Линклар

Шошилинч хабар
23 май 2024, Тошкент вақти: 17:25

2016 йил Ўзбекистон тарихига Ислом Каримов ўлган йил сифатида кирди


2016 йил ëзида мустақил Ўзбекистон тарихида муҳрланиб қоладиган ҳодиса рўй берди - Марказий Осиëнинг энг кўп аҳолига эга бу мамлакатини 27 йил узлуксиз бошқарган шахс - Ислом Каримов вафот этди. Каримов ўлими ортидан Ўзбекистон кланларнинг хуфия курашию очиқ фуқаролар урушига қадар узоқ тахмин қилинган сценарийларни четлаб¸ тинч ва осойишта бир йўсинда посткаримов даврига кирди.

Озодлик махсус дастури Ўзбекистон сўнгги ўн йилликларининг ана шу бурилиш нуқтаси - Ислом Каримов ўлимининг кунма-кун¸ соатма-соат ривожланган хроникасига бағишланади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:59:59 0:00
Бевосита линк

28 август

2016 йил август ойининг сўнгги кунларида Ўзбекистонда куппа-кундузи чақнаган чақмоқ каби кутилмаган воқеа рўй берди – 28 август куни мустақил Ўзбекистон ҳаëтида илк бор мамлакат президентининг бетоблиги ҳақида расмий баëнот эълон қилинди.

23 август куни 4 одамга “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонини бериш тўғрисидаги Фармонни имзолаб¸ 26 август куни зилзила оқибатида одамлар ҳалок бўлгани муносабати билан Италия президенти Сержо Матареллага таъзия билдирган 78 яшар Ислом Каримов, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси баëнотига кўра¸ 28 августда "стационар даволаниш" га ётқизилди ва мутахассислар президентнинг "тўлиқ тиббий кўрик ва даволаниш жараёни учун муайян вақт талаб этилишини" билдирди.

29 август

Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева ўз отасининг аҳволига оид ҳукумат очиқламаган баъзи тафсилотларни ошкор қилди. Лола Каримова-Тиллаева Фэйсбук ва Instagram саҳифалари орқали, отасининг ҳафта охири (27-28 август)да мияга қон қуйилиш ташхиси билан шифохонага ётқизилгани ва“реанимация бўлимида тиббий муолажалар” олаëтганини жамоатчиликка маълум қилди.

"Турли хил гап-сўзларнинг олдини олиш мақсадида, бизнинг оилада ўтган хафтанинг охирида содир бўлган қайғули воқеа ҳақида ушбу саҳифам орқали сизга маълумот бермоқчиман. Шанба куни адамлар мияга қон қуйилиш ташхиси билан шифохонага олиб келиндилар. Ҳозир улар реанимация бўлимида тиббий муолажалар олмоқдалар. Ҳозирги пайтда ҳолатлари шифокорлар томонидан стабил деб баҳоланмоқда. Айни пайтда келгусидаги соғлиқлари борасида қандайдир тахминлар қилиш анча эрта. Мен сизлардан турли хил гап-сўзлардан йироқ бўлиб, оиламизнинг шаҳсий ҳаётига хурмат билан муносабатда бўлишингизни илтимос қиламан. Ушбу дамларда отамни ўз дуолари билан қўллаб-қувватловчи барча инсонларга ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни изҳор этаман"¸ деб ëзди ўзбек¸ рус ва инглиз тилларида баëнот берган Лола Каримова.

Президент қизининг бу хабари билан кетма-кет Регнум агентлиги Каримовнинг Тошкентдаги ҳукумат стационарида экани ва “Буюк Ипак йўли" кўчасида жойлашган стационар атрофига бир неча километр радиусда тўсиқлар қўйилгани, президентни даволаш учун ташкил этилган махсус бўлинмали касалхонанинг бир суткадан кўпроқ вақтдан бери милиция ва махсус хизматлар ходимлари қуршовида қолаëтганини ëзди.

29 август куни Россиянинг айрим нашрлари Тожикистон ҳукуматидаги ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов соғлиғи тўғрисида бир-бирига зид маълумотлар келаётгани ва қўшни давлатда вазият беқарорлашиши эҳтимоли туфайли тожик-ўзбек чегарасида хавфсизлик чоралари кучайтирилгани ҳақида хабар тарқатди.

Расмий Тошкент постсовет ҳудудидаги ахборот дунëсида Ислом Каримов аҳволига оид бир-бирига зид хабарлар урчиб кетган 29 август куни уларга ойдинлик киритмади.

Айни шу куни Москвадаги Марказий Осиë янгиликларини ëритувчи Фергана.ру ахборот агентлиги, Тошкент ҳукуматидаги ўз аноним манбаларига таяниб¸ Ислом Каримовнинг 28 августда вафот этганини хабар қилди. Россия матбуоти ва ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқаган бу хабарни¸ Россия оммавий ахборот воситалари ўз расмий манбаларига таяниб рад этди.

Озодлик манбалари президент Каримовнинг қандай касалликка йўлиққани ва унинг аҳволи ҳақида аниқ маълумотлар берган эса-да, Ўзбекистон 1-президенти саломатлиги билан боғлиқ расман тасдиқланган маълумот жамоатчиликка очиқланмагунга қадар¸ бу хабарларни ëйинламасликка қарор қилди.

Ўзбекистон президентининг ўлик-тириги қаттиқ сир тутилган бундай вазиятда мамлакат санъат юлдузлари ижтимоий тармоқларда президент Ислом Каримов саломатлиги юзасидан мамлакатда тарқалган турли гап-сўзларга эътибор бермаслик ва уларга ишонмаслик чақириғи билан чиқа бошладилар.

Ижтимоий тармоқларда қизиқчи Мирзабек Холмедов¸ қўшиқчилар Озодбек Назарбеков, Муниса Ризаева, Шаҳзода, Шоҳруҳхон каби шоу бизнес вакилларию¸ олимпиадачи спортчиларга қадар халқни “ҳар ҳил гап-сўзларга ишонмасликка” чақирдилар ва “юртбошимизнинг умрлари узоқ бўлсин” қабилида дуо қилиш ва Ислом Каримов ўлими эҳтимолидан қаттиқ хавотирга туша бошлаган жамоатчиликни тинчлантиришга киришдилар.

Олимпия чемпионларидан Каримов "дода"га видеомурожаат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:47 0:00
Бевосита линк

30 август

Москвада 30 август куни Ўзбекистон ва Россия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий баëнотида маслаҳатлашувлар икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликнинг 2016-2017 йилга мўлжалланган дастури доирасида бўлиб ўтгани айтилди.

Норасмий манбаларда президент Ислом Каримов “стационар даволаниш”да экани эълон қилинганидан уч кун ўтиб ўтказилган Москвадаги маслаҳатлашувларида посткаримов даври муаммолари муҳокама қилингани ҳақидаги тахмин илгари сурилди.

31 август

Шу куни Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб тарихда мисли кўрилмаган дабдаба билан ўтказилиши режаланган ва одатдагидек Ислом Каримов рақси билан тугаши кутилаëтган Тошкентдаги расмий мустақиллик тантаналари бекор қилинди

Ўзбекистонда Каримовсиз ўтган илк Мустақиллик байрами
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:48 0:00

Шаҳидлар хотираси хотирланадиган 31 август куни Тошкентдаги Мустақиллик майдонидаги “Мустақиллик ва эзгулик” монументига илк бор Ислом Каримов эмас¸ бош вазир Шавкат Мирзиёев гулчамбар қўйди.

Ҳукумат “стационар даволанишга ëтқизилган” Ислом Каримов ва унинг саломатлиги ҳақида лом-мим демади.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Ислом Каримов номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли жамоат арбоблари, ишбилармон ва академик доиралар вакилларидан самимий қутловлар келаётгани, уларда Ўзбекистон раҳбарига бахт-саодат ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик-омонлик, доимий равнақ ҳамда фаровонлик каби эзгу истаклар изҳор этилгани тўғрисидаги хабарларни эълон қилишда давом этди.

