Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:39

Ёқутистонда муҳожирларнинг қурилишдан бошқа соҳада ишлаши тақиқланди (ВИДЕО)


Ëқутистон ҳукумати раҳбари Айсен Николаев 18 март кунги аксилмуҳожир митинги қатнашчиларига улар талабларини амалга оширишга ваъда берган эди.
Ëқутистон ҳукумати раҳбари Айсен Николаев 18 март кунги аксилмуҳожир митинги қатнашчиларига улар талабларини амалга оширишга ваъда берган эди.

Ёқутистон раҳбари ўлкада ўтказилган мигрантларга қарши митинглардан сўнг хорижликларни ишга қабул қилишни тақиқловчи янги қоидалар жорий этди.

17 март куни бошланган аксилмуҳожир чиқишларидан кейин ҳам Ëқутистонда ишлашни давом эттирган айрим муҳожирлар Озодлик билан 28 март кунги суҳбатда ўзларига нисбатан миллатчилик кайфияти сўнмагани ва бу минтақадан чиқиб кетишга мажбур қолганларини билдирди.

Ёқутистонда муҳожирларга ишлаш деярли тақиқланди

27 март куни Ёқутистон ҳукумати раҳбари Айсен Николаев меҳнат муҳожирларини минтақада ишга қабул қилишни тақиқловчи қарор қабул қилди.

Ҳукумат расмий сайтида эълон қилинган бу ҳужжатда Ёқут ўлкасида муҳожирларнинг 33 соҳада меҳнат фаолияти билан шуғулланиши тақиқланганини кўриш мумкин.

- Жами раҳбаримиз томонидан иқтисодий фаолиятнинг 33 тури, хусусан қишлоқ ва ўрмон хўжаликлари, овчилик, қайта ишлаш, қурилиш, савдо, транспорт, меҳмонхона бизнеси, кўчмас мулк амалиётлари, фан ва техника соҳаси, таълим, тиббиёт ва хизмат кўрсатиш йўналишлари бўйича тақиқлар киритилди, дея хабар қилди Саха-Ёқутистон ҳукумати раҳбари матбуот хизмати.

Жумладан, ишга рухсатнома - патент асосида ишловчи мигрантлар 2019 йилдан бошлаб ҳуқуқ, бухгалтерия, архитектура, инженерлик ва техник лойиҳа тузиш, илмий-тадқиқот ва изланишлар соҳаларида ишлай олмайди.

Бундан ташқари, Айсен Николаев ўз қарорига меҳнат муҳожирлари учун ишлаш тақиқланган касблар рўйхатини ҳам илова қилди. Масалан, хорижликларга эндиликда озиқ-овқат, ичкилик, кийим-кечак ишлаб чиқариш, тиббиёт ва таълим соҳаларида фаолият қилиш мумкин эмас. Мигрантларнинг давлат ва шаҳар атрофидаги йўловчи транспорти, такси ва юк транспортида ҳайдовчилик қилиши ҳам тақиқланди.

Ёқутистондаги корхона ва ширкатлар¸ маҳаллий ҳукумат раҳбари қарорга мувофиқ 3 ой ичида хорижлик ишчилар сонини тартибга солиши лозим.

Диаспора вакиллари: Бу қарор халқаро ва Россия қонунчилигига зид!

Ёқутистондаги “Қирғиз бирлиги” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Абдиғани Шокиров ўлка раҳбарининг қарори Евросиё иқтисодий минтақаси ва Россия қонунчилигига зид экани тўғрисида баёнот берди.

Шокиров¸ вазиятга ойдинлик киритиш илтимоси билан Россия президенти Владимир Путинга мурожаат қилишини билдирди. Ëқутистон раҳбарининг марказий осиëлик¸ асосан эса¸ қирғизистонлик муҳожирларга қарши қаратилган қарори 28 март куни Владимир Путиннинг Қирғизистонга ташрифи билан бир кунга тўғри келди.

Маҳаллий ҳукумат эълон қилган расмий рақамларга кўра¸ Якутск шаҳрининг 300 минглик аҳолисидан камида 30 минггини қирғизистонликлар ташкил этади ва уларнинг 70 фоизи Россия фуқаролигини олган.

Ёқутистондаги Ўзбеклар миллий маркази раҳбарларидан бири Дилшод Абдуллаҳатов Озодлик билан суҳбатда ўзбек жамоаси бошқа диаспора вакиллари билан биргаликда ҳукумат қарори устидан арз қилиш масаласини кўриб чиқаётганини айтди:

- Бизга фақат қурилиш қолаяпти, у ҳам бўлса қурилишнинг фақат қора иши томонлари қолаяпти – архитектура деган томонлари тақиқланаяпти. Кеча қабул қилди, бугун матбуотда чоп этди. Лекин биз уларнинг миллатчилигига қараб турмаймиз: бу ердаги қирғиз, тожик, ўзбек диаспоралари билан маслаҳатлашиб, жамланиб, каттароқ нарса ёзишни тайёрлаяпмиз. Шунда таъсири кучли бўлиши мумкин – ёлғиз отнинг номи чиқса ҳам¸ чанги чиқмайди, дейишадику.

Ўзбек диаспораси раҳбари маҳаллий ëқутларнинг 10 кун олдин бошланган мигрантларга қарши норозилик чиқишлари ва тўполонлар ҳозир деярли тўхтагани, аммо ишлашни давом этаётган мигрантлар ҳамон ўз хавфсизлигидан чўчиб яшаëтганини билдирди:

- Одамларимиз ишлашни давом этаяпти. Лекин кеча яна бир ҳолат бўлибди: магазин ичидаги мева сотаётган болага 3 киши ташланиб, мева-чевасини юзига отибди. Видеога олинибди. Кеча уччаласи қўлга олиниб, кечирим сўрашибди. Шунақа вазият – ҳамма ишлаяпти, лекин қўрқув билан. Янаям ҳужжат масаласида жуда қаттиқ текширувлар кетаяпти. Болалардан кўпчилиги чиқиб кетаяпти экан – илож йўқ, деди Ёқутистондаги ўзбек диаспораси раҳбариларидан бири Дилшод Абдуллаҳатов.

Ёқутистонда озиқ-овқат дўконида ишлаган Марказий осиёлик муҳожирга ташланган 3 киши полицияда кечирим сўради
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:49 0:00

Ёқутистондаги мигрантларга қарши кенг кўламли ҳужумлар 17 март куни 23 яшар Қирғизистон фуқароси 36 яшар маҳаллий аёлни олиб қочиб, зўрлаганликда айбланиб қўлга олиниши ортидан бошланиб кетди.

18 мартдан бошлаб марказий осиёлик муҳожирлар зўравонликлардан қўрқиб ишга чиқмадилар, муҳожирлар ҳайдайдиган автобус линиялари фаолияти тўхтаб қолди.

Ёқутистон пойтахтида мигрантларга қарши бир нечта стихияли митинглар бўлиб ўтди. 18 март кунги шаҳар стадионига тўпланган 5 мингга яқин ëқутистонлик ҳукумат раҳбарларидан мигрантларга қарши чора кўришни талаб қилди.

XS
SM
MD
LG