Линклар

Шошилинч хабар
10 июл 2020, Тошкент вақти: 23:55

Хива музейи 100 ëшда. Талон-торождан омон қолган xазина


Хива манзараси.

Бундан 100 йил олдин - 1920 йилнинг 28 апрель куни Хивада Бутунхоразм халқ вакиллари 1-қурултойи қатнашчилари иштирокида эски хонлар қароргоҳи Кўҳна арк биносининг арзхонасида очилган музей Марказий Осиëдаги илк давлат музейи сифатида тарихга кирди.

Музей 1920 йилнинг 11 апрелида Хоразм муваққат ҳукумати қарорига асосан тузилди. “Хива халқининг ўтмиши ва ҳозирги пайтдаги маданиятига оид барча буюмларни, шунингдек, хонлик зулмининг жазо қуролларини халққа кўрсатиш ва келгуси авлодлар учун сақлаб қолишни назарда тутиб, халқ музейи ташкил этилсин” - дейилади қарорда.

Музейнинг ичи
Музейнинг ичи

Музейнинг илк кунларида бошлиқ ва қоровулдан иборат икки ходим ишлаган.

Хива Ичан қалъа музейи бош илмий котиби¸ тарих фанлари номзоди Комилжон Худойбергановнинг 28 апрель куни Озодликка айтишича¸ бугун 100 йиллигини нишонлаëтган музейда ҳозирда 300 дан зиëд ходим ишлайди ва бу масканга дунëнинг етакчи олимлари келиб¸ ўз тадқиқотларини ўтказмоқда.

Хива Ичан қалъа музейи бош илмий котиби¸ Комилжон Худойберганов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:07 0:00
Бевосита линк


- 100 йиллик музейда ишлашнинг ўзига хос ғурур ва масъулияти бор. Тарихга дахлдор бўлиш ва шу тарих изларини асраб-авайлаш бошланганига 100 йил бўлибди. Буни катта байрам қилмоқчи эдик. Бу байрам Хиванинг туркий давлатлар маданий пойтахти бўлгани тантаналарига қўшиб тўйланиши керак эди. Хароб¸ шу коронавирус деган бало чиқиб¸ тўйимиз бошқа кунга қолди. Лекин ҳамма ходимларда байрам кайфияти бор¸ деди суҳбатдош.

Музей олдига қўйилган Ал-Хоразмий ҳайкали ҳозир кўчирилган.
Музей олдига қўйилган Ал-Хоразмий ҳайкали ҳозир кўчирилган.

Музей хазинасидан эскпонатлар қандай ғойиб бўлади?

Санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг айтишича¸ Хива музейининг 100 йиллик тарихи айни пайтда талон-торожлар тарихи ҳамдир. Санъатшуносга кўра¸ музейдаги осори-атиқалар 100 йил давомида бир неча хил йўл билан йўқ қилинган.

- Афсуски¸ нафақат Марказий Осиëдаб балки дунëдаги энг бой музейлардан бўлиши мумкин бўлган Хива Ичан-қалъа музей- қўриқхонаси фонди йиллар мобайнида ўзининг энг асл экспонатларидан айрилиб борган. Музей ўз дурдоналаридан камида уч хил йўл билан мосуво бўлган. Биринчи административ шаклда. Вазирлик қарорига асосан, Хива музейидаги экспонатлар бошқа музейларга бериб юборилган. 1941-1945 йилларда музей хазинасидаги олтин буюмлар лом шаклида эритилиб, мудофаа мақсадларига йўналтирилган. 1985 йилда эса СССР Маданият вазирлиги қарорига асосан музейдаги олтин ва рангли тошлар билан безатилган барча экспонатлар Москвадаги Oружейная палатага ўтказиб берилган. Иккинчидан, асарлар асл нусха ўрнига сохтасини алмаштириб қўйиш схемаси орқали фонддан гумдон қилинган. Яна бир йўли¸ музей ремонт қилинган пайтида қурувчилар тарафидан ўғирланган. Учинчиси эса¸ оддий ўғрилик. 1992 йили Хива музейидаги ноëб экспонатлар ўғирлаб кетилган эди¸ дейди суҳбатдош.

Хива - Тош ҳовли.
Хива - Тош ҳовли.

