақиқлар фуқароларнинг хатардан бехабар қолишига олиб келган”. Шу муносабат билан улар ЖССТдан ҳукуматнинг беморларга оид биологик материалларни экспертизадан ўтказиш ваъдасини бажаришига эришишни илтимос қилишган. Бу, уларнинг наздида, “Туркманистонни ўз ҳудудида COVID-19 тарқалганини тан олишга мажбур этиш йўлида муҳим қадам бўлади”.

Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, Ашхобод касалхоналари беморлар билан тўлиб-тошган, коронавирус симптомлари билан келган кўплаб одамлар ётиб даволанишга қўйилмаяпти. Шунингдек, мамлакатнинг турли вилоятларида айрим аҳоли масканлари карантинга олингани маълум қилинган. Айни пайтда Тошҳовуз вилоятининг Ниёзов туманига (этрапига) кириш-чиқиш ман этилган.

Туркманистон ҳукумати мамлакатда коронавирус йўқлигини иддао қилиб келади. Ўз навбатида, мустақил ОАВ мамлакатда COVID-19 анчадан бери мавжудлиги ва кўп одамнинг ўлимига сабаб бўлгани ҳақида ёзмоқда.

Ковид борлиги инкор этилганига қарамай, Туркманистонда қатъий чекловлар жорий этилган, одамлар ниқоб тақиб юришга мажбур қилинмоқда. Аммо расмийлар буни Орол денгизи тарафдан келган “зарарли чанг-тўзон” хавфи билан изоҳлашади. Мамлакатда коронавирусга тест топшириш амалиёти мавжуд, бироқ ижобий натижали тест маълумотномаси қўлга берилмайди.

Британия Скрипаллар заҳарланишига доир иш бўйича учинчи россияликка айблов эълон қилди

Россия ГРУсининг эҳтимолий ходими Денис Сергеев (Сергей Федотов)

Буюк Британияда тергов идораси Сергей ва Юлия Скрипалларнинг заҳарланишига оид жиноят иши доирасида Россиянинг учинчи фуқаросига айблов эълон қилди.

Скотленд-Ярд маълумотига кўра, бу “Сергей Федотов” номидаги ҳужжатлардан фойдаланган муҳтамалан ГРУ (Бош разведка бошқармаси, ҳарбий разведка) ходими Денис Сергеевдир. Британия полицияси у аввалроқ айбланган Анатолий Чепига ва Александр Мишкин (Руслан Боширов ва Александр Петров номи остида иш кўрган ходимлар) билан бирга 2018 йилда Солсберидаги амалиётда бевосита иштирок этганини маълум қилган.

Ўша амалиёт натижасида собиқ ГРУ зобити Скрипаль ва унинг қизи “Новичок” гази билан заҳарланиб, касалхонага тушишган, аммо омон қолишган эди. Скрипаллар заҳарланганидан сўнг бир неча ой ўтиб, британиялик бир аёл, афтидан, тасодифан “Новичок” билан заҳарланиб, вафот этган.

Сергей Федотов, яъни Денис Сергеев ҳақида илк бор икки йил олдин Bellingсat гуруҳи суриштирувчилари маълум қилишган. Петров ва Бошировнинг ҳақиқий исмларини ҳам улар аниқлаган эди.

Кейинроқ Би-би-си Денис Сергеев генерал-майор унвонига эгалиги ва ГРУда хизмат қилишини ойдинлаштирган. Иддаога кўра, Сергеев Скрипалларни заҳарлашда гумон қилинаётган шахсларнинг хатти-ҳаракатларини бошқарган бўлиши мумкин.

У Британияга 2018 йил мартида, “Петров” ва “Боширов” билан бир кунда келган. Сергеев Солсберига бормаган, заҳарлаш вақтида Лондонда бўлган. Полиция бу уч россиялик шу қисқа сафар чоғида бир неча марта Лондонда учрашганини тасдиқловчи далиллар борлигини айтмоқда. Илгари бу ҳақда, Сергеевнинг телефони биллинг маълумотларига таяниб, Bellingсat ҳам ёзганди.

“Эндиликда биз уларнинг ГРУ билан алоқаси борлигини тасдиқловчи далилларга эгамиз”, дея билдирган Британия полицияси. Би-би-си хабарига кўра, Сергеевга нисбатан, илгари Чепига ва Мишкин билан бўлганидек, сиртдан қатор айбловлар эълон қилинган.

