ЯККА ТАРТИБДА САВДО ҚИЛУВЧИЛАР НОРОЗИ

2002 йил 6 июн куни эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарлар олиб келинишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорнинг жорий этилиши индивидуал савдогарлар норозилиги туфайли 1 июлга қадар қолдирилди. Маълум бўлишича, қарорнинг айрим бандларида индивидуал тарзда савдогарлик билан шуғулланувчи тадбиркорлар ҳуқуқи хисобга олинмаган. Шу сабаб 2002 йил 7 июнь куни «Отчопар» бозорида савдо қилувчи савдогарлар Тошкент шаҳар Давлат солиқ инспекцияси биноси олдида йиғилишган. Воқеа жойига Ўзбекистон давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Эркин Гадоев ҳамда молия вазири ўринбосари жаноб Жўраев етиб келишган. Аммо улар билдирилган эътирозларга жавоб бера олишмаган.
Маълум бўлишича, қарорда Давлат солиқ қумитаси Назорат-тафтиш бош бошқармаси ва Республика прокуратураси ҳузуридаги Солиққа оид жиноятларга қарши курашиш департаменти мансабдорларига «импорт қилувчи жисмоний шахсларда тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинишини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлигини режадан ташқари текшириш ҳуқуқи» берилган бўлиб, айни ҳужжат кўрсатилмаса тадбиркорнинг товари мусодара этилиши айтилган. «Отчопар» бозорининг милиция ходимлари қарорнинг мазкур бандини баҳона қилган ҳолда савдогарлардан ўтган йили олиб келинган товарлар учун ҳужжат кўрсатишни талаб қилишган. Ҳужжат кўрсатилмагач, милиция ходимлари савдогарларнинг товарларини мусодара қила бошлаган.
Республика солиқ қўмитаси вакилига кўра, «Отчопар» бозори яқиндан бери милиция ходимлари тасарруфига ўтган бўлиб, солиқ тўловлари ҳамда махсус ҳужжатларни текшириш ишлари уларга юклатилган.
Республика солиқ қўмитаси ходимларининг Озодлик радиосига хабар беришларича, айни пайтда қарорга тузатиш киритиш устида ишлар олиб бориляпти.