АҚШ ҳарбий учоқларининг Афғонистоннинг Ўрузгон вилоятида тинч аҳолини адашиб бомбардимон қилиши сабабларини ўрганиш учун тузилган Америка-Афғонистон қўшма комиссияси воқеа содир бўлган жойда жумагача ишлайди.

Афғонистон расмийларига кўра, бомба ташланиши оқибатида 40 киши нобуд бўлган. Улардан 25 нафари битта оила аъзоларидир. Юзга яқин киши жароҳат олган. Қурбон бўлганлар орасидаги кўпчилик - аёллар ва болалардир.
Америкалик учувчилар маҳаллий удумга кўра тўй пайтида ҳавога отилган ўқларни душман очган ўт, деб ўйлаганлар ва ўқ отилган ҳудудга ҳаводан зарба берганлар.
Афғонистон раҳбари Хамид Қарзай "Озод Европа/Озодлик" радиосига берган интервьюсида, тўй уни толиблар ва "Ал-Қаида"чилар хужум қилган пайтда сақлаб қолган кишининг уйида бўлганлигини айтган.