Инсон хуқуқлари фаолларининг айтишларича, Қирғизистоннинг Аҳси туманида 6.500 одам тўпланиб, президент Асқар Ақаевнинг истефо беришини ва депутат Азимбек Бекназаровга қарши суд жараёни бекор қилинишини талаб қилишган.

Қирғизистон инсон ҳуқуқлари қўмитаси расмий вакили Қувонич Маматкаримовнинг Аҳсида Озодлик радиоси мухбирига айтишига қараганда, номойишчилар шунингдек март ойида Бекназаровни қамоқдан озод қилинишини талаб этиб ўтказилган намойишда 5 одамнинг ўлимига сабабчи бўлган шахсларни жавобгарликка тортилишини ҳам талаб қилишган. Маматкаримовнинг айтишига кўра, айрим одамлар норозилик билдириш аломатида фарзандларини мактабга юбормаяптилар ва ўғилларини ҳарбий хизматга жўнатмасликни режалаганлар.