Линклар

Шошилинч хабар
30 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:18

Ён бериш дипломатияси: 10 йил олдин Тожикистон ўз ерларини Хитойга қандай бериб юборганди?


Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин - Пекин, 7 ноябрь, 2014
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин - Пекин, 7 ноябрь, 2014

Ўн йил муқаддам, 2011 йил 20 сентябрь куни Тожикистон ҳудудининг бир бўлаги Пекинга топширилиши муносабати билан Хитой ва Тожикистон ҳарбийлари иштирокида тантанали маросим ўтказилган эди. Ҳукумат “дипломатик ғалаба” деб атаган мазкур қарор пировардида унга танқидлар ёғилишининг асосий сабабларидан бирига айланди.

Масала тарихи

Тожикистон аҳолиси ер бериб юборилганидан 1 октябрь – ХХР давлати ташкил топганининг 62 йиллиги нишонланаётган кунда, Хитой ОАВлари орқали хабар топди. Ҳолбуки Тожикистон парламенти тожик-хитой чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги протоколни 2011 йил 12 январда ратификация қилган эди. Ҳужжатга биноан, Шарқий Помирдаги 1 минг 158 квадрат километр баҳсли ҳудуд – Тожикистон умумий майдонининг 0,77 фоизи Пекин юрисдикцияси остига ўтди.

“Мазкур протоколнинг имзоланиши тожик дипломатиясининг буюк ғалабасидир”, деганди ўшанда депутатлар қаршисида Тожикистоннинг ўша пайтлардаги ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий.

Мулозим 1884 йилда Хитой ва Россия “Янги Марғилон” номли битим имзолаганини, унга мувофиқ ҳозирги Хитой ҳукумати 28 минг квадрат километрдан ортиқ тожик ерларига даъво қилганини урғулаган. “Бу мамлакатимиз ҳудудининг салкам 20 фоизини ташкил қилади, – дея парламент аъзоларига эслатганди Тожикистон ТИВ раҳбари. – Протокол имзоланганидан сўнг эса Хитойга ушбу низоли ҳудуднинг атиги 3 фоизга яқин қисми тегяпти холос”.

“Тожик-хитой давлат чегараси тўғрисида”ги шартноманинг ўзини томонлар 1999 йилда‑ёқ имзолаган эди. Ўшанда икки мамлакат чегарасидаги уч баҳсли бўлакдан иккитасининг тақдири ҳал қилинган. Тожикистон Карзак довонидаги баҳсли ҳудудни ўз қўлида сақлаб қолган, аммо Маркансув дарёси яқинидаги бошқа бўлакнинг қарийб ярмидан – 400 кв. км. майдондан Хитой фойдасига воз кечган.

Уч йилдан сўнг, Пекинда протокол имзоланиши билан Мурғоб вилоятидаги баҳсли ҳудуд масаласида ҳам келишувга эришилди. Бироқ ҳужжат Тожикистон парламентида ўн йилдан сўнггина ратификация қилинди ва шунга қарамай, жамиятда норозилик уйғотди.

Ёпиқ эшиклар ортидаги муҳокама

Тожикистон миллий альянси ва ҳозирда Тожикистонда тақиқланган Ислом уйғониши партияси раиси Муҳиддин Кабирий 2011 йилда ҳукуматнинг мамлакат ерларини Хитойга бериш қарорига қарши чиққан камсонли мухолифат вакилларидан бири бўлган эди.

“Бу Эмомали Раҳмон амалга оширган махфий, аксилконституцион ва хиёнаткорона амалиётдир. Тожик халқи энг сўнгги дақиқада воқиф қилинди, бу ишга қарши нимадир қилиш учун фурсат қўлдан кетиб бўлганди”, деб ҳикоя қилади Муҳиддин Кабирий.

Мухолифат сиёсатчисига кўра, тожик ҳукуматининг қарори Тожикистон Конституциясининг мамлакат ҳудудининг бўлинмас ва дахлсизлигини кафолатловчи еттинчи моддасига зид, парламентдаги муҳокамалар эса шунчаки расмиятчилик бўлиб, бу жамоатчиликка маълумот берилганини билдирмайди.

2004 йилдан бошлаб тожик-хитой ҳукуматлараро комиссияси аъзоси бўлган марҳум академик Раҳим Масов ҳам ўша пайтлар бу масалада ҳукуматга терс фикрда эди. Би-би-сига берган интервьюсида у Тожикистон ҳудуди Хитой тасарруфига ўтиши ҳақидаги ҳужжатга имзо чекмаганини айтган.

“Тожикистон ҳукуматининг ушбу қарори хато бўлди. Давлатимизнинг ҳудудий яхлитлиги ва бўлинмаслиги ҳар бир тожик учун номус ва қадр-қиммат масаласидир”, деган эди академик Раҳим Масов.

Ҳукумат қарори Тоғли Бадахшон мухтор вилояти аҳолиси орасида ҳам норозилик уйғотди. Конституцияга мувофиқ, вилоятнинг мухторият мақоми мазкур битимнинг вилоят парламенти даражасида маъқулланишини талаб қиларди, бироқ вилоят Халқ депутатлари мажлиси ҳужжатни маъқуллагани ҳақида бирорта ҳам расмий хабар эълон қилингани йўқ.

Тарихий даъволар

Ҳукуматнинг расмий риторикасига кўра, тожик ерлари учун ҳудудий низолар юз йилдан ортиқ давом этиб, охирги протокол ратификация қилиниши билан муаммо барҳам топган. Аммо Хитой оммавий ахборот воситалари замонавий Тожикистон ҳудуди гўё Хитойга тегишли бўлгани ҳақидаги ўз тарихий талқинини тиқиштиришда давом этиб, вақти-вақти билан тожик ТИВнинг жиғига тегиб туради.

Тожик тарихчиси Камолиддин Абдуллаев “Помирнинг эгаси ким?” номли мақоласида ёзишича, Хитой кучга тўлган йилларида буфер (оралиқ) ҳудудларни (Шинжон, Мўғулистон ва Тибет назарда тутилмоқда) босиб олган, аммо заифлашгани заҳоти уларни бой берган.

“1864 йилда Россия ва Хитой Чугучак протоколини имзолашди, унга кўра, Олтой ва Курчум ўлкалари, Зайсан кўли, Тарбагатай, Олатов, Тянь-Шань Россияга ўтди. 1873 йилги Англия-Россия битими Помирда чегара чизиғини белгилаб берди ва Британия Ҳиндистони ва Россия Марказий Осиёси ўртасидаги торгина афғон буфер зонаси сифатида Вахан йўлагини вужудга келтирди.

Кейинроқ коммунист Хитой Чор Россияси билан тузилган чегара битимларидан норозилик билдирди. Шу билан бирга, Хитой томони Помирга даъволарини 1884 йил 22 майда имзоланган, чегара чизиғини бор-йўғи Фарғона вилояти ва Қошғардан Узбел чегара довонигача (тахминий кенглиги 38°40′, Оқ Байтал довони яқинида) чизиб берган Янги Марғилон протоколи билан далиллайди. Қолаверса, мазкур протоколнинг 3-моддасида чегара жуда мавҳум ифодаланган. Унга кўра, Россия чегараси Узбелдан жануби-ғарбга – Хорог тарафга, Хитойники эса жанубга, Афғонистон томонга кетади ва ҳозирги Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг катта қисмини “ҳеч кимга тегишли бўлмаган” ер сифатида қолдиради.

1894 йилда ўзаро дипломатик ноталар алмашилгач, хитойлар ва руслар Помирни Сарикўл тизмаси бўйлаб бўлиб олишди ҳарқалай. Ўша чегара бугунги кунда ҳам сақланиб қолмоқда. Аммо Хитой томони Помирга оид даъволаридан узил-кесил воз кечмаганини яширмайди ва мазкур битимга “муваққат” ҳужжат каби қарайди”, деб ёзади тарихчи.

Таги пуч далиллар

Мухолифат сиёсатчи Муҳиддин Кабирийга кўра, тожик ерлари учун юз йилдан бери давом этаётган баҳс ҳақидаги гап-сўзлар ҳокимиятнинг қилмишини оқлашга уринаётган мулозимлардан чиқмоқда ва улар қуйидаги сабабларга кўра асоссиздир:

– Хитой билан СССР ёки Россия империяси ўртасида қанақадир келишмовчилик бўлган бўлса ҳам, Тожикистонга бунинг ҳеч бир алоқаси йўқ. Россия ТИВнинг расмий нотасига кўра, ушбу мамлакат барча халқаро низолар ва битимлар юзасидан ҳуқуқий ворис ҳисобланади. Хитой билан бошқа бир мамлакат ўртасидаги низо ва битимларнинг 1991 йилдан бери халқаро муносабатларнинг мустақил субъекти бўлмиш Тожикистонга дахли йўқ.

– Хорог яқинида иероглифлар битилган тош топилганини рўкач қилишлари, яъни тарихий факт сифатида шунга суянишлари (тожик парламенти худди шундай йўл тутган эди) нафақат кулгили, балки тамом терс маънони билдиради. Ана, қўшни мамлакатларда тожик тилидаги сўзлар битилган минглаб ёзувлар ва тарихий ҳужжатларни топиш мумкин, лекин бу бизга қўшниларимизга нисбатан ҳудудий даъво қўзғаш ҳуқуқини бермайди-ку?

Озодлик суҳбатдошининг таъкидлашича, то ҳукумат Хитой ўз даъвосини асослаш учун тақдим этган далилларни жамият билан ўртоқлашмас экан, бу гап-сўзлар чўпчак бўлиб қолаверади.

Ердан воз кечиш – янги иқтисодий имконият сифатида

Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг Хитой Приморье ўлкаси, Амурбўйи ва Марказий Осиёдаги жами 1500 квадрат километрлик ҳудудга даъво қилиб чиқди. Икки томонлама келишувлар натижасида Пекин қўшни мамлакатларнинг бир қисмини олишга муваффақ бўлди ҳам. Жумладан, Россия – дастлаб Даман, кейин Тарабаров оролларини ва Катта Уссурийскнинг ярмини, Қозоғистон – 407 кв.км ва Қирғизистон 12 кв.км ерини Хитойга берди. Тожикистон, санаб ўтилган мамлакатлар орасида ҳудуди бўйича энг кичиги экани ҳолда Пекинга энг кўп – ўз ҳудудининг 1 минг 158 км. километрлик бўлагини берди.

Бироқ ҳукуматга яқин доираларда бу ҳудудий ёнберишларга нисбатан кескин муносабат сезилмайди. “Ер талашиш дунёнинг барча мамлакатларига хос. Чегаралар масаласида ўз қўшнилари билан зиддиятга бормаган давлатни топиб бўлмайди. Уларнинг ҳар бири масалага ечим топиш учун тарихий ва бошқа фактларга мурожаат қилади. Яхши ҳамки, Хитой билан ўртамизда қуролли ёки бошқа сиёсий кураш бўлмаган. Биз барча масалаларни маданий тарзда ва дипломатик йўллар билан ҳал этдик ва мен бизнинг мамлакатимиз бундан зарар кўрди, деб ўйламайман”, дейди Тожикистон Халқ-демократик партияси аппарати раҳбари Абдураҳмон Хонов.

Мулозимнинг айтишича, бугунги кунда Тожикистон Хитой билан барча соҳаларда самарали ҳамкорлик қилмоқда ва ушбу алоқалар натижасидан иккала томон ҳам мамнун.

Сўнгги йигирма йил ичида Хитой Тожикистон иқтисодиётининг асосий инвесторларидан бирига айланди. Ўтган йили икки мамлакатнинг ўзаро маҳсулот айланмаси 1.5 млрд долларни ташкил қилган эди. Тожикистон ташқи қарзининг катта қисми ҳам Хитойга тўғри келади. Ушбу мамлакат Тожикистоннинг уч асосий иқтисодий ҳамкоридан биридир, 2013 йилдан бошлаб у стратегик ҳамкор мақомига эга.

XS
SM
MD
LG