Эртага Афғонистонда толибларга қарши иттифоқнинг таниқли қўмондони, бундан бир йил муқаддам ўлдирилган Аҳмад Шоҳ Маъсуднинг Хотира куни бўлиб ўтади.

Маъсуд Афғонистоннинг миллий қаҳрамони, у ўлдирилган кун эса мамлакат бўйлаб дам олиш куни, деб эълон қилинган. Аҳмад Шоҳ Маъсудни хотирлаш маросими бўлиб ўтадиган Кобул стадионига бир неча минг кишининг келиши кутилмоқда.

Афғонистон Ўтиш даври ҳукумати бошлиғи Хамид Қарзай кеча Аҳмад Шоҳ Маъсуднинг Кобул шимолидаги қабрини зиёрат қилди. Пайшанба куни Қандахор шаҳрида уюштирилган суиқасддан сўнг Қарзай кеча биринчи бор шаҳардан ташқарига чиқди.

Афғонистон лидери ўзига қилинган суиқасдни Маъсудга суиқасд қилганларнинг иши бўлиши мумкин, деди.

Ўтган йил 9 сентябрида журналистлар сифатида Аҳмад Шоҳ Маъсуднинг қароргоҳига кириб олган худкуш террорчилар у ерда портлаш содир этгандилар.

Кейинги ҳафтада Хамид Қарзай Нью Йоркка боради. Бу ерда у БМТ Бош Ассамблеясининг 11 сентябрь воқеаларига бағишланган сессиясида чиқиш қилади.