Бугун БМТнинг билдиришига кўра, Афғонистоннинг ғарбий қисмида сув тошқинлари рўй бергани натижасида икки одам қурбон бўлган, юзлаб уй, дўкон вайрон бўлган ва катта майдондаги экинзорларни сув босган.

БМТ маълумотларига қараганда, кўплаб одамлар, шу жумладан Эрондан қайтаётган муҳожирларнинг кўпчилиги дараксиз йўқолган. Мухожирларни ташиган юк машинаси сув тошқинида пастликка ағанаган. БМТ матбуот вакилининг айтишига кўра, сешанба куни шиддатли ёмғир ёққани оқибатида Кобулдан 550 км нарида жойлашган Қалайи-Нав ва Аб Камарий қишлоқларида тахминан 500 та уй вайрон бўлган. БМТ табиий офат рўй берган Бодғиз вилоятига чодирлар, кўрпа-тўшаклар, кийим-кечаклар ва озиқ-овқат ёрдамларини жўнатмоқда.