Афғонистон саноат ва минерал ресурслар вазирининг айтишига қараганда, Туркманистондан Афғонистон орқали Покистонгача газ қувурини қуриш лойиҳаси ўзгартирилиб, қувур Ҳиндистонгача узайтирилиши мумкин.

Кеча Ашҳободда олиб борилган музокаралардан кейин сўзлаган вазир Жума Муҳаммадий, қувурни Ҳиндистонгача узайтириш хақдаги фикрни мазкур лойиҳани амалга оширишга харакат қилаëтган халқаро гуруҳ вакиллари билдирганларини айтди. Ҳозирги хисоб-китобга кўра, Туркманистоннинг Давлатобод газ конидан Афғонистон орқали Покистоннинг Мултан шаҳригача қувур қуриш учун 2 миллиард доллар керак бўлади. АҚШ томонидан қўлланган мазкур лойиҳани амалга ошириш учун дастлабки изланиш ишлари сентябр ойида ўтказилади.