31 август оқшомида “Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот” дастурида тақдири мавҳум қолаëтган Ислом Каримовнинг мамлакат мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига табриги ўқиб эшиттирилди.

Табрикномани ўқиган телевидение диктори президентнинг саломатлигига оид маълумот бермади.

"Мамлакатимизнинг кўп асрлик тарихида мутлақо янги саҳифа очган, эл-юртимизни мустабид тузум кишанларидан озод қилиб, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш йўлини очиб берган Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 25 йиллик байрами билан барчангизни, бутун халқимизни чин қалбимдан табриклайман", деб бошланади президент табриги.

1 сентябрь

1 сентябрь куни мамлакат мустақиллигининг 25 йиллиги тантаналари пойтахтнинг “Алишер Навоий”, “Ёшлар кўли”, “Ғафур Ғулом”, “Мирзо Улуғбек”, “Фурқат” , “Локомотив” истироҳат боғларида халқ сайиллари кўринишида нишонланди.

Бу боғларда ташкил этилган саҳналарда хонандалар, сўз усталари ва жамоат арбоблари йиғилганларни хушнуд қилишди. Хонишлар аввалида санъаткорлар бундай фаровон кунлар рўёби учун президент Ислом Каримов шаънига илиқ сўзлар айтди, унга саломатлик тилашди.

Ўзбекистондаги асосий телеканаллар - ЎзТВ1 ва ЎзТВ2, ҳар йил 1 сентябрда бўлгани сингари, Ислом Каримовга бағишланган кўрсатувларни намойиш этмади¸ унинг саломатлиги ҳақидаги сукунатни давом эттирди.

1 сентябрь кунги Мустақиллик байрами 25 йил ичида биринчи марта мушакбозликсиз ўтди.

Озодликнинг вилоят ҳокимлигидаги манбалари 1 сентябрь куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиëевнинг Ислом Каримов туғилиб-ўсган Самарқанд шаҳрига келгани¸ шаҳар марказида хавфсизлик чралари кучайганини хабар қилди.

Озодлик мухбирлари Самарқанддаги Улуғбек обсерваториясидан Сиёб бозоригача бўлган ҳудудга машиналар киритилмаëтгани, тарихий марказга элтувчи йўлларнинг ҳамма томондан ёпиб қўйилгани¸ Шоҳи Зинда мақбараси атрофида ғишт ташиётган юк машиналари кўпайганини воқеа жойидан сурат ва видеоларда тақдим қилди.

Озодлик манбалари 1 сентябрь тунги соатларида Ислом Каримов туғилиб-ўсган ва унинг яқинлари яшайдиган маҳалланинг "Чорраҳа" масжидига элтадиган йўллар шошилинч асфальтлаштирилаётганини билдирдилар.

Ҳазрати Хизр масжиди ëнида Каримов мақбараси қурилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:26 0:00

2 сентябрь

Самарқанднинг фавқулодда тадбирга ҳозирлик кўраëтгани инкор этиб бўлмас тасвирларда жамотачиликка тарқаши ортидан 2 сентябрь тонгда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси президент Ислом Каримовнинг "соғлиги бирданига ёмонлашганини" хабар қилди¸ аммо бошқа бирор тафсилотни очиқламади.

Ахборотнинг махсус сони: Ислом Каримов ўта оғир аҳволда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:50 0:00

Бу баëнотдан саноқли соатлар ўтиб¸ куннинг биринчи ярмида TRT Haber телеканали Туркия бош вазири Бинали Йилдиримнинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўлими муносабати билан ўзбек халқига билдирган расмий таъзиясини намойиш этди.

Туркия Бош вазири: Ислом Каримов вафот этди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:15 0:00

Йилдирим баëноти билан кетма-кет Reuters ахборот агентлиги, уч дипломатик манбасига таяниб¸ Каримов ўлди¸ дея хабар тарқатди.

Хабарлар оқими дақимама-дақиқа янгилана бошлаган 2 сентябрь куни учувчиларга маълумот тарқатувчи NOTAM халқаро тизими 3 сентябрь куни Самарқанд аэропортининг фавқулодда тадбир учун ëпилиши ва самолётларни учириш ва қабул қилиш махсус рухсатнома асосида амалга оширилиши ҳақида хабар тарқатди.

Ислом Каримов ўлди, деган қисқа хабар ортидан постсовет ҳудудидаги ахборот воситалари¸ хусусан¸ ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар қайнаб-тоша бошлаган 2 сентябрь маҳаллий вақт билан тунги соат 10 га яқин ЎзТВ Ислом Каримов ўлгани ва мамлакатда уч кунли мотам эълон қилинганини хабар қилди.

Ўзбекистон телеканали Ислом Каримовнинг ўлганини эълон қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:24 0:00

Президент Каримовнинг дафн маросимини ўтказиш бўйича Давлат комиссиясининг раиси этиб бош вазир Шавкат Мирзиёев тайинланди.

Вазирлар Маҳкамасининг расмий баëноти ортидан президентинг кичик қизи Лола Каримова ҳам ўзининг Instagram саҳифасида отасининг вафоти ҳақида ёзиб қолдирди.

"У бизни тарк этди... Сўз излаяпман ва ўзим бунга ишонмаяпман... Албатта, биз Оллоҳникимиз ва албатта, биз унга қайтгувчимиз. Худо раҳмат қилсин!" - деб ёзди Лола Каримова.

3 сентябрь

Эрта тонгдан пойтахт Тошкент 25 йил давомида Ўзбекистонни бошқарган Ислом Каримовни сўнгги йўлга кузатди. Ҳокимият томонидан ташкиллаштирилган видолашув маросимида қатнашиш учун тонг саҳардан минглаб тошкентликлар гулдаста ва кўз ëш билан кўчаларга чиқишди. Каримов майитини олиб кетаëтган автомобиллар карвони йўлига чиқди. Ижтимоий тармоқларда мотамсаро ва кўз ёш тўккан одамларнинг фото ва видеотасвирлари тарқалди.

Махсус самолëтда Тошкентдан олиб келинган Каримов жасадини унинг шаҳардошлари Самарқандда мотамсаро алфозда қарши олдилар.

Бош вазир Шавкат Мирзиëев тобуткашлик қилган дафн маросимида, расмий хабарларда қайд этилишича¸ 17 давлатдан келган давлат ва ҳукумат арбоблари иштирок этди. Улар орасида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон¸ Туркманистон президенти Бердимуҳаммедов¸ Россия Бош вазири Дмитрий Медведевлар бор эди. Россия президенти Владимир Путин¸ Каримовнинг минтақадаги эски сафдоши Нурсултон Назарбоев жанозага келмади. Шаҳарнинг Регистон майдонидаги жаноза намозидан сўнг Каримов майити Шоҳи Зинда яқинидаги Хўжаи Хизр масжидининг ёнида шошилинч тарзда қурилган мақбарага дафн этилди.

Ислом Каримовнинг жанозаси ўқилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:17 0:00

Шу куни Ўзбекистоннинг аксар йирик шаҳар ва туманлари марказларида марҳум президент Ислом Каримов руҳига дуои фотиҳа ўқилди.

Йирик шаҳарларда марказий майдонларга ўрнатилган Каримов портрети пойига гулчамбарлар қўйилди¸ мамлакат бўйлаб концертлар ва кўнгилочар тадбирлар бекор қилинди¸ спорт мусобақалари ҳам қолдирилди.

Ўзбекистон уч кунлик мотамга кирди.

6 сентябрь

Россия президенти Владимир Путин Ислом Каримовни хотирлаш учун Катта Йигирмаликнинг Хитой йиғинидан қайтаëтиб¸ Самарқандда тўхтаб ўтди.

Самарқандда Бош вазир Шавкат Мирзиëев ҳамроҳлигида Ислом Каримов қабрига гул қўйган Путин “Россия бундан буён ҳам Ўзбекистон билан бирга бўлади”, дея баëнот берди.

- Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бошлаган иш давом этишига умид қиламиз, Россия томони эса ўзбек халқи ва раҳбарияти билан дўстона муносабатларни давом эттиради, - деди Путин.

"Сизнинг бугунги ташрифингиз ҳам муносабатлар даражасидан дарак ва бунинг учун биз миннатдормиз. Биз Россия Федерацияси билан ташқи алоқаларда тўлақонли стратегик шерикликка эгамиз ва биз сиз ва Ислом Каримов узоқ йиллар давомида бунёд этиб келган кўприкни мустаҳкамлашда давом этамиз, - деди Шавкат Мирзиёев жавобан.

Гул қўйиш маросимидан сўнг Россия раҳбари Самарқанддаги форумлар саройида Ислом Каримовнинг беваси Татьяна Каримова ва қизи Лола Каримовалар билан учрашди ва уларга таъзия билдирди.

8 сентябрь

Ўзбекистон республикаси президенти вазифасини вақтинча бажариш ваколати Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиеёвга юкланди.

Бундай қарор Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашининг 8 сентябрь кунги қўшма йиғилишида олинди.

Мирзиëев президентликни қабул қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:12 0:00

Ўзбекистон конституцияси 96-моддаси президент ўз вазифаларини бажара олмай қолган ҳолатда муваққат президентликни Олий Мажлис Сенати раисига юклатишни кўзда тутади. Шу боис¸ Каримов ўлимидан сўнг Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошевнинг уч ойга президентлик курсисига ўтириши кутилган эди.

Бироқ, қўшма мажлисда чиқиш қилган Ниғматулла Йўлдошев президент ваколатини бажаришни бош вазир Шавкат Мирзиёевга топширишни таклиф қилди ва бу таклифларни қўлловчилар навбати билан маъруза қилишга киришдилар.

Муваққат президентликни Мирзиëевга топшириш таклифини қўллаб сўзга чиққанлар орасида Каримов ворисларидан бири сифати кўриб келинган бош вазир 1-ўринбосари¸ Молия вазири Рустам Азимов ҳам бўлди.

Бу каби мақтовли чиқишлардан сўнг Ўзбекистон Олий Мажлиси иккала палатасининг қўшма йиғини қатнашчилари 8 сентябрь куниЎзбекистон ҳукуматини 2003 йилдан буён бошқариб келган 59 яшар Шавкат Мирзиëевга мамлакат президенти вазифасини ҳам бажариш ваколатларини тақдим этди.

9 сентябрь

4 декабрь куни Ўзбекистон президентлиги учун навбатдан ташқари сайловлар ўтказилади¸ деб хабар тарқатди Марказий Сайлов комиссияси матбуот хизмати.

Марказий сайлов комиссияси, шунингдек, президентликка номзодларни илгари суриш 30 сентябрдан бошланиб, 20 октябрда тугашини ҳам эълон қилди.

16-17 сентябрь

16 сентябрь куни Ўзбекистондаги ЎзЛиДеп партияси мамлакат муваққат президенти Шавкат Мирзиёев номзодини президентликка тақдим этди.

Тошкентда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг 17 сентябр куни бўлиб ўтган йиғинида партия раҳбари Ҳотамжон Кетмоновни Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида кўрсатди.

"Миллий Тикланиш" партияси президент сайловига ўз лидери Сарвар Отамуродовни номзод ўлароқ эълон қилган.

"Адолат" социал демократик партияси ҳам шу куни ўтказилган йиғинида партия раҳбари Наримон Умаровни президентликка номзод қилиб кўрсатишга қарор қилди.

Ўзбекистон сиëсий ҳаëтида расман посткаримов даври бошланди.

XS
SM
MD
LG