Европа иттифоқи Эронни Исроил давлатини тан олишга ва аксил террор кампанияга қўшилишга чақирди.

Кеча Теҳронда Европа иттифоқи делегацияси Эроннинг юқори лавозимли расмий вакиллари билан учрашди. Шундан сўнг Европа иттифоқи бир баëнот тарқатиб, Эроннинг иттифоқ билан бўлган сиëсий масалалар ва терроризмнинг олдини олиш борасидаги ҳамкорлиги савдо соҳасидаги ҳамкорликдан айри бўлмаслиги кераклигини билдирди. Июл ойида Европа иттифоқи ва Эрон савдо ва ҳамкорлик шартномасини имзолади.
Европа иттифоқи Эронни оммавий қирғин қуроллари тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган халқаро келишувларни тасдиқлашга ва уларни тўлиқ амалга оширишга чақирди.
Европа иттифоқи, шунингдек Эрондан инсон ҳуқуқларини ва фуқароларнинг оддий эркинликларини ҳурмат қилишни талаб этди.