Шунингдек, Сергеев “Федотов” номи билан Болгарияда бир неча марта бўлгани ҳам маълум. Унинг сафарларидан бири болгар тадбиркори Емельян Гебрев “Новичок” билан заҳарланган вақтга тўғри келади. У, шунингдек, “Петров” ва “Боширов” билан бирга Чехияда ҳам бўлган – бу иккиси мазкур мамлакатда ўқ-дори омборларининг портлашига алоқадорликда айбланмоқда.

Британия полицияси вакили ГРУ ходимлари гуруҳининг Британиядан ташқарида содир этилган жиноятлардаги эҳтимолий иштироки ҳам ўрганилишини тасдиқлади.

Скрипалларнинг заҳарланиши ва ГРУ ходимларига қўйилган айбловлар Лондон ва Москва алоқаларининг жиддий инқирозга учрашига олиб келганди. Россия бу заҳарланишга алоқаси борлигини қатъиян рад этиб келади.

Байден БМТ Бош ассамблеясида: АҚШ дипломатияга таянган дунёқарашни илгари суради

Жо Байден БМТ Бош Ассамблеясида, Нью-Йорк, 2021 йил 21 сентябри

Яқин ўн йиллик дунёнинг келажагини белгилаб беради, деди АҚШ президенти Жо Байден 21 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеясидаги нутқида. Бу Байденнинг Қўшма Штатлар президенти ўлароқ БМТ Бош ассамблеясида сўзлаган илк нутқи бўлди.

АҚШ президентига кўра, унинг маъмурияти дипломатияга таянган дунёқарашни илгари суриш ниятида. Байден урғулашича, Вашингтон кўплаб мамлакатлар ҳамда Евроиттифоқ билан муҳим ҳамкорлик алоқаларини тиклаган. Президент Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳам муносабатлар қайтадан йўлга қўйилганини таъкидлаган.

АҚШ ҳарбий қудратини ишга солиши мумкин, аммо бу энг сўнгги чора бўлади. “Пандемияга қарши курашда қуролдан фойда йўқ”, деган Байден COVID-19 га қарши илмий ишланмалар аҳамияти ҳақида сўзларкан.

Оқ уй раҳбари иқлимга доир масалаларнинг муҳимлигини айтган ва АҚШнинг Иқлим бўйича Париж битимига қайтганини эслатган.

Президент ўз нутқида Кобул аэропортида ҳалок бўлган америкалик аскарларни ҳам ёдга олган. “Биз террорчи гуруҳларга қарши қандай курашишни биламиз”, деган у. Байденга кўра, хавфсизлик ҳарбий амалиётлар орқали эмас, балки одамлар турмушини яхшилаш билан таъминланиши керак.

Вашингтон “Катта еттилик” давлатлари билан ҳамкорликда миллионлаб одамга инсонпарварлик ёрдамларини етказиб беришга тайёр, дея қайд этган АҚШ президенти.

Араб-исроил можаросига тўхталаркан, Байден бу борада қўшдавлатчилик тарафдори эканини айтган. Унинг фикрича, Исроил Фаластин давлати билан тинч қўшничилик алоқаларини ўрнатиши лозим.

“Мен бу ерда 20 йил деганда илк бор АҚШ ҳеч бир жойда уруш олиб бормаётган пайтда нутқ сўзлаяпман. Энг яхши келажак қуришни бугуноқ бошлаш мумкин”, деган Байден.

Байден ва Оқ уйнинг нуқтаи назари ундан олдинги президент Дональд Трамп амал қилган “Америка ҳаммасидан муҳим” доктринасидан кескин фарқ қилади.

Навальний: “Биз рақибни тор-мор этгандик, лекин табло уларда – ўзлари истаган натижани ёзишди”

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний (архив сурати)

Мухолифатчи Алексей Навальнийнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Россияда ўтган сайлов якунларига бағишланган хабар пайдо бўлди.

Сиёсатчи “Ақлли овоз бериш” натижаларини “техник жиҳатдан” улкан ютуқ деб атаган ҳамда Москва ва Санкт-Петербургда бу лойиҳа “тантана қилган”ини айтган. Бироқ, унинг фикрича, умумий натижани ғалаба деб бўлмайди, чунки “ибтидоий усулда рақамларни бузиб кўрсатиб”, ғалабани ўғирлаганлар.

