Германия Канцлери Герҳард Шрёдер бугун Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашди.

Бўлиб ўтган музокаралар давомида томонлар террорчиликка қарши кураш ва Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш борасида ҳамкорлик масалаларини муҳокама этдилар. Шунингдек ҳар икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Германия ўртасида ўзаро иқтисодий ва техникавий ҳамкорликни кучайтириш бўйича фикр алмашдилар. Сўзлашувлар сўнгида Германия Канцлери Тошкент расмийларига немис солдатлари учун Термез аэропортини ижарага бериб, аксил-террор амалиётларини қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик изҳор этди ва минтақада хавфсизликни таъминлаш борасида ҳар икки давлат қарашлари мос келишини урғулади. Шунга қарамай, -дея гапирди Шредер сўзида давом этиб, - халқаро ҳамжамият инсон ҳуқуқлари борасида Каримов ҳукумати билан музокараларни давом эттириши керак ва бу алоҳида мавзудир.
Тошкентга кела туриб Германия Канцлери кеча саккиз соат давомида Қобулда Афғонистон муваққат идораси раҳбари Ҳомид Карзай ва ташқи ишлар вазири Абдулло Абдуллолар билан музокаралар олиб борган эди. Бўлиб ўтган сўзлашувлар давомида Германия канцлери халқаро тинчликни сақловчи кучлар таркибини кенгайтириш бўйича Авғонистон вақтли идорасининг илтимосини рад этди. Шрёдерга кўра бу борадаги Германия имкониятлари чекланган. Ҳозирда Афғонистон пойтахтида 4500га яқин халқаро тинчликпарвар кучлар жойлаштирилган, уларнинг тўртдан бир қисмини герман қўшинлари ташкил қилади.