Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:29

Ерда ҳаёт пайдо бўлишига туртки бўлган реакциялар занжири аниқланди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ер юзида ҳаёт шаклланишида РНК муҳим ўрин тутгани шубҳасиз. Аммо ушбу молекуланинг келиб чиқиши бизга маълум эмас.

Эндиликда бир гуруҳ олим содда материаллардан РНКнинг тўрт кимёвий таркибий қисми бўлмиш цитозин, урацил, аденин ҳамда гуанинни яратиш мумкинлигини кўрсатиб берди.

2009 йилда Кембриж университети олимлари биргаликда пиримидинлар ўлароқ маълум бўлган цитозин ва урацил келиб чиқишига туртки бўлиши мумкин бўлган ва Ерда ҳаёт энди шакллана бошлаган пайтда сайёрада мавжуд бўлган беш бирикмани кўрсатиб берган эди.

2013 йилга келиб Мюньхен университети ходимлари Томас Кэрелл етакчилигида биргаликда пуринлар деб номланувчи аденин ва гуанинни келтириб чиқара оладиган содда бирикмаларни аниқлади. Аммо барча компонент бир пайтда қандай қилиб юзага келгани сир бўлиб қолаётган эди.

Жорий ҳафтада эса Кэрелл бу жумбоқни ечилганини эълон қилди. Сешанба куни олим ҳамкасблари билан РНКнинг барча тўрт компонентини келтириб чиқаришга қодир содда реакцияларни аниқлаганини билдирди.

Кэрелл ҳикоясида олти молекуляр компонент бўлиб, булар кислород, азот, метан, аммиак, сув ва синил кислотадир. Бундан аввал ўтказилган тажрибалар ушбу олти молекула Кэрелл яратган бирикмалардан мураккаброқ бирикмаларни яратишга қодир эканлигини кўрсатган.

Пиримидинларни келтириб чиқариш учун Кэрелл ва унинг ҳамкасблари реакцияга киришиб, амино-изоксазол деб номланувчи бирикмаларни келтириб чиқаришга қодир бўлган цианоацетилена ва гидроксиламин бирикмаларидан фойдаланган. Амино-изоксазол эса, ўз навбатида, карбамид моддаси билан реакцияга киришиб, рибоза деб номланувчи шакарни ҳосил қилган. Ниҳоят, тиол ҳамда таркибида темир ёки никель тузлари бўлган бирикмалар таъсирида цитозин ва урацил олинган.

Охирги реакция тузлардаги металларда ошиқча мусбат заряд бўлганда содир бўлиши кузатилган. Қизиғи, аденин ва гуанин яратиш учун лозим бўлган реакциялар занжири якунида тузларда ошиқча мусбат заряд ҳосил бўлади. Бунданда муҳими, тўрттала нуклеотидни келтириб чиқариш жараёнини битта идишда амалга ошириш мумкинлиги аниқланган. Бу эса РНКнинг тўрт компоненти бир вақтда қай йўсинда ҳосил бўлгани ҳақидаги саволларга жавоб бўла олади.

Аммо бу билан РНК ҳақидаги барча жумбоқларга ечим топилгани йўқ. Масалан, бошқа бир кимёвий жараён РНКнинг тўрт таркибий қисми бирикишига туртки бўлган. Шундай бўлса-да, олимлар ҳаёт энди шакллана бошлаган пайтда мавжуд бўлган шароитда РНК яратиш сари катта қадам ташланганини айтмоқдалар.

XS
SM
MD
LG