Навальний сайловни – “муттаҳамлар таблода натижаларни ўзи хоҳлагандек ўзгартирадиган” спорт матчига ўхшатган. Унга кўра, илгари бунақа “матч”ларда у ва тарафдорлари гоҳида дуранг ва аҳён-аҳёнда ғалабага эришган бўлсалар, бу гал “рақибларини тор-мор қилиб ташлашган”. Лекин “табло уларнинг қўлида” ва унда хоҳлаган рақамларини ёзишган.

Навальний наздида, ўтган сайловнинг энг катта натижаси бу “улар барибир кўп овоз олишади” деган ҳадик йўқолганидир.

Мухолифат ва кузатувчилар Москвада электрон овоз бериш натижалари сохталаштирилган, деб ҳисобламоқда. Офлайн овоз бериш якунларига кўра Москвадаги 15 та округдан аксариятида “Ақлли овоз бериш” лойиҳаси таклиф этган номзодлар пешқадамлик қилишаётганди. Бироқ интернет орқали овоз бериш натижалари пайдо бўлгач, 15 та округнинг барчасида ғолиблар ўзгарган.

Мустақил кузатувчилар ва мухолифат электрон овоз бериш натижаларини эълон қилиш бир неча марта кечиктирилганидан шубҳаланмоқда. Бу натижалар сайловдан сўнг ярим кун ўтиб очиқланган.

20 сентябрь куни Москвадаги Пушкин майдонида ўтган сайловдаги сохтакорликларга қарши норозилик акцияси бўлиб ўтган. Унда бир неча юз киши қатнашган.

АҚШ илк бор криптовалюта айирбошлаш платформасига қарши санкция киритди

Қўшма Штатлар криптовалюта айирбошлаш SUEX платформасига қарши санкция жорий қилди. Бу ҳақда 21 сентябрь куни АҚШ Молия вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик баёнотида криптобиржа Россиядаги филиаллари орқали киберҳужумлар чоғида ноқонуний тўловларни амалга оширишга имкон яратгани ҳақида айтилган. Бунинг учун камида саккиз турдаги “товламачи дастур” ишга солинган.

АҚШ расмийларига кўра, SUEX амалга оширгани маълумот бўлган транзакцияларнинг 40 фоиздан кўпроғи ноқонуний ташкилотлар билан боғлиқ бўлган. Бу каби криптобиржалар ноқонуний даромад олиш учун ноқонуний фаолиятга кўмаклашади, дея билдирган АҚШ Молия вазирлиги.

2018 йилда ташкил этилганидан бери SUEX юзлаб миллион доллар қийматга эга бўлган криптовалюталарни (асосан биткоинларда) ўтказган. 2020 йили товламачи ҳакерлар ва даркнет операторларига тўланган пуллар миқдори 400 миллионов доллардан ошиб кетган – 2019 йилдаги кўрсаткичга нисбатан тўрт баробар кўпдир.

SUEX криптовалюта брокери юридик жиҳатдан Чехияда рўйхатдан ўтган, бироқ у мамлакатда иш юритмайди. Биржа ўз фаолиятини Москва ва Санкт-Петербургдаги ҳамда Россиянинг бошқа айрим ҳудудлари ва Яқин Шарқдаги филиалларда олиб боради. SUEX бу филиалларда криптовалютадаги активларни нақд пул айлантириб бериши мумкинлигини иддао қилиб келади.

Бишкекда Ўзбекистон- Қирғизистон тадбиркор аёллар форуми бўлиб ўтмоқда

Бишкекда 21-23 сентябрь кунлари “Қирғизистон ва Ўзбекистон тадбиркор аёллар мулоқоти” бизнес-форуми бўлиб ўтади.

Қирғизистон парламенти матбуот хизматининг билдиришича, мазкур форум икки давлат тадбиркор аёлларига ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, алоқаларни ўрнатиш ва тажриба алмашиш имкониятини яратади.

Форум ишида Қирғизистон президентининг рафиқаси Айгул Жапарова ва Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева иштирок этади. Бундан ташқари Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистондан келган сиёсатчи аёллар форумда нутқ сўзлаши режалаштирилган.

