Линклар

Шошилинч хабар
22 сентябр 2021, Тошкент вақти: 19:24

Зеленский: Қрим “ҳеч қачон рус замини бўлмайди”


Украина президенти Володимир Зеленскийга кўра, Россия томонидан босиб олинган Қрим ҳамда Донецк ва Луганск вилоятлари ҳудудининг Украина назорати остига қайтиши “вақт масаласидир”.

Зеленский Украинадаги “Дом” русийзабон телеканалига берган интервьюсида Қрим хусусида тўхталаркан, у “ҳеч қачон рус замини бўлмайди”, дея урғулади.

Қрим ҳақида гап кетган видеопарча Зеленскийнинг телеграм-каналида эълон қилинди.

“Қримни босиб олган одамлар уни ҳеч қачон биздек яхши кўра олишмайди”, деган Украина президенти. У ёшлигида Қримга қилган саёҳатларига доир воқеаларни ёдга оларкан, яриморолни “ўз еримиз” деб атайди.

“Бу уларнинг ери эмас, уларнинг авлодлари бу ерда вояга етмайди. Уларнинг фарзандлари ҳам у ерда эмас. Ва улар бизнинг еримизни деб жонларини қурбон қилишмайди. Бу ҳеч қачон рус замини бўлмайди. Ҳеч қачон”, деди Зеленский.

Унинг сўзларига кўра, Россия ҳукуматининг тарихни ўзгартиришга уринишлари зое кетади. Хусусан, Қрим татарлари аннексияга асло рози бўлмайдилар. Украина президенти фикрича, Қрим аҳли эртами-кечми “ўз уйига қайтади”.

Қрим Россия томонидан 2014 йил мартда босиб олинган – Украинада президент Виктор Янукович ҳокимияти ағдарилгач, Россия яриморолга қўшин киритди ва ҳарбий назорат шароитида у ерда яриморолнинг Россияга қўшилиши бўйича референдум ўтказди. Украина ва дунёнинг кўплаб мамлакатлари аннексияни тан олмаган. Қримнинг гўёки “уйига қайтгани” ҳақидаги шиор Россия ҳукумати ва пропагандаси томонидан аннексиядан олдин ва кейин кенг қўлланилди – яриморол азалдан русларнинг ери бўлгани, 1954 йилда у қонунга хилоф равишда Украина ССРга берилгани иддао қилинди.

Володимир Зеленский Қрим масаласини ҳал қилинган деб ҳисоблаш мумкин эмаслигини бир неча марта айтган. Август ойида Киевда “Қрим платформаси”нинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади. Унда аннексияни тан олмаган мамлакатларнинг вакиллари иштирок этади. Аввалроқ Ғарб мамлакатлари Қримда фаолият юритаётган ширкатлар ва аннексияга алоқадор шахсларга нисбатан санкциялар жорий қилган эди.

Россия расмийлари Қримнинг мансубияти масаласи муҳокама қилинмаслигини таъкидлаб келади ва уни Россиянинг ажралмас қисми, деб атайди.

XS
SM
MD
LG