Бугун Фаластин мухторияти раҳбари Ясир Арафат Яқин Шарққа ташриф буюрган АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Жорж Теннет билан учрашди.

Учрашув давомида Арафат АҚШ вакилига Фаластин хавфсизлик кучларини ислоҳ қилиш режасини тақдим этди. Мазкур режада хавфсизлик кучларининг икки баробар қисқартириш ва улар устидан назоратни кучайтириш кўзда тутилади. Хавфсизлик кучларининг ислоҳ этилиши Фаластин мухториятининг ҳокимият тузилмаларини қайтадан шакллантириш борасида бошланган ишларнинг бир қисмидир ва буни АҚШ ҳам Европа Иттифоқи ҳам талаб этмоқда. Исроил ҳукумати эса Фаластин мухторияти инфратузилмаси бутунлай ислоҳ этилиб, террорчилик кампанияси тўхтасагина, улар билан музокаралар бошланиши мумкинлигини айтмоқда. Шунга қарамай, Исроил кучлари Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида аксил-террор амалиётларини давом эттирмоқда. Бугун эрталаб Исроил қўшинлари қисқа муддатга Женинга киритилган. Яқин Шарқда вазият кескинлигича қолар экан АҚШ Президенти Жорж Буш Исроил Бош вазири Ариэль Шаронни Оқ уйга таклиф этди. Учрашув душанба кунига белгиланди.