Покистон президенти Парвез Мушарраф бугун Кобулга келди ва бу ерда муваққат ҳукумат раҳбари Ҳамид Карзай билан сўзлашувлар бошлади.

Бу эса, толиблар режимини қўллаб-қувватлаб келган Исломобод ҳукумати ҳозирги раҳбарининг Кобулга биринчи расмий сафаридир.
Карзай билан ўтказган матбуот анжуманида Исломобод раҳбари, Кобул муваққат ҳукуматини қўллаб-қувватлаши ва икки қўшни давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор беражагини таъкидлади.
Кобулда қилган баёнотида президент Мушарраф шунингдек, Покистонда қамоққа олинганлардан бири Усама бин Ладенга қарашли Ал-қайда террор тармоғининг олий қўмондони Абу Зубайдан деб тахмин этилаётганини билдирди.
Тутқуннинг Зубайдан экани 100 фоиз аниқ бўлмаса-да, Мушарраф унинг АҚШ ихтиёрига топширилгани ҳақдаги маълумотни тасдиқлади.
Агар, қўлга олинган шахс ҳақиқатан ҳам Зубайдан бўлиб чиқса, бу АҚШ нинг толиблар ва ал-қайдачиларга қарши олиб бораётган ҳарбий операциялари давомида ушланган энг юқори даражали Ал-қайда аъзоси бўлиб чиқади.