Линклар

Шошилинч хабар
22 июн 2021, Тошкент вақти: 03:47

Хивадаги обиданинг вайрон қилиниши юзасидан жиноят иши очилди


Бузиб ташланган Тош ҳовли

Хоразм вилоят прокуратураси 14 декабрь куни ЮНEСКО ҳимоясидаги тарихий обида - Хива "Ичан-Қалъа" музей-қўриқхонасидаги Тош ҳовли саройининг қадимий девори қонунга хилоф равишда олиб борилаётган таъмирлаш-тиклаш ишлари оқибатида бузилгани юзасидан куни жиноят иши очди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти вакили Озодликка маълум қилди.

Департамент вакилига кўра¸ “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонаси Илмий-эксперт кенгаши хулосасини олмасдан ва ЮНEСКО ташкилоти билан келишмаган ҳолда, тасдиқланган лойиҳасиз ноқонуний таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борган.

11 декабрь куни жиноят иши очиш бўйича ҳужжатлар илова қилинган сўровни Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти прокуратурага йўллаган эди.

Қадимий обида мавжуд қонунларга зид тарзда “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонаси буюртмасига биноан, “Сургут нефть строй” пудратчи хусусий корхонаси томонидан жорий йилнинг 8 декабрь куни бузиб ташланган.

Таъмирлаш-тиклаш ишлари саҳнида бўлган Озодлик мухбири Тош ҳовли саройининг шарқий томонидаги девор тепаси вайронага айланганига гувоҳ бўлди.

Мухбиримиз саройни бузган “Сургут нефть строй” пудратчи хусусий корхонаси вакили билан ҳам учрашди. Реставрация қилиш ишларига малака ва махсус рухсати бўлмаган бу корхона вакили “Ичан-қалъа” музей- қўриқхонаси билан тузилган шартнома асосида ишлаëтганини билдирди.

"Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонаси маҳаллий матбуотга “девор оғиб турувди¸ бировнинг бошига тушмаслиги учун буздик” дея маълумот берди.

Деворни сақлаб қолиш мумкин эди

Хива шаҳрининг 2500 йиллиги юбилейини ўтказиш муносабати билан 1997 йилда таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб борган «Хоразм махсус илмий таъмирлаш ишлаб чиқариш» устахонаси мутахаcсиси¸ устазодалар сулоласиниг бешинчи авлод вакили, 56 яшар реставратор Абдулла Маткаримов Озодлик билан суҳбатда бинони бузмасдан, сақлаб қолиш мумкинлигини айтди.

“Девор 20 см оғди¸ устига болор минмагани учун йиқилиши мумкин эди, деган ноилмий гапларни айтишмоқда. Реставраторлар, одатда оғган бинони трослар ëрдамида тортиб, тўғирлайди. 25 йил олдин айнан шундай қилиб тўғрилаганмиз бу деворни. Албатта, бундай қилиб тўғрилаш жиддий малака ва уқувни талаб қилади. Булар эса, бузиб, қайтадан қуриш каби осон, аммо обида қийматини йўққа чиқарадиган йўлдан боришди", - дейди реставратор.

Суҳбатдошга кўра¸ Хива “реставрация соҳасидан бехабар¸ фақат тез пул ишлаш пайида бўлган ремонт бригадалари тарафидан вайрон қилинмоқда”.

“Қадимий ëғоч устунларни болгарка билан чархлаб, ялтиратиб, устидаги нақш ва исломий ëзувларни йўқ қилишди. Хива меъморчилигида замонавий цемент ишлатилмаган. Оқ ҳажжа ва қора ҳажжа деган махсус қоришма ишлатилган. Таъмирда ҳам шу қоришма зарур. Аммо иш тез битишини истаган ремонтчилар замонавий қурилиш материаллари, хусусан, портланд цемент ишлатишмоқда.”

Айни вақтда “Ичан-Қалъа” музей-қўриқхонаси ва Маданий мерос ташкилотининг бино бузилиши ҳақида икки хил фикри мавжуд. Қўриқхонага кўра¸ “бино қуламаслиги учун бузилган” ¸ Маданий мерос ташкилотига кўра эса¸ "бино нопрофессионал таъмир оқибатида қулаган".

Озодлик мухбири билан гаплашган маҳаллий усталар обида “таъмир ҳажмини кўпайтириб кўрсатиб, кўп пул ишлаш мақсадида атайлаб йиқитилганини айтишди.

Хивадаги қадимий саройнинг бузиб ташланган вайроналарини Бош вазир ўринбосари, ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия раиси Азиз Абдуҳакимов ҳам бориб, ўз кўзи билан кўрди.

Ўзбекистон президентнинг Хоразмга ташрифи доирасида вилоятга борган Абдуҳакимов маҳаллий матбуотга “биз буни шундай қолдирмаймиз¸ айбдорларга чора кўрилади”, дея баёнот берди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги ахборот хизмати вакилининг Озодликка билдиришича, шу кунларда Хивадаги Тош ҳовли саройида қонунга хилоф равишда олиб борилаётган таъмирлаш-тиклаш ишлари тўхтатилган.

Хива
Хива

Оллоқулихон¸ Қаландар Хивақий ва Абдулла Жин ижоди

“Тош ҳовли” саройи Хиванинг шарқий тарафида 1830 йилдан 1838 йилгача бўлган даврда Оллоқулихон тарафидан бунëд қилинган.

Мажмуа ҳарам¸ элчилар қабул қилинадиган меҳмонхона¸ ватандошлар шикояти эшитиладиган арзхона ва суд залидан ташкил топган. Бино қурилиши ҳақида ëзган Мунис Хоразмийга кўра, мажмуани уста Қаландар Хивақий 8 йил қурган. Хоразм зангори керамикасининг шоҳ асари ҳисобланган мойолика лавҳаларини Абдулла Жин исмли буюк наққош уста яратгани ҳақида Мунис асарида эсланади.

Хива
Хива

Сарой 1968 йилда давлат муҳофазасига олинган. Маданият вазирлигининг Маданий мерос департаменти маълумотига кўра, Тош ҳовли саройи 1997 йилда, Хива шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан қисман таъмирланган. Таъмирни «Хоразм махсус илмий таъмирлаш ишлаб чиқариш» устахонаси олиб борган.

Тавсия этилади

XS
SM
MD
LG