ЎЗБЕКИСТОН ФУЛБРАЙТ АССОЦИАЦИЯСИ ВАКИЛЛАРИ ЙИЛЛИК ХИСОБОТ ЙИҒИЛИШИНИ ЎТКАЗДИЛАР

2002 йил 9 июл куни Ўзбекистон Фулбрайт ассоциацияси вакиллари илк бор ўзларининг йиллик хисобот йиғилишини ўтказдилар.
Мазкур ассоциация 2001 йили июн ойида ташкил этилган ва шу йилнинг ноябр ойида рўйхатдан ўтган. Ҳозирда мазкур ташкилот республиканинг Наманган, Нукус, Самарқанд, Тошкент ҳамда Фарғона вилоятларида ўз бўлимларига эга.
Фулбрайт ассоциациясининг асосий мақсади Ўзбекистон -Америка олимлари ўртасида ўзаро ҳамфикрлилик ришталарини ўрнатишдан иборатдир. Келажакда мазкур ассоциация таълим, бизнес, америкашунослик, соғлиқни сақлаш, экология, гендер тадқиқотлар ва бошқа йўналишлар бўйича бир қатор тадбирлар ўтказишни режалаштирмоқда.
Фулбрайт Ассоциациясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лола Ғуломованинг Озодлик мухбирига айтишича, ҳозирда Ўзбекистоннинг турли соҳаларида кузатилаëтган муаммоларни ҳал этиш учун кучли мутахассисларнинг иштироки лозим. Фулбрайт дастури аъзолари эса айнан ана шундай мавқедаги олимлардир.
Сўнгги ўн йил давомида 50дан ортиқ ўзбек мутахассислари Фулбрайт дастури стипендиантлари бўлиш имконига мушарраф бўлганлар. Ғуломованинг сўзларига кўра, ташкилот бош мақсадларидан бири шу олимлар ва тадқиқотчиларни бир жойга йиғиб, умумий ғоя- Ўзбекистонда кучли ҳуқуқий фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида ҳизмат қилишга сафарбар этиш ҳамда нодавлат ва нотижорат ташкилотларнинг эркин фаолият олиб боришлари ва ривожланишлари учун ёрдам беришдан иборатдир.