Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2019, Тошкент вақти: 00:19

Зеленский Брюсселдаги чиқишида Порошенко нутқидан "ўғирлаганлик"да айбланмоқда


Зеленский ўтган ҳафта Брюсселда Европа кенгаши президенти Дональд Туск билан учрашди.

Володимир Зеленский Брюсселда ҳаммага маъқул келадиган гапларни айтди. Янги президент нутқи ҳатто танқидчилар ва собиқ президент Петро Порошенко тарафдорларига ҳам маъқул келди. Бунинг сабаби улар бу гапларни аввал Порошенконинг ўзидан эшитган эдилар.

Зеленский 4-5 июнь кунлари Европа пойтахтига қилган ташрифи давомида сўзлаган нутқида айрим гапларни Порошенкодан кўчирганликда айбланмоқда.

Украинада бу можаронинг Зеленский учун бошоғриқ бўлиши кутилмоқда.

Президент маъмурияти Зеленский нутқидаги ўхшашликлар учун Ташқи ишлар вазирлигининг Порошенкони қўлловчи ишчилари айбдор эканини иддао қилмоқда. Маъмурият бу шахсларни провокация ҳамда янги етакчини ёмонотлиқ қилишга уринишда айблади.

Зеленский маъмурияти, масаланинг тафтиш қилишини билдирди.

Президент мунозарага сабаб бўлаётган гапларини Европа кенгаши президенти Дональд Туск билан бўлиб ўтган учрашув ортидан айтди.

Зеленский Брюсселда:

- Украинанинг ЕИга қўшилиши Россия империал лойиҳасининг ўлими бўлади. Қолаверса, бу Россия авторитаризмига зарба бўлади, Россия ва бутун собиқ совет мамлакатларида демократияга элтувчи йўл бўлади, - деди.

Собиқ президент Порошенко матбуот котиби Святослав Цехолко Зеленскийни “бачкана кўчирмачиликда” айблар экан, Брюсселда эълон қилинган баённоманинг бутун бошли параграфи Порошенко 31 май куни ўз партияси конгрессида сўзлаган нутқидан ўзгартиришсиз кўчириб олинганини айтди. Цехолко Порошенко айнан шу сўзларни айтаётгани акс этган видеога ҳавола ҳам қолдирди.

Айрим украиналиклар ҳам ижтимоий тармоқларда Порошенко 18 май куни сўзлаган нутқ Зеленский Европада сўзлаган нутқига ўта ўхшаш эканлиги ҳақида ёзишди.

Зеленскийнинг мунозарага сабаб бўлган гаплари Туск билан учрашув ҳақидаги расмий баённомада ёки президент сайтида кўрсатилмади.

Бу орада президент обрўсини сақлаб қолишга уринаётган янги президент маъмурияти ушбу ҳолат бўйича тергов бошланганини, Ташқи ишлар вазирлиги ишчиларининг Порошенко билан тил бириктиргани аниқланса, улар жазога тортилишини маълум қилди.

Бу воқеанинг "изза бўлиш"дан ташқари эндигина иш бошлаган Зеленский сиёсий карьерасига қандай таъсир кўрсатиши ҳозирча номаълум.

Ҳатто Порошенко матбуот котиби Цехолко масалага ижобий ёндашишга уринди.

Котиб Facebookда “Володимирнинг Петро Порошенкога қулоқ солиши жуда яхши”, деб ёзди.

XS
SM
MD
LG