Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:09

Қозоғистон ғарбидаги нефть конида чиққан жанжал сабаб юзлаб хорижий ишчилар эвакуация қилинди


Тенгиз конидаги ишчилар ўртасида жанжал. (Фотосурат видеодан олинган)
Тенгиз конидаги ишчилар ўртасида жанжал. (Фотосурат видеодан олинган)

Қозоғистон ғарбидаги энг йирик нефть ва газ конида хорижий ва маҳаллий ходимлар ўртасида жанжал чиқиши ортидан юзлаб иорданиялик ва ливанлик ишчилар эвакуация қилинди. Жанжалда 30дан зиёд одам турли даражада жароҳат олган.

"Худога шукр, уларнинг ҳаммаси соғ-омон. Улар хавфсиз меҳмонхонада. У ердаги расмийлар барча чоралар кўрилганига бизни ишонтиришди ва вазият изига тушди," деб ёзди Иордания ташқи ишлар вазири Айман Сафади ўзининг твиттер саҳифасида 30 июнь куни.

Иордания Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, Тенгиз нефть конида 107 нафар иорданиялик ишчидан 5 нафари “енгил жароҳат” олган.

Иорданиянинг Қозоғистондаги элчиси Юсуф Абдулғаний юзларидан жароҳат олган ишчилар билан Атирау шаҳридаги меҳмонхонада суратга тушди.

Ливаннинг Қозоғистондаги элчиси Гискард ал-Хурийга кўра, нефть конидан 150 нафарга яқин ливанлик ишчи эвакуация қилинган ва полиция ҳимоясига олинган.

Ишчилар Ливанга қайтарилиши мумкин”, деб айтган у ливанлик журналистлар билан суҳбатда.

29 июнь куни ижтимоий медиа тармоқларида Тенгиз нефть конида ишчиларнинг ўз ҳамкасбларини тепкилаётгани ва дўппослаётгани тасвирланган видео ва фотосуратлар тарқалди.

Баъзи видеоларда ишчиларнинг афтидан хорижий ишчиларни бошига стул билан ураётгани, қонга беланиб ётган ишчиларни тепкилаётганини кўриш мумкин.

Ишчилардан бирининг Озодликка айтишича, жанжал хорижий ишчиларнинг ижтимоий тармоқларга маҳаллий ишчилар томонидан ҳақоратли дея баҳоланган фото ва видео суратларни қўйгани ортидан бошланган.

Ал-Хурий ливанлик ишчининг қозоқ ҳамкасби билан тушган сурати маҳаллий ишчилар ғазабини қўзғатиб юборганини тасдиқлади.

Тенгиз нефть конида меҳнат шароитларининг маҳаллий ва хорижий ишчиларга турли даражада экани ҳам зиддиятларни кучайтириб юборгани айтилади.

Тенгиз конидаги ишчиларнинг Озодликка айтишича, трейнинглар харажати уларнинг маошларидан босиб қолинган ва ишга 15 минут кеч қолганлар ҳам ишдан бўшатилган.

Улар иш берувчилардан қозоқ аёлларини хорижий ишчилар хизмат кўрсатувчи ошхоналарга ишга олмасликни ҳам талаб қилганлар.

Тенгиз нефть ва газ конида хорижий ва маҳаллий ишчилар ўртасида охирги 20 йил ичида иккинчи бор оммавий жанжал юз бермоқда.

2006 йилда қозоқ ва турк ишчилари ўртасида муштлашув келиб чиққанди.

Атирау вилояти ҳокимлиги матбуот хизматига кўра, турли даражада жароҳат олган 30 дан кўпроқ одамга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги ҳодиса юзасидан тергов иши очганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG