Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2021, Тошкент вақти: 16:07

Европа Иттифоқи Беларусга қарши янги санкциялар борасида келишувга эришди


Беларусь  мухолифати раҳбари Светлана Тихановская қўлида сиёсий махбус Микалай Статкевичнинг сурати билан Европа парламентида - 16 декабрь, 2020

16 декабрь куни Брюсселдаги Европа Парламентида «Фикр эркинлиги учун» Андрей Сахаров мукофотини олган Беларусь мухолифати раҳбари Светлана Тихановская қўлида сиёсатчи ва сиёсий махбус Микалай Статкевичнинг сурати билан нутқ сўзлади.

Тихановская Сахаров мукофотини қабул қилиб олган кун Европа Иттифоқи Беларусга янги санкциялар борасида келишувга эришгани маълум қилинди.


Дипломатларнинг айтишларича, Европа Иттифоқи элчилари мухолифат намойишчиларига қарши тазйиқ ўтказгани учун Беларусга қарши қатор иқтисодий санкцияларни қўллаш борасида келишиб олишган. Таъкидланишича, санкциялар Европа Иттифоқи ҳудудида бизнес юритишни таъқиқлаш, активларни музлатиш ва саёҳат қилиш тақиқларини ўз ичига олади.

Европа Кенгашининг 17 декабрдаги йиғилишида расман қабул қилиниши кутилаётган санкциялар Иттифоқнинг Лукашенко ҳукуматига қарши учинчи жазо чоралари мажмуидир. Жазо чоралари қўлланадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг сўнгги рўйхати ўша куни Европа Иттифоқининг расмий нашрида эълон қилиниши кутилмоқда.

ЕИ элчиларининг қарори Светлана Тихановская ҳамда Беларусь демократик мухолифатининг бошқа аъзолари Иттифоқнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги олий мукофоти билан тақдирланган куни эълон қилинди.

Беларуснинг қаттиққўл раҳбари Александр Лукашенко, унинг ўғли ва 50 нафар юқори мартабали мулозимлар ҳозирнинг ўзида ЕИнинг жазо чоралари рўйхатида. 26 йил давомида Беларусни бошқарган Лукашенко 9 августдаги президент сайловларидан буён деярли ҳар куни оммавий норозилик намойишларига юз тутиб келмоқда. Мухолифат сайловларнинг сохталаштирилганини айтади, Ғарб давлатлари унинг натижаларини тан олишдан бош тортган.

Полиция сайловлардан кейин ўтказилган норозилик намойишларини зўравонлик билан бостирди. БМТ маълумотларига кўра, 27000 дан ортиқ намойишчи ҳибга олинган. Шунингдек, бир неча киши ҳалок бўлган ва намойишчиларга қарши қийноқлар ҳамда ёмон муомала тўғрисида ишончли хабарлар олинган.

Ўзи ва оиласининг хавфсизлик хавотирлари туфайли Литвага чиқиб кетишга мажбур бўлган Тихановская ҳамда мухолифатнинг бошқа раҳбарлари 16 декабрь куни Европа Парламентининг 2020 йилдаги “Фикр эркинлиги” мукофотини олиш учун Брюсселга ташриф буюришганди.

Тихановская мукофотни мухолифатнинг “Мувофиқлаштирувчи кенгаши” номидан олди. Ушбу кенгаш Беларусда ҳокимият ўтишини таъминлаш учун тузилган. Мукофотни топшириш маросимида Тихановская “бизнинг атрофимизда кўринмас қўрқув девори тикланган”, деб айтди. “Аммо ишонамизки, бу йил, биргаликда бу қўрқув деворини йиқа оламиз. Биз ғалаба сари юрмоқдамиз ва албатта ғалаба қиламиз”.

“Озод Беларуссиз Европа буткул озод бўлолмайди. Яшасин Европа! Яшасин Беларусь!” деб айтди Беларуснинг муҳожиротдаги президентликка номзоди. Ўз навбатида Европа Парламенти раҳбари Дэвид Сассоли Беларусь мухолифати аъзоларига қарата "сизнинг курашингиз бизнинг курашимиздир", дея таъкидлади.Унинг сўзларига кўра, Беларусь мухолифати вакиллари фикр ва сўз эркинлигини ҳимоя қилишда кўрсатган жасорати, чидам ва қатъиятлилиги учун мукофотланмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича йиллик 50 минг евролик (59,180 доллар) мукофот, совет физиги ва диссиденти Андрей Сахаров номи билан аталган. Мукофот 1988 йилда инсон ҳуқуқлари ва фундаментал эркинликларини ҳимоя қилувчи шахслар ҳамда ташкилотларни тақдирлаш учун таъсис этилганди.

АҚШ Давлат департаменти шу куни Тихановскаянинг Қўшма Штатлар Давлат котибининг ўринбосари Стивен Бигун иштирокида Беларусдаги сиёсий инқирозга бағишланган муҳокамада қатнашганини билдирди.

Департамент вакили Кейл Брауннинг сўзларига кўра, Германиянинг Маршалл жамғармаси томонидан ўтказилган муҳокама чоғида Бигун "АҚШ Беларусь халқининг мамлакат тақдири борасидаги овозларининг эшитилишини қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаган".

XS
SM
MD
LG