Усама бин Ладиннинг вакили "Ал-Қаида" террористик ташкилоти раҳбари ва унинг яқин сафдоши Айман ал Завахри АҚШ ҳарбийлари томонидан ўтказилган бомбардировкалар чоғида Афғонистоннинг шарқидаги тоғларда нобуд бўлишган, деган маълумотларни инкор этди.

Сулаймон Абу Гейснинг чиқиши ёзилган видеотасмани бугун Қатарнинг Ал Жазира телеканали намойиш қилди.
Абу Гейс "Ал-Қаида" бутун дунё бўйлаб Америкага қарашли объектларга янги хужумлар уюштиришга тайёр эканлигини билдирди. Туниснинг Жерба оролидаги синагогда шу йилнинг апрелида содир этилган террористик хуруж ҳам "Ал-Қаида" томонидан уюштирилган эди, деди Абу Гейс.
Видеоёзувнинг қалбаки эмаслигини тасдиқлашнинг ҳозирча иложи йўқ, дейилади хабарларда. Унинг қачон ва қаерда суратга олингани аниқ эмас. Телеканал раҳбарияти ёзувни қаердан олгани ҳақида хабар бермаган.
АҚШ маъмурияти вакиллари ҳозирча вазиятни шарҳламаяптилар. Вашингтон Усама бин Ладиннинг ўлганлиги тўғрисида ишончли далиллари йўқ эканлиги ҳақида аввал баёнот берган эди.