Форумда халқаро ташкилотлар вакиллари тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар тақдимотини ўтказиши кутилмоқда.

2021 йилнинг ёзида устав капитали 50 миллион доллардан иборат бўлган Ўзбекистон-Қирғизистон фонди ташкил этилиши ва бу фонд капитали 200 миллион долларга етказилиши хабар қилинган эди.

Тожикистонликларга қирғиз фуқаролари уйларини талашда кўмак кўрсатган уч киши судланди

Чегарадаги тўқнашув пайтида вайрон бўлган уйлардан бири. Қирғизистон, Лайлак тумани.

Қирғизистоннинг Боткен вилоят Лайлак туман суди Қирғизистон - Тожикистон чегарасида 28 апрелдан 1 майгача давом этган отишма юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида уч нафар қирғизистонликни узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати - Азаттиқнинг 21 сентябрда хабар беришича, Лайлак туманида яшаган Акмалжон Исоев 15 йилга, Аюбжон ва Омонжон (фамилияси ҳозирча Азаттиққа маълум эмас) 8,5 йилга кесилди.

Улар чегарадаги отишмалар пайтида қишлоқлардан қочган қирғизистонликларнинг уйларини талашда Тожикистон фуқароларига кўмаклашганликда айбдор деб топилди.

15 сентябрда Боткен суди вилоят суди Тожикистоннинг икки фуқароси – Асқар Юнусов ва Абдурозиқ Қаххоровни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Асқар Юнусов ва Абдурозиқ Қаххоров апрель-май ойларида Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги отишма пайтида қўлга олинган.

Тожикистон-Қирғизистон чегарасида 28 апрелдан 1 майгача содир этилган қуролли тўқнашув пайтида қирғиз томонидан 36 киши, жумладан, 2 ёш бола ҳалок бўлган, 180 дан ортиқ киши яраланган. Жами 136 ҳовли-жой, бир нечта мактаб, болалар боғчаси ва бошқа ижтимоий объектларга ўт қўйилган.

Тожикистон томони эса тўқнашувда 19 киши ўлгани, 87 киши яраланганини билдирган. Мазкур ҳодисада томонлар бир-бирларини айблаган.

Қозоғистонда коронавируснинг “Эта” штамми аниқланди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистонда коронавируснинг “Эта” штамми (матбуотда “Нигерия штамми” деб ҳам аталади) аниқлангани тўғрисда соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой 21 сентябрь куни Facebook саҳифасида маълум қилди.

Унга кўра, июль-август ойларида коронавирус бўйича ўтказилган лабаратория тадқиқотларида ўрганиш учун олинган 96 та намунадан 57 таси Delta – “ҳинд штамми”, 24 таси Alpha - “британ” штамми, 10 таси “ухан коронавируси” ва 5 таси Eta - “нигер” штамми экани аниқланган.

“Эта” штамми тўғрисидаги илк маълумот 2020 йилнинг декабрида пайдо бўлган эди. Мазкур штамм билан касалланганлар биринчи марта Нигерия ва Британияда аниқланган.

Россия Давлат Думасига беш партия ўтгани эълон қилинди

Россия Марказий сайлов комиссияси аъзолари.

Россия Марказий комиссияси 21 сентябрь куни Думага ўтган сайловларда берилган овозлар юз фоиз санаб бўлинганини маълум қилди.

Дастлабки натижаларга қараганда, “Ягона Россия” 49,8 фоиз, Коммунистлар партияси 19 фоиз, ЛДПР 7,5 фоиздан кўпроқ, “Адолатли Россия” 7,5 фоизга яқин овоз олди. Думага 2003 йилдан бери илк маротаба яна бир партия – “Янги одамлар” ҳам кирди.

Бир мандатли округларнинг 198тасида “Ягона Россия” номзодлари ғалаба қилди. Бу билан мазкур партия Думадаги кўпчиликни сақлаб қолди ва 300 мандатга эга бўлиши кутилмоқда.

Сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг 52 фоизи қатнашди. Сайловнинг якуний натижаси 24 сентябрда эълон қилинади.

