Ироқ халқаро инспекторларнинг мамлакатга қайтариш масаласини қайта кўриб чиқишга тайёр, агар сўзлашувлар низоларни бартараф этиш бўйича эришилган умумий келишув доирасида бўлса.

Бу ҳақда Ироқ Бош вазири ўринбосари Тариқ Азиз бугун Ер саммити ўтаётган Йоханнесбург шаҳрида БМТ Бош котиби Кофи Аннан билан учрашув сўнгида баён қилди. Ироқ расмийсига кўра, Америка Қўшма Штатларининг Бағдод билан музокара олиб боришга иштиёқи йўқ.
"Вашингтонни ташвишлантираётган муаммо оммавий қирғин қуроллари экан, буни оқилона ҳал қилса бўлади. Агар бу шунчаки Ироққа қарши ҳужум бошлаш учун баҳона бўлса, албатта бунинг иложи йўқ", - дея баён қилди Тариқ Азиз.
Ўз навбатида расмий Вашингтон Ироқнинг ҳеч бир ваъдасига ишониб бўлмаслигини айтмоқда. Бир неча кун олдин Ироқнинг юқори мартабали расмийлари, шу жумладан бош вазир ўринбосари Тариқ Азиз чиқишларидаги оҳанг бошқачароқ эди. Улар БМТ инспекторларининг мамлакатда фаолиятини қайта йўлга қўйилишига ҳожат йўқ дея баён қилишган. Жумладан, Тариқ Азиз агар Америка Қўшма Штатлари Бағдодга қарши ҳарбий ҳужум бошлагудек бўлса Ироқ бунга муносиб тарзда жавоб қайтаришини маълум қилган эди. Азиз бу гапини бугунги учрашув давомида ҳам такрорлади. БМТ раҳбари Кофи Аннан Тариқ Азиз ўртасида бўлган учрашув ҳақида журналистларга ҳеч нарса айтмади.