Ироқ бош вазири муовини Тариқ Азиз Боғдод АҚШ Ироққа қарши ҳаво ҳужумларини бошламаслиги учун БМТ инспекторларига мамлакатга қайтишга рози бўлганини маълум қилди.

Ўтган кеча Боғдод расмийлари Бирлашган миллатлар ташкилоти раҳбариятига қурол-аслаҳа бўйича инспекторларнинг ҳеч қандай талабсиз мамлакатга қайтишларига розилигини билдирдилар.
Бугун Боғдодда бўлиб ўтаётган ҳамжиҳатлик конференциясида Тариқ Азиз ҳужумларни амалга оширишга ҳеч қандай сабаб қолмаганини таъкидлади.
Бу баёнот АҚШ “Боғдод сиёсий ўйинлар олиб бораётир”, деб фикр билдирганидан сўнг Ироқ расмийларининг биринчи расмий баёноти бўлди. Оқ Уй эса ҳамон БМТ Хафсизлик кенгаши Ироқ бўйича маҳсус резолюция қабул қилиши лозимлигини таъкидламоқда.
Хавфсизлик кенгашининг вето ҳуқуқига эга тўрