Чехияда Сполана кимёвий заводи ишчилари Влтава дарёсини сув тошқини натижасида унга оқиб чиққан зарарли кимёвий моддалардан тозалашда давом этмоқдалар.

Прага яқинидаги Сполана заводини икки ҳафта олдин сув босган, натижада хлор моддаси сувга оқиб чиққан эди.
Ўтган ҳафта ишчилар сувни хлордан тозалашга уринаётганларида, насос бузилиб, натижада янада кўпроқ хлор сувга оқиб чиққан.
Ҳодиса натижасида завод раҳбарияти ишдан бўшатилди, Чехия ҳукумати эса тергов ишини бошлаб юборди.
Атоф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳаракатлари фаоллари ҳодиса оқибатида дарё сувида диоксинлар ва бошқа зарарли моддалар топилганини қайд этмоқдалар. Ҳукуматнинг сув тошқини оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланаётган комиссияси раҳбари Ян Папез эса Споланадаги экологик муаммолар одамлар ҳаётига таҳлика туғдираётганини тан олди.