Мухолифат 17 сентябрда бошланиб уч кун давом этган сайловда жуда кўп қонунбузарлик ҳолатлари кузатилганини айтмоқда. Мухолифат тарафдорлари 21 сентябрь куни Москвада сайловдаги қонунбузарликлардан норози бўлиб, намойиш ўтказди.

Европа суди Литвиненко ўлимига Россия жавобгар экани тўғрисида қарор чиқарди

Александр Литвиненко, Лондон, 2004 йил.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россия Федерал хавфсизлик хизмати - ФХХнинг собиқ зобити Александр Литвиненко ўлими учун масъулият Россия зиммасида экани тўғрисида қарор чиқарди. Литвиненко 2006 йилда Лондонда заҳарланган эди. Унинг чойига "полониум 210" деган камёб радиоактив модда қўшилгани аниқланган. Президент Путин танқидчиси бўлган 43 ёшли Литвиненко заҳарланганидан сўнг касалхонада бир неча кундан сўнг вафот этган.

2016 йилда Литвиненко ўлими юзасидан ниҳоясига етган тергов президент Путин уни ўлдириш учун кўрсатма берган бўлиши эҳтимол, деган хулосани эълон қилган.

Литвиненкони ўлдиришда ФХХнинг собиқ ходимлари, айни пайтда Дума депутати Андрей Луговой ва Дмитрий Ковтун гумонланмоқда.

Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди 21 сентябрдаги қарорида “жиноятни Луговой билан Ковтун амалга оширгани деярли аниқ”, улар “Россия агентлари сифатида фаолият юритган”, деб таъкидлади.

Суд Россия ҳукумати мазкур айбловни инкор этувчи далилларни тақдим эта олмаганини ҳам билдирди. Россия ҳукумати, Луговой ва Ковтун қотилликка алоқадор эмаслигини айтиб келади.

Литвиненко 1999 йилда Россия махсус хизмати олигарх Борис Березовскийни жисмонан йўқ қилишни режалаштираётганини жамоатчиликка ошкор қилган ва шундан сўнг мамлакатдан қочиб кетган эди.

Миллий қаршилик жабҳаси: Аҳмад Масъуд Афғонистонда, хавфсиз бир жойда

Аҳмад Масъуд

Миллий қаршилик кучлари етакчиси Аҳмад Масъуд айни пайтда Афғонистоннинг ўзида ва хавфсиз жойда. Бу ҳақда Афғонистон миллий қаршилик жабҳаси вакили Али Майсам Назарий Би-би-сининг форс хизматига маълум қилган. Аммо у исёнчилар раҳбари айнан қаердалигини очиқламаган.

Аҳмад Масъуд бир неча кундан бери оммага кўриниш бермаяпти. Толибоннинг Панжширга кенг кўламли ҳужумидан сўнг бир нечта аудиохабар эълон қилинган эди. Назарийга кўра, МҚЖ етакчисининг макони хавфсизлик нуқтаи назаридан сир тутилмоқда.

Хавфсизлик чоралари қаршилик кучлари матбуот котиби Фаҳим Даштий ўлдирилганидан сўнг қабул қилинган: айтилишича, унинг мобил телефони сигнали тутилиб, олинган координатларга ракета орқали зарба берилган.

Назарий Би-би-сига интервьюсида Панжшир вилоятининг аксари ҳудудлари ҳануз исёнчилар назоратида эканини ҳам билдирган. 6 сентябрь куни толиблар Панжшир ишғол этилганини эълон қилишган эди. Бироқ, Али Майсам Назарийнинг айтишича, Толибон фақат умумий йўлни назорат қилмоқда, қолган ҳудудлар эса Аҳмад Масъуд кучлари назорати остида.

Панжшир Афғонистоннинг толибларга қаршилик кўрсатишда давом этаётган ягона вилоятидир. Сўнгги ҳафталарда вилоятда вазият ёмонлашаётганидан хавотирлар кучайган. 17 сентябрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ШҲТ саммитида Панжшир қамалда қолгани ва толиблар маҳаллий аҳолини инсонпарварлик ёрдамидан тўсиб қўйганини айтган.

Бундан ташқари, Миллий қаршилик жабҳасининг маълум қилишича, толиблар тинч аҳолини ҳибсга олиб, Капис вилоятидаги қамоқхонага жўнатишмоқда. МҚЖ раҳбарларидан бири бўлмиш Муҳаммадсолиҳ Регистоний толиблар уйма-уй юриб, панжирликларни қийноққа солаётганини айтган. У халқаро ҳамжамиятни Толибоннинг хатти-ҳаракатларини қоралашга чақирган.

Аввалроқ толиблар Панжшир ҳудудини минадан тозалашда тинч аҳолидан фойдаланаётгани ҳақида маълум қилинганди.

Толибон ҳаракати ҳали ушбу айбловларга муносабат билдирганича йўқ.

Россия: Москвада бир неча юз киши сайлов натижалари сохталаштирилишига қарши акция ўтказди

Москвадаги Пушкин майдони, 2021 йил 20 сентябри

Москвадаги Пушкин майдонида Давлат думасига сайлов натижалари сохталаштирилишига қарши норозилик акцияси бўлиб ўтди, унда бир неча юз киши иштирок этди.

Пойтахтдаги электрон овоз бериш натижаларини тан олмаган коммунистлар партияси (КПРФ) акция ўтказиш учун рухсат олишга уринган, аммо шаҳар маъмурияти рад этган. Шунга қарамай, коммунистлардан Давлат думаси депутатлигига бир неча номзод, хусусан Валерий Рашкин норозилик чиқишида иштирок этган. Улар пойтахтдаги овоз бериш натижаларини бекор қилишни талаб қилганлар.

Навальнийнинг “Ақлли овоз бериш” лойиҳаси орқали дастакланган депутатликка номзод Михаил Лобанов ҳам овоз бериш натижаларини “муҳокама қилиш” учун одамларни Пушкин майдонига чорлаган. Сайлов участкаларида ташланган варақалар саналганида у “Ягона Россия” (“Единая Россия”) вакили бўлмиш рақиби, телебошловчи Евгений Поповдан 10 минг овозга олдинда эди, аммо электрон овоз бериш натижалари чиққанидан сўнг МСК Попов 20 минг овоз фарқ билан ғолиб чиққанини эълон қилган.

Лобанов “жонли” участкалар ва онлайн овоз бериш натижалари орасидаги бунақа улкан тафовут ҳақиқат бўла олмайди”, дея урғулаган ва сайловчилар ҳамда айни вазиятга тушган бошқа номзодларни ўз ҳақларини талаб қилишга чақирган.

Кузатувчилар Давлат думасига ўтказилган уч кунлик сайловда кўплаб қонунбузарликлар бўлганини айтишмоқда. Россия ҳукумати “хорижий агент” деб топган “Голос” ҳаракати харитасида 4 мингдан зиёд қонунбузарлик ҳолатларига оид хабарлар эълон қилинган.

МСК расман фақат ўн иккита ҳолатда ортиқча сайлов варақалари ташланганини тан олган. ИИВ эса сайлов натижаларига таъсир этадиган жиддий қонунбузарликлар юз бермаганини иддао қилмоқда.

Кузатувчилар ва мухолифат Санкт-Петербургдаги сайлов якунларидан ва Москвадаги қарийб икки минг киши иштирок этган онлайн овоз бериш натижаларидан айниқса норози бўлган. МСК онлайн овоз бериш натижаларини 12 соатдан ортиқ вақт мобайнида сабабсиз эълон қилмаган, эълон қилганидан сўнг эса “Ақлли овоз бериш” дастури орқали дастакланган номзодларнинг қўли баланд келиб турган қарийб барча участкаларда кутилмаганда уларнинг рақиблари – “Ягона Россия” вакиллари ғолиб чиққани маълум бўлган.

“Голос” ҳаракати раисдошига кўра, Москвада номзодларга берилган электрон овозлар сони ажратилган варақалардан 78 мингтага кўп чиққан. У овоз бериш жараёнини “шармандалик”, сайловни эса Россия тарихидаги “энг жирканч сайловлардан бири” деб атаган ва энг камида Москвадаги онлайн овоз бериш натижаларини бекор қилиш кераклигини айтган.

Таълим вазирлиги тожикистонлик талабаларнинг Қирғизистонга киритилишига рухсат берилиши устида ишлаётганини билдирди

Талабалар (иллюстратив сурат)

Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги мамлакат ОТМларида ўқиётган Тожикистон фуқаролари муаммосига оид масалага ўз муносабатини билдирди.

Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, вазирлик тожикистонлик талаба ва ўқитувчиларнинг Қирғизистонга кириши, чиқиши ва юришига имкон берувчи ҳукумат фармойиши лойиҳасини ишлаб чиққан.

Таълим вазирлиги қайдича, мазкур ҳужжат ҳозирда тегишли давлат идоралари билан мувофиқлаштириляпти, Тожикистон томони эса бу ҳақда олдиндан огоҳлантирилган.

Аввалроқ Озодликнинг тожик хизмати Қирғизистон олий таълим муассасаларида ўқийдиган 100 дан зиёд талаба Бишкекка кириш учун рухсат ололмагани ҳақида хабар қилган. Бу борада изоҳ берган Тожикистон расмийлари талабаларни мамлакатга қўйиш илтимоси билан Қирғизистон раҳбариятига бир неча бор мурожаат қилишганини билдиришган.

Қирғизистон Таълим вазирлиги маълумотига кўра, 2020/2021 ўқув йилида мамлакатда 1932 нафар тожикистонлик талаба ўқиган.

Қирғизистон шу йил 29 майидан Тожикистон билан чегарани бир томонлама ёпиб қўйган, бундай қарорга Бишкек қирғиз-тожик чегарасида қуролли можаро юз берганидан кейин бир ой ўтгач келган. Ўша тўқнашувда Қирғизистон томонидан 154 нафар киши жабрланган, икки ёш бола дохил 36 киши ҳалок бўлган. Тожикистон расмийлари можаро чоғида ўз фуқароларидан 19 киши нобуд бўлгани ва 87 киши яраланганини эълон қилган.

АҚШ, ЕИ ва Британия Қрим ҳудудида ўтказилган Дума сайловини тан олгани йўқ

Россия президенти Владимир Путин МСК раисаси билан сайлов натижаларини муҳокама қилмоқда, 2021 йил 20 сентябри

ЕИ мамлакатлари, АҚШ ва Буюк Британия аннексия қилинган Қрим ҳудудида ўтказилмиш Россия Давлат думасига сайлов якунларини ва овоз бериш жараёнини тан олмайди. Бу ҳақда ЕИ, Британия ва АҚШ ташқи ишлар идоралари баёнотларида айтилган ва халқаро ҳамжамият Қримни Украинанинг суверен ҳудуди деб ҳисоблаши урғуланган.

ЕИ ташқи ишлар маҳкамаси баёнотида, шунингдек, Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларидаги россияпараст айирмачилар назорат қилувчи ҳудудлар аҳолисининг сайловда иштирок этгани қораланган.

ЕИ, АҚШ ва Британия Давлат думасига сайловда кўпдан-кўп қонунбузарликлар содир бўлганига, шунингдек сайлов Россия ҳукуматининг фуқаролик жамияти ва журналистларга босими зўрайиб бораётгани манзарасида ўтказилганига эътибор қаратишган.

АҚШ Давлат департаменти баёнотида “хорижий агентлар”, экстремистик ва “исталмаган” ташкилотларга оид қонунлар Россия фуқароларининг ҳуқуқларини, жумладан сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини камситувчи қонунлар ўлароқ таърифланган. Шунингдек, Ғарб мамлакатлари Россия ҳукуматининг ЕХҲТдан кузатувчиларни таклиф этишдан бош тортганини қоралашган.

Умуман олганда, баёнотларда Давлат думасига сайловни тан олмаслик тўғрисида гап бормаган. Аввалроқ Европарламент ЕИни, агар сайлов адолатли ва шаффоф бўлмаса, уни тан олмасликка чақирган эди.

Қрим аннексия қилинганидан бери яриморол аҳолиси Россия сайловларида биринчи марта иштирок этаётгани йўқ. 2016 йилда ҳам Думага сайлов доирасида Қримда ўтказилган овоз бериш натижалари Ғарб томонидан тан олинмаган – амалда бу, чунончи, Қримдан Думага сайланган депутатлар Россиянинг халқаро парламент ассамблеяларидаги делегацияларига кира олмаслигини билдиради.

МСК маълумотига кўра, қарийб барча сайлов варақалари санаб бўлинганидан сўнг Думага бешта партия ўтадиган бўлиб турибди, иқтидордаги “Ягона Россия” эса доимгидек конституцион кўпчиликни ташкил этади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG