Бугун Қозоқистоннинг Павлодар шаҳридаги мустақил Ирбис теле-канали милитцияни ўз мухбири Канат Тусупбековни калтаклагани учун айблади.

Теле-каналнинг билдиришича, Тусупбеков яширин фаолият олиб борувчи мухолифат гуруҳининг Республика газетасини тарқатгани учун милитция бошқармасида калтакланган. Мазкур газета асосан ҳукумат ичидаги каррупцияни ёритади. Павлодар милитция бошқармаси бошлиғи Дулат Тоиғамбаев айбномаларни рад қилиб, ўша куни Тусупбеков милитция бошқармасига олиб келинмаганини айтди. Қозоқистон журналистларни ҳимоя қилиш ташкилоти мамлакатда журналистларга нисбатан бундай муносибатда бўлиш одатий ҳолга айланганини билдирди.