ЎЗБЕК ЖУРНАЛИСТЛАРИ КАСБ БАЙРАМИНИ НИШОНЛАДИЛАР

27 июн ўзбек журналистлари ўзларининг касб байрамини нишонладилар. Мазкур байрам муносабати билан марказий нашрларда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг байрам табриги эълон қилинган. Аксар маҳаллий журналистларнинг Озодлик мухбирига айтишларича, бу йилги байрам табриги аввалгиларидан тубдан фарқ қилади. Унда хусусан шундай дейилади: «… ўзимизга бир савол берайлик: мана шундай турли хил қарашлар, ўзаро қарама-қарши бўлган фикрлар матбуотимиз, оммавий ахборот воситаларимизда ўзига ўрин топаяптими? Бугун масалани мана шу тарзда қўйиш вақти етди, деб ўйлайман.» «Моҳият» газетаси бош муҳаррири, ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошевнинг Озодлик мухбирига айтишича, газеталарда даврнинг энг аччиқ ҳақиқатлари чоп этилмаслигининг сабаби, кўпчилик муҳаррирларда ички цензуранинг мавжудлиги, журналистларда ҳукумат томонидан берилган эркинлик вақтинча, деган фикр ҳукмрон эканлигидадир.
Тошкентнинг Мирзо Улуғбек боғида ўтказилган байрам сайли давомида Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларини демокриятлаштириш ва қўллаб қувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармаси вакиллари бир қатор фаол журналистларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлашди.