Линклар

Шошилинч хабар
04 август 2021, Тошкент вақти: 12:19

ЕИ санкциялар рўйхатидаги “погонлилар”. Беларусдаги норозилик намойишларини бостирганлар ҳақида


Ўтган йилнинг августида Беларусда президент сайлови натижалари сохталаштирилишига қарши оммавий норозилик ҳаракати бошланган эди. Кучишлатар идоралар ходимлари тинч намойишчиларни тарқатишда ёруғлик-шовқин гранаталари, сувотгичлар ва ҳатто ўқотар қуролларни қўллашдан ҳам тап тортмади. Бу мамлакат аҳолиси учун мисли кўрилмаган зўравонлик эди.

“Настояшчее время” телеканали намойишларни куч билан бостиришга буйруқ берган юқори мартабали “силовик”лар ва уларнинг мансаб пиллапояларидан қандай кўтарилгани ҳақида лавҳа тайёрлади.

Лавҳада айтилишича, Беларусда норозилик ҳаракатининг бостирилиши ортида бир неча юқори мартабали “силовик” туради. Улардан энг каттаси – собиқ ички ишлар вазири Юрий Караев. Норозилик бошланган пайтлар Беларусда “караевчилар” деган сўз муомалага кирди – тинч намойишчиларни шафқатсизлик билан уриб ҳайдаган кучишлатар ходимларга одамлар шундай ном қўйиб олишди.

BYPOL маълумотига кўра, ўтган йилнинг май ойида блогер Сергей Тихановский айнан Юрий Караев буйруғи билан қамоққа олинган. Собиқ ходимлар Караев мухолифатчи блогерга қарши провокация уюштиришга амр қилганини айтишади.

BYPOL қўлга киритган аудиоёзувда овози Караевникига ўхшаш одам шундай дейди: “Менга деса бутун дунё айюҳаннос солсин. Бунақа ҳайвон ҳаммадан хавфли. Анави Бабариковлардан ҳам хавфли. У давлатнинг кушандаси. Унга модда йўқ – ўйлаб топиш керак, узоқ муддатга тиқиб қўйиш керак. Ўтирсин ўша ерда! Ўлиб кетсин!”

2020 йил октябрь ойи охирларида Александр Лукашенко Караевни истеъфога чиқарди. Ҳозирда у Лукашенконинг ёрдамчиси ва Гродно вилояти нозиридир. Қўли остидагилар билан хайрлашар экан, Караев уларга намойишчиларга қарши жон-жаҳдлари билан курашишни васият қилган экан.

BYPOL тақдим этган ёзувда у ходимларга қарата: “Биз, мулозимларга таҳдид солаётганларни таъқиб қилинг. Айниқса, сиз билан биз учун хавфли бўлган одамларни. Ҳамма кучни ташланг ва у итларни топиб, ўлдириб юборинг”, дейди.

Баҳорда Александр Лукашенко Юрий Караев “Беларусь президентлигига сайловларда бақувват номзод бўлиши мумкин”лигини айтганди.

Намойишлар чоғида “ўзини кўрсатган”лардан яна бири – Николай Карпенков. Ўша пайтда у Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бош бошқармаси раҳбари эди. Карпенков Минскдаги норозиликни бостиришда шахсан қатнашган. Ўтган йилнинг сентябрида у намойишчилар яширинган қаҳвахона эшигини дубинка билан уриб, синдирганди.

Икки ойлардан сўнг Карпенков “кўтарилди”: уни ички ишлар вазирига ўринбосар қилиб, тайинлашди, полковник унвонини беришди, яна бир неча ойдан кейин эса генерал-майор унвони билан сийлашди. Карпенков намойишчилар ҳақидаги “ўткир” фикрлари билан машҳур.

Хусусан, ушбу гаплари аудиотасмага туширилган: “Маълумотлар базаси яратиляпти. Иккинчи марта тушганлар шу базада қолиши керак. Алоҳида жамлоқ қуриш вазифаси қўйилди. Ҳарбий асирлар учун эмас, мана шунақа босар-тусарини билмай қолганлар учун. Уларни жамиятдан айри сақлаймиз. Теварак тиканли сим билан ўралган бўлади”.

Давлат хавфсизлиги қўмитасининг собиқ раҳбари Валерий Вакульчикнинг намойишлар ҳақида аудиотасмага муҳрланган гаплари йўқ. Аммо унинг идораси норозиликни бостиришда фаол иштирок этган. Ўтган йилнинг сентябрида Александр Лукашенко Вакульчикни Давлат назорати қўмитасининг собиқ раҳбари Иван Тертелга алмаштирганди. Лукашенконинг энг катта мухолифи Виктор Бабарикога қарши жиноят иши айнан Тертелнинг ташаббуси билан очилган. 2020 йил ноябрда Тертелга генерал-лейтенант унвони ва “Ватан хавф остида қолган пайтда кўрсатган хизматлари учун” махсус мукофот топширилган.

Тертель билан бирга генераллик погонини мудофаа вазири Виктор Хренин ҳам олган. У ҳам намойишларни бостиришда фаоллик кўрсатганлардан бири саналади. 23 август куни Хренин “Минск – қаҳрамон шаҳар” стеласи олдида тўпланган намойишчиларни ўраб олишга буйруқ берган.

Виктор Хренин, Блаусь кучишлатар идораларининг бошқа раҳбарлари каби Ғарб санкциялари рўйхатига киритилган. Шахсан уни бу “қора рўйхат”га жорий йилнинг июнь ойида тиркашганди. Европа Иттифоқи 23 май куни “Ryanair” ширкати учоғининг Минскга мажбуран қўндирилишида шахсан уни айбдор деб билади. Ўшанда учоқ бортида бўлган “Nexta” телеграм-канали собиқ бош муҳаррири Роман Протасевич ҳамда унинг қиз ўртоғи Софья Сапега ҳибсга олинганди.

XS
SM
MD
LG