Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 21:59

"Мен сиздан янгироқман". Мирзиёев ва бошқа президентларнинг янги "истон"лари ҳақиқатан янгими ?


Чўлпонотадаги Марказий Осиё раҳбарлари саммити. Июнь, 2023 йил.
Чўлпонотадаги Марказий Осиё раҳбарлари саммити. Июнь, 2023 йил.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қозоғистон ва Ўзбекистондаги ҳамкасбларига қўшилди – “Янги Қирғизистонни қуриш йўли” номли янги китоб ёзди. Аммо Марказий Осиёдаги режимлар чиндан ўзгаряптими?

Янги Ўзбекистон, Янги Қозоғистон, Янги... Қирғизистон?

Марказий Осиёда раҳбарлар тарихдаги янги саҳифалар, янги боблар ва ҳатто янги мамлакатлар ҳақида гапирмоқда.

Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан беш йил ўтиб, унинг 2021 йилги сайловолди кампанияси шиори “Янги Ўзбекистон” деб белгиланган эди.

Бир неча ой ўтгач, қўшни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга ҳам бу юқди.

“Янги Ўзбекистон” - эски авторитар тизим. Марказий Осиё яккаҳокимлиги сиртмоғидан чиқа олмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:39 0:00

У “Янги Қозоғистон”ни президентликка сайланганидан тахминан уч йил ўтиб, республикада юз берган қонли январь воқеаларидан, Нурсултон Назарбоевни сиёсий майдондан четга чиқарганидан сўнг эълон қилди.

Навбат Қирғизистон раҳбари Садир Жапаровга келди.

Шу ой бошида Қирғизистон матбуоти президентнинг “Янги Қирғизистонни қуриш йўли” номли янги китоби нашр этилгани ҳақида хабар берди, унда Жапаров қашшоқ мамлакатни ривожлантириш бўйича ўз фикрларини ёзган.

«Янги» деб аталаётганлар қанчалик янги?

Шимолий Кипр Яқин Шарқ университетининг халқаро муносабатлар ва сиёсатшунослик кафедраси доценти Ассел Тутумлу Марказий Осиёдаги беш собиқ Совет республикасининг стратегиялари ҳайратланарли даражада ўхшаш эканини таъкидлайди.

"Марказий Осиё давлатлари ўз режимлари барқарорлигини таъминлашга фаол ҳаракат қилмоқда" ва "иқтисодий фойданинг катта қисми жуда кичик жойга тўпланадиган сиёсий иқтисод тизимини" сақлаб қолишмоқда, дейди Тутумлу Majlis Podcast’нинг сўнгги сонида.

“Шу билан бирга, аҳоли ўзгариб бораётганини кўряпмиз. Мен учун бу Марказий Осиёда янгилик”, дея қўшимча қилади Тутумлу.

"Янги Қирғизистон" томон узоқ юриш

Қирғизистон минтақада энг кўп раҳбарият ўзгарган давлат эканини инобатга олсак (бу ерда олтита президент алмашган, улардан учтаси ҳокимиятдан четлаштирилган), Жапаров Мирзиёев ва Тоқаевдан фарқли ўлароқ, қирғизлар аллақачон янги мамлакатда яшаётганини таъкидлаётгани йўқ.

Аксинча, “янги Қирғизистонни қуриш учун камида 20-30 йил керак бўлади”, деб ёзган Жапаров.

Бу Жапаровга тегишли иккинчи китоб бўлиб, 40 000 дан ортиқ нусхада чоп этилди.

2015 йилда нашр этилган биринчи китобида Жапаров ҳали мухолифатда ва қамоқда бўлганида ҳам ўзининг сиёсий рақиблари, асосан, ўша пайтдаги мамлакат президенти Алмазбек Атамбаевни кескин танқид қилган эди.

Янги китоб қашшоқлик, адолат ва яшил иқтисодиёт каби муҳим тушунчалар ҳақида бош қотирувчи давлат арбоби ишига кўпроқ ўхшайди. Ваҳоланки, Жапаровнинг Қирғизистоннинг бу соҳалардаги муваффақиятлари ҳақидаги тушунчалари жуда ноаниқ.

Бир нарса аниқ: президент Жапаров мухолифат етакчиси бўлган Жапаровни қамоқдан чиқариб, 2020 йилда президентликка олиб келган қирғизларнинг кўча намойишларига ҳозир хайрихоҳ эмас.

Китобда у демократия “оддий фуқароларнинг ҳам, халқнинг ҳам, ҳокимиятнинг ҳам қонун устуворлигига риоя қилишига” боғлиқлигини таъкидлайди.

"Демократиянинг анархияга айланишига йўл қўймаслик керак!" деб огоҳлантиради у.

Жапаров Қирғизистонни қайсидир даражада ўзгартирганини кам одам инкор қилади.

Референдумда қабул қилинган 2021 йилги конституция унинг ваколатини мустаҳкамлади ва амалдаги президентларнинг иккинчи муддатга сайланишини тақиқловчи банд бекор қилинди.

Бироқ, у кўп жиҳатдан сиёсий тизимни 2010 йил инқилобидан олдинги президент Қурманбек Бакиевнинг авторитар маъмуриятига қайтарди.

Жапаров ҳали кўп ишлар қилиниши кераклигини тан олиб, ўз китобида полиция ислоҳотини мисол келтирди.

"Мирзиёевлар Амирлиги": Тармоқни титратган Озодлик суриштируви
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:57 0:00

“Дангал айтайлик – кўп ҳолларда оддий фуқаролар ҳуқуқ-тартибот идораларидан муносиб ҳимоя ололмайди”, деб ёзади у. Аксинча, улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг айрим вакиллари қурбонига айланади.

Аммо Қирғизистон давлат раҳбари муаммонинг ечимими ёки унинг бир қисми?

Жапаров санаган Қирғизистонни янгиланиш йўлига солган ютуқлар қаторида «Қумтор» олтин конининг давлат тасарруфига ўтказилиши ҳам бор.

Бироқ ўшандан бери, илгари президентнинг иттифоқчилари бўлган камида икки таниқли шахс конга алоқадор коррупцион схемалар билан боғлиқ ҳолда ишдан олинди ёки қамалди.

Бундан ташқари, аввалги президентлар ҳимоясидан баҳраманд бўлган, наркобарондан тортиб, собиқ божхоначиларгача бўлган шахслар жазосиз қолаётгани, президент танқидчилари эса босимга дучор бўлиб, қамалаётганини кўрсатадиган далиллар ҳам оз эмас.

"Мен сиздан янгироқман"

Марказий Осиёнинг қолган икки давлати – Тожикистон ва Туркманистоннинг «янги» версияларини кутаётганлар жуда узоқ кутиши мумкин.

Сабаби жуда оддий.

Фахрий раҳбарлар, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов от устида, гарчи иккинчиси ўз ўғли Сардорга давлат раҳбари лавозимини топширган бўлса ҳам.

Лекин Марказий Осиёнинг аҳолиси ва иқтисодиёти бўйича икки йирик давлати Қозоғистон ва Ўзбекистонда янги ҳукмдорлар бор айбни ўтмишга тўнкаб, ўзларини салафларидан узоқлаштиришга уринмоқда.

Бу эҳтиёж фақат ўзгаришларга бўлган эҳтиёж ўткирлашиши билан кучаяди.

Ёз бошида гапирган Тоқаев Қозоғистонни “кенг минтақамизда қисқа вақт ичида сиёсий тизимда бундай жиддий ўзгаришларни амалга оширган ягона давлат” деб атади.

“Биз асосий ҳокимият институтларининг сифат жиҳатидан бошқача конфигурациясини шакллантирдик, фуқароларнинг қарорлар қабул қилишдаги иштирокини сезиларли даражада кенгайтирдик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини ҳар томонлама мустаҳкамладик”, деди Тоқаев амалдаги тизимни “янада адолатли, очиқ ва рақобатбардош” деб тавсифлаб.

Қозоғистонда кўпчилик унинг гапларига шубҳа қилади.

Бу йилги парламент сайловларида мухолифат номзодлари иштирок этган бўлса ҳам, уларнинг ҳеч бири сайланмади.

Ўзбекистон янгилаш режаларига кўпроқ даъво қилиши мумкин, бу қисман Ўзбекистоннинг биринчи президенти, Мирзиёевнинг салафи Ислом Каримовнинг маъмурияти ўта авторитар бўлгани билан ҳам боғлиқ.

Колумбия университети тадқиқотчиси, “Majlis Podcast” дастурида сўзга чиққан яна бир сиёсатшунос Александр Кули таъкидлаганидек, Каримов ҳукумати “халқаро имижи қандай эканлигига аҳамият бермасди”.

Мирзиёев маъмурияти эса кредит ва инвесторларни жалб қилиш истагидан ташқари, ташқи дунёнинг ўзи ҳақидаги тасаввурларига нисбатан сезгирроқ эканини кўрсатди.

Мирзиёевнинг биринчи президентлик муддатида мамлакатдаги ўзгаришлар роса мақталди, чунки унинг ҳукумати тизимли мажбурий меҳнат муаммосини ҳал қилди, сўз эркинлигига бир оз рухсат берди ва миллий валютани тўлиқ конвертациясини очди.

«Economist» журнали 2019 йилда Ўзбекистонга “Йил мамлакати” унвонини беришига сабаб бўлган ислоҳотлар ўшандан бери заифлашиб қолди.

Ҳукмрон оиланинг асосий аъзолари томонидан бизнес империялар барпо этиш анъанаси ҳамон сақланиб қолган.

Бироқ, Пицбург университети қошидаги Бошқарув ва бозорлар маркази асосчиси ва директори Женнифер Брик Муртазашвилига кўра, ҳар қандай давлат сиёсатчиси брендинг имкониятидан воз кечишини кутиш нореал нарса.

Аксар Ғарб демократияларида кўриладиган баъзи баландпарвоз сиёсий брендлар билан солиштирганда, “Янги Қирғизистон” ва “Янги Ўзбекистон” «камтарона» кўринади, дейди у Озодлик билан суҳбатда.

«Янги» номидан фойдаланиш анча ақлли йўл, чунки у шунчалик кенг маънолики, бу мамлакатлар қайси йўналишда кетаётгани ҳақида етарлича тасаввур бермайди. Афтидан бу атай қилинган”, дейди Муртазашвили.

Конституциявий ислоҳотлар бўйича кампанияни илгари суриш билан Марказий Осиё раҳбарлари "ўзларининг хусусий брендлари воситасида одамларга ўзгаришлар таъсирини тушунишда ёрдам беришмоқчи".

"Бу шуни кўрсатадики, ҳатто авторитар давлатларда ҳам раҳбарлар ўз ҳокимиятларининг ижтимоий чекланишига дуч келадилар", дейди таҳлилчи.

Форум

XS
SM
MD
LG