Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2019, Тошкент вақти: 06:17

Зеленский ўз маъмуриятини «бачкана» президент саройидан "Украина уйи" биносига кўчирмоқчи


Зеленский ўзига Янукович ва Порошенкодан мерос қолган "олтин безакли¸ бачкана" президент кабинетида.

Володимир Зеленский Украина президенти этиб сайланганидан бери президент кортежидаги автомобиллар сонини саккизтадан иккитага озайтирди.

Эндиликда Зеленский президент маъмуриятини Банкова кўчасидаги машҳур иморатдан бошқа бинога кўчирмоқчи.

Зеленскийга шуҳрат олиб келган ТВ шоу қаҳрамони ҳам президент бўлганидан сўнг аҳолига халақит бермаслик учун президент саройини бошқа жойга кўчиради.

Ўз телеқаҳрамонидан фарқли Зеленский таклиф қилаётган янги адрес Киевнинг қоқ марказида жойлашган бўлиб, шаҳарликлар президентнинг бу қарори автомобиллар қатновини ёмонлаштиришини айтмоқда.

Зеленский кўчишга қарор қилишига ҳозирги саройдаги олтин безаклар, ҳашаматли хоналар, яширин коридорлар сабаб бўлганини айтди. Унинг айтишича, янги бино президент маъмуриятини коррупция эмас, очиқлик ва шаффофлик билан боғлашга кўмаклашади.

Зеленский жорий президент саройи коррупция тимсолига айланганини айтади.
Зеленский жорий президент саройи коррупция тимсолига айланганини айтади.

Зеленский таклиф қилаётган янги иморат “Украина уйи” деб аталади. 1978-82 йилларда қурилган беш қаватли иморат 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланиб кетгунича Владимир Ленин музейи вазифасини ўтаган.

Совет тарихига қарамасдан, иморат 2013-14 йиллардаги “Евромайдон” намойишлари пайтидаги роли билан танилган. Ўшанда бинодан собиқ президент Виктор Януковичга содиқ полиция кучлари фойдаланган, аммо намойишчилар уларни қувиб чиқарганидан кейин, иморат намойишларни қўлловчи марказга айланган эди. 2014 йилдан бери эса бинодан кўргазма маркази ўлароқ фойдаланиб келинади.

Президентнинг кўчиш режаси ҳақидаги хабар Зеленскийнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида улашилди.

Расмийларнинг айтишича, иморатни қайта таъмирлаб, улкан деразаларга эга “Европа стилидаги” офисга айлантириш режалаштирилмоқда.

Президентнинг ушбу қарорига қаршиларни нафақат автомобиль қатнови билан боғлиқ муаммолар, балки иморатни тубдан қайта таъмирлаш учун керак бўладиган маблағ қаердан олиниши қизиқтирмоқда. Президент маъмурияти етакчиси Андрий Боҳдан иморат Европа Иттифоқидаги нодавлат ташкилотлардан олинган маблағ эвазига қайта таъмирланишини айтди.

Банкова кўчасидаги иморат 1991 йилдан бери президент саройи вазифасини ўтаб келади. Зеленский бу иморатни музейга айлантиришни исташини айтди.

Зеленский ва унинг тарафдорлари ҳозирги саройнинг лабиринтсимон йўлаклари ҳамда бачкана безакларидан нолиб келади. Масалан, президент офиси, жумладан, туалети мармар ва тилла безаклар билан безатилган. Бошқа хоналарда эса хрусталь қандиллар ҳамда экзотик ёғоч безакларни кўриш мумкин. Айрим украиналиклар учун ушбу иморат мамлакатда чуқур илдиз отган коррупция тимсолига айланган.

Банковадаги сарой охирги марта россияпараст президент Янукович даврида қайта таъмирланган.

XS
SM
MD
LG