Туркманистон, Афғонистон ва Покистон лидерлари бугун Исломобод шаҳрида учрашиб, Туркманистондан Покистонгача газ қувури қуриш масаласини муҳокама қиладилар.

Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов, Афғонистон муваққат хукумати бошлиғи Ҳамид Карзай ва Покистон президенти Парвез Мушаррафнинг музокаралардан кейин англашув меморандумини имзолашлари мумкинлиги кутилмоқда.
Туркманистоннинг Давлатобод газ хавзасидан Покистонгача бўлган 1.460 километр узунликдаги қувурнинг йилига 15 млрд куб метр табиий газ транспорт қилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 2 – 3.5 миллиард доллар маблағ сарфланиши таҳмин қилинмоқда. Хориждаги бир қатор йирик компаниялар ушбу лойиҳага қизиқиш билдирганлар.