Хива Ичан-қалъа музейи бош муҳофизи Озод Каримов 1992 йилда музейда юз берган ўғриликнинг ҳануз очилмаганини айтади:

- Ҳозир ҳам ўшанда ўғирланган экспонатлар Интерпол қидирувида долзарб бўлиб турибди.

Жорий йилнинг 13 мартида Хивага ташриф буюрган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев “Хиванинг ҳар бир ғишти авайлаб сақланиши” керак¸ деган гапни айтган эди.

Мирзиëевнинг бу гапидан сал аввал Фарғона музейидан миллион долларлик асар ўғирлангани матбуотда шов-шув бўлган эди.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин мамлакат музейларида ўғрилик ва талон-тлрож эпидемия каби тарқалгани эсланади.

Хива Ичан-қалъа музейи бош илмий котиби Комилжон Худойбергановнинг 28 апрель куни Озодликка айтишича, мамлакатдаги бошқа музейлар билан солиштирганда Хива музейларидаги эскпонатларнинг сақланиши нисбатан яхши даражада:

- 1966 йилдан бошлаб Хива Ичан-қалъа музейида КП (книга поступлений музейных предметов-таҳр.) деган дафтар юритилади. Дафтар шнурланиб¸ муҳрланган. Ҳар бир экспонат шу дафтарга қайд қилинган. Яқинда ўтказилган инвентаризацияда барча экспонатларнинг жойида тургани аниқланди. Яъни Хиванинг ҳар бир ғишти жойида. Бизга бир марта ўғри тушди. 1992 йили келиб қоровулни оëқ-қўлини боғлаб¸ музейдаги қадимий ашëлар¸ эгар-жабдуқларни ўғирлаб кетишди.

Хива кўриниши
Хива кўриниши

Талон-торож қилинган "Нуриллабой саройи"

2016 йилда Хиванинг Дешон-қалъа мажмуидаги "Нуриллабой саройи"даги таъмир пайтида амалга оширилган талон-торож ва осори-атиқаларни ўғирлаш бўйича очилган жиноят иши юзасидан Хоразм вилоят суди қурилиш ширкати пудратчиларини айбли деб топган эди.

Хоразм вилоят прокуратурасидаги айни жиноятни тафтиш қилган терговчининг 28 апрель куни Озодликка айтишича¸ "Нуриллабой саройи"даги кенг кўламли ўғрилик юзасидан учта суд жараëни ўтказилган:

- Нуриллабойдаги осори-атиқаларнинг ўғирланиши юзасидан Хоразм вилояти прокуратураси учта жиноят иши қўзғатди. Суд бўлиб ўтди. Айбдорларга ҳукм ўқилди. Етказилган зарар айбдорлар тарафидан қопланди. Биласиз, "Нуриллабой саройи" Маданият вазирлиги¸ Ëдгорликларни сақлаш инспекцияси назоратидаги тарихий обидадир. Бундан бир неча йил аввал (2015 йилда-таҳр.) бу тарихий бинода таъмир бошланди. Таъмирлаш баҳонасида бебаҳо саройни талон-торож қилишгани ҳақида сигнал тушди. Бу бинони таъмир қилиш учун тўрт йил мобайнида ишлаган тўртта пудратчи ташкилот таъмир учун ажратилган давлат маблағларини ўзлаштирганлик ва осори-атиқаларни ўмарганликда айбланиб жазога тортилди. Бизга маълум бўлишича¸сарой ичидаги қадимий кошинли камин¸ қадимий паркет ва энг муҳими Нурмат уста¸ Рўзмат ва Бобожон усталар ясаган қадимий эшик ҳам ўмарилган.

"Нуриллабой саройи"
"Нуриллабой саройи"

Хоразм вилоят прокуратурасидаги айни жиноятни тафтиш қилган терговчининг айтишича¸ “ўғирланган қадимий эшик масаласи” 2016 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган суд мажлисида кўрилган:

- Айбдор эшикни ўғирлаганини бўйнига олди, аммо эшик сотилиб кетгани боис, изини топишнинг иложи бўлмади. Суд сарой эшигини 229 миллион сўм деб белгилади ва айбдор бу пулни давлатга тўлади.

Нуриллабойнинг Ленини қани?

Таъмир баҳонасида талон-торож қилинган "Нуриллабой саройи" олдига 1924 йилда Хоразм Халқ республикаси тарафидан ўрнатилган Ленин ҳайкали 1991 йили олиб ташланган эди.

СССР халқ рассоми Сергей Меркуров (1881 -1952) яхлит қизил гранитга ўйиб ишлаган Ленин ҳайкали Ўзбекистон Маданият вазирлигининг давлат муҳофазасида бўлган экспонатлари рўйхатида қолмоқда.

Озодлик суриштируви асносида "Нуриллабой саройи" олдига ўрнатилган гранит ҳайкал кўргазмалар дирекцияси омборида ҳам, Хива Ичан-Қалъа музей қўриқхонаси заҳирасида ҳам йўқлиги маълум бўлди.

Хивалик ҳуқуқ ҳимоячиси Ҳайитбой Ëқубовнинг айтишича¸ Ленин ҳайкалини 1991 йили маҳаллий тадбиркорлардан бири (тадбиркорнинг исм-фамилияси Озодликка маълум) ўз ҳовлисига олиб кетган:

- Ўша тадбиркорнинг уйида турибди бу ҳайкал. Лекин у оламдан ўтди яқинда. Бу ҳайкални сотишга кўп уринишлар бўлди. Лекин нимадир бўлиб¸ сотилмай қолди.

Совет монументал ҳайкалтарошлигининг таниқли вакили бўлган Меркуров асарлари жаҳон бозорида катта қийматга эга.

"Нуриллабой саройи" ҳақида

Туризм ширкатлари чиқарган йўлномаларга кўра, "Нуриллабой саройи" қурилиши 1906 йилда Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II тарафидан бошланиб, 1912 йилда тугалланган.

Бино таниқли ғишт ўрувчи уста Қурëз Бобожон ва Худойберган ҳожи тарафидан қурилган. Бинонинг мовий сопол кошинлари эса Ота Ших ва шогирдлари тарафидан амалга оширилган.

Сарой ичидаги паркет ва француз услубидаги кошинли каминлар ўша пайтда Хива хонлигига сургун қилинган меннонит оқимидаги немис усталари тарафдан барпо қилинган. Сарой ичидаги овал залда 1918 йили Хиванинг сўнгги хонларидан бири Исфандиëрхон қатл қилинган эди.

Хивада музей ташкил қилиш Ферузхон орзуси бўлган

Хива Ичан-қалъа музейи бош илмий котиби Комилжон Худойбергановнинг Озодликка айтишича¸ Хоразмда ХIХ асрнинг охирида музей ташкил қилиш учун ҳаракат бошланган:

- Хива хонлигида осори-атиқаларни йиғиш ва ажойибхона ташкил қилишга ХIХ аср охирида Феруз тахаллуси билан машҳур бўлган Муҳаммад Раҳимхон II даврида киришилди. 1898 йил 12 апрелда Муҳаммад Раҳимхон II Кўҳна Урганч, Хўжайли ва Қўнғирот ҳокимларига: “Қадимдан қолғон ёдгор нимарсаларни йўқ қилдирмасунлар, ҳар тариқа кўҳна жой ва қалъа ва иморатлар бўлса, не тариқа бино бўлғонларини ва кўҳна тилла ва танга ва фуллар бўлса борлаб топиб мунда юборсун”, деб буйруқ беради. Лекин тўпланган буюмлар Россияга юборилиши натижасида Хиванинг ўзида музей очилиши орқага сурилиб, 1920 йилдагина амалга оширилди.

Хива тарихига оид фильмдан парча
Хива тарихига оид фильмдан парча

Хива хонлигига оид юзлаб осори-атиқа¸ хусусан, хоннинг кумуш тахти Москва Кремлидаги қурол-яроғ музейида сақланади.

Ўзбекистон ССР Министрлар кенгашининг 1969 йил 29 июль 343-сонли қарорига мувофиқ, Хива Давлат тарихий меъморчилик Ичан-қалъа музей-қўриқхонаси ташкил қилинди.

1990 йил 12 декабрда Хива шаҳрининг Ичан-қалъа қисми ЮНЕСКОнинг Маданий мерос қўмитаси қарори билан жаҳон маданий мерослари рўйхатига киритилди.

1997 йилда эса бу қадимий шаҳарнинг 2500 йиллик юбилейи нишонланди.

Хива шаҳри
Хива шаҳри

XS
SM
MD
LG