Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:59

ЕИ Навальнийнинг ҳибсга олиниши ва намойишлар юзасидан Россияга жавоб чорасини муҳокама қилмоқда


23 январь кунги намойишларда Россия бўйлаб 3 400 дан зиёд киши ҳибсга олинган
23 январь кунги намойишларда Россия бўйлаб 3 400 дан зиёд киши ҳибсга олинган

Брюсселда йиғилган Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Алексей Навальнийнинг ҳибсга олиниши ҳамда унинг чақириғи билан бўлиб ўтган норозилик намойишлари полиция томонидан бостирилганини муҳокама қилиш учун тўпландилар.

Йиғин олдидан Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель «ҳибсга олишлар тўлқини ва жаноб Навальнийнинг қўлга олингани бизни қаттиқ хавотирга солди», деб айтди.

Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Россия конституцияси «Россиядаги ҳар бир кишига ўз фикрини билдириш ва намойишларда қатнашиш ҳуқуқини беради» деб, тинч намойишчиларни зудлик билан озод қилишга чақирди.

Литва ташқи ишлар вазири Габриелюс Ландсбергис эса блокнинг 27 аъзоси «бу ҳолатга бефарқ қараб бўлмаслиги тўғрисида аниқ ва қатъий муносабат билдириши керак», деди.

Эстония, Латвия ва Литва ташқи ишлар вазирлари намойишларнинг бостирилиши учун жавобгар амалдорларга қарши санкция жорий қилишга чақирди.

Аммо европалик дипломатларнинг таъкидлашича, февраль ойи бошида Навальний суди бўлиб ўтмагунича ЕИга аъзо давлатлар янги санкциялар бўйича келишувга эришмайди.

Халқ томонидан дастакланишига умид боғлаган Навальний 17 январь куни Германиядан Россияга учиб келганидан кейин ҳибсга олинганди. У шартли равишда қамоққа ҳукм қилинган шахс сифатида хорижда бўлган пайти синов муддати шартларини бузганликда айбланмоқда.

23 январь куни «Путин – ўғри!» шиори остида Россиянинг Узоқ Шарқидаги Владивостокдан тортиб то Болтиқ денгизидаги Калининградигача оммавий намойишлар бўлиб ўтди. «ОВД-Инфо» нашрига кўра, ўша куни Россия бўйлаб 3 400 дан зиёд киши ҳибсга олинган.

Намойишлардан бир неча кун аввал Москва маъмурияти коронавирус эпидемияси муносабати билан оммавий тадбирлар тақиқланганини боис митинг ўтказиш тўғрисидаги аризаларга рад жавоби берган эди.

Ғарб давлатлари намойишлар бостирилганини кескин қораларкан, Москва АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россиянинг ички ишларига аралашишда айблади.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Москвадаги АҚШ элчихонасининг «намойишчилар ва журналистларга қарши кескин усуллар қўлланилаётгани»ни қоралаб баёнот эълон қилганини танқид қилди.

Песков АҚШ баёнотини «ноўрин» деб атади ва «табиийки, бу билвосита бизнинг ички ишларимизга аралашишдир» деб айтди.

Россиянинг Лондондаги элчихонаси эса ғарб давлатларини намойишчиларни рағбатлантиришда айблаб чиқди.

«Иккиюзламачилар мамлакатимизнинг ички ишларига аралашиш учун сохта #Навальний ишини бўрттиришда давом этмоқдалар. Бу Ғарб давлатлари элчихоналари, шу жумладан, АҚШнинг Москвадаги элчихонаси қўллаётган профессионал провокация», деб ёзди элчихона Twitterда.

Аммо Россия расмийлари Намойишларда АҚШ ёки бошқа мамлакатларнинг қўли борлигини кўрсатувчи ҳеч қандай далил келтирмадилар.

Песков 24 январь куни берган интервьюсида, агар президент Жо Байденнинг янги маъмурияти мулоқотга очиқ бўлса, Россия президенти Владимир Путин ҳам бунга ҳозир эканини айтди.

Навальний 2014 йилнинг декабрида товламачиликда айбланиб 3,5 йилга шартли равишда қамалган эди. Жазо муддати 2020 йилнинг 30 декабрь куни тугаган.

Мухолифатчи ўзига қарши илгари сурилган айбловни рад этиб келади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди бу ишни ўрганиб, Навальний “Россияда адолатли судлов ҳуқуқидан маҳрум этилгани” тўғрисида қарор чиқарган.

XS
SM
MD
LG