БМТ Афғонистон шимолидаги оммавий қабристонга оид тергов ишини олиб боришда кўмаклашажагини билдирди.

БМТ вакили Маноел Алмейда э Силва Афғонистон ҳукумати БМТдан кўмак сўрамагани, бироқ агар расмий сўров олинса, БМТ тергов ишида ёрдам беражагини маълум қилди.
Шу ҳафта бошида АҚШ вакиллари “Ньюсуик” журналидаги хабарга таяниб, Шимолий Альянс қўлига тушганидан сўнг 1000 нафар толибон аъзоси юк ташувчи машинада бир жойдан бошқасига олиб кетилаётган вақтда ҳаво етмагани сабабли бўғилиб ўлганини таъкидлаган эдилар.
Афғонистон ўтиш даври ҳукумати ишни ўрганиб чиқишни ваъда қилди. Ҳолбуки мудофаа вазири Муҳаммад Қосим Фаҳим бундай маълумотларни миш-мишлар, деб атади.