Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:26

“Ё хочни ечинг, ё иштон кийиб олинг”. Кремль ўзи тақиқлаган “Толибон”ни Москвада қабул қилиб кулгига қолди


Толибон делегацияси аъзолари Абдул Латиф Мансур (чапда),Шаҳобиддин Делавар (ўртада) ва Сухайл Шаҳин Москвада матбуот анжуманида
Толибон делегацияси аъзолари Абдул Латиф Мансур (чапда),Шаҳобиддин Делавар (ўртада) ва Сухайл Шаҳин Москвада матбуот анжуманида

8 июль, пайшанба куни АҚШ президенти Жо Байден Америка қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши масаласида халқига мурожаат қилди.

Ўша куни, Россияда фаолияти тақиқланган “Толибон” террорчилик ташкилоти вакиллари музокараларда қатнашиш учун Москвага учиб келди. Ҳатто пойтахтдаги муҳташам меҳмонхонлардан бирида матбуот анжумани ҳам ўтказилди.

Бу воқеа кўпчиликни шокка солди. Рунет сиёсатчилар, блогерлар ва оддий фойдаланувчиларнинг киноя ва заҳархандаларига тўлиб кетди.

Муносабат билдирганларнинг аксари айнан “Толибон”нинг Россия Олий суди қарори билан “терорчи ташкилот” деб эътироф этилганига ва тақиқланганига урғу беришган.

Хусусан, сиёсатчи Дмитрий Демушкин шундай ёзади: “Қонун менга, мазкур ташкилотни тилга оларканман, унинг Россияда тақиқланганини эслатиш талабини юклайди. Бугун лентани очсам, хабар турибди: “ТИВ билан музокара олиб бориш учун Москвага “Толибон” ташкилоти вакиллари учиб келди”. Ажабо, РФ ТИВ вакиллари ҳам “Толибон” билан музокаралар якуни бўйича изоҳ бераётганда ушбу ташкилот Россияда тақиқланганини айтишармикан ёки яна эсларидан чиқиб қолармикан?”

Россия қонунчилигига кўра, террорчи ташкилот фаолиятида нафақат иштирок этиш, балки унга бевосита ёки билвосита ёрдамлашиш ҳам ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради.

Блогер Алексей Ковалёв шунга ишора қилиб, “...толибларга чипта ва жой буюртма қилган, уларни овқатлантирган ва машинада шаҳар бўйлаб олиб юрганларга ачинаман, ахир энди уларни террорчилик фаолиятида ёрдамлашгани учун қамоққа олишга тўғри келади”, дея заҳарханда қилган.

Тадбиркор Виталий Насенник “ё бўйнингиздаги хочни ечиб қўйинг, ёки иштон кийиб олинг” деган эски матални ва Путиннинг “биз ҳеч қачон террорчилар билан музокара қилмаймиз”, деган ваъдасини эслатиб, шунга қарамай бу музокараларнинг ўтказилгани “мамлакатда ҳатто зоҳирий қонунийликни ҳам йўқ қилади”, дейди.

Блогер Лада Юрьева эса “Шоҳимиз бекор ўтиргани йўқ – одамхўрлар қабиласи элчисини қабул қилди”, деб ёзди.

Дарвоқе, Россия ТИВ воизи Мария Захарова “Толибон” вакиллари билан на президент, на ташқи ишлар вазири Сергей Лавров учрашганини рад этди.

Айни чоғда улар билан Путиннинг Афғонистон бўйича маслаҳатчиси Замир Қобулов учрашганини билдириб, ҳукумат террорчи ташкилотни расман қабул қилганини тасдиқлади.

KashinKashinKashin никли фойдаланувчи масаланинг “бошқа томонига” эътибор қаратади: “Ҳамма толиблар билан учрашди, деб ТИВни сўкиб ётибди, ахир “Толибон” ҳам бизнинг ТИВ билан учрашиб, ўз обрўсини хавф остига қўйяпти-ку”, дея кесатади у.

Матбуот анжуманида толиблар вакиллари Россияга контрабанда йўли билан гиёҳванд моддалар келтирилишига қарши курашишга ваъда берди. Аммо блогерлар бу ваъдага ҳам, юмшоқ қилиб айтганда, шубҳа билдирмоқда. Бир неча йил бурун дипломатик каналлар орқали Аргентинадан Россияга катта миқдорда кокаин ташилгани фош этилиши билан боғлиқ можаро ҳали унутилгани йўқ. Қолаверса, гиёҳванд моддалар савдоси “Толибон”нинг асосий даромад манбаларидан бири эканлиги ҳам маълум. Шу боис Рунет бу ваъдани пичинглар билан кутиб олди.

“Асаларилар яна бир бор асалга қарши чиқмоқчи”, деб ёзган Алекс Шевцов.

Владимир Генин эса “толиблар гиёҳванд моддалар контрабандасига қарши чиқишга ваъда берди – энди уларни Россияга тўғридан-тўғри, расмий йўллар билан етказишади”, деб кесатган.

Максим Иовов, гиёҳванд моддаларни етиштирувчилар Москвада “ўз истеъмолчилари билан учрашган”лиги ҳақида ёзган.

Айрим блогер ва фойдаланувчилар “Толибон”ни яқинда Россияда суд қарори билан “экстремистик ташкилот” деб топилган мухолифатчи Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди билан қиёслаб, мутойиба қилганлар.

Масалан, “Twitter”даги “Проф.Преображенский” саҳифаси шундай латифа ўйлаб топган:

— “Толибон” террорчи ташкилот деб тан олинган, нега улар билан расман учрашяпсизлар?

— Биз ҳамма билан мулоқот қилишимиз лозим, бу жуда муҳим!

— Ундай бўлса, балки Навальний ва ФБК билан ҳам мулоқот қиларсизлар?

— Хап сеними, русофоб!..

“Жизнь в Свердержавие” саҳифаси эса “Толиблар Россиядаги коррупцияга қарши эмас, шунинг учун бу ерда уларни қучоқ очиб кутиб олишади”, деб киноя қилган.

Сиёсатчи Марина Литвинович Россия МСКга арз қилиб, ундан “Единая Россия” партияси номзодларини рўйхатга олмасликни сўраган. “Чунки рўйхатнинг иккинчи қаторида Сергей Лавров фамилияси қайд қилинган, у эса Россияда тақиқланган “Толибон” террорчилик ҳаракати вакиллари билан бир неча марта учрашгани ва ҳамкорлик қилгани билан машҳур. “Сайланиш ҳуқуқининг асосий кафолатлари тўғрисида”ги қонунга кўра, террорчи ёки экстремист ташкилотлар билан алоқадор шахслар сайловда иштирок эта олмайди. Яқинда сайлов комиссиялари айнан шу нормани (мухолифат вакиллари) Илья Яшин ва Олег Степановларга нисбатан татбиқ қилган эди.

Мен, Сергей Лавровнинг “Толибон” билан ҳамкорлик қилгани у мансуб “Единая Россия” партиясини Давлат Думаси 8-чақириғига бўладиган сайловга йўлатмаслик учун асос бўлади, деб ҳисоблайман”, деб ёзган у “Facebook”даги саҳифасида.

XS
SM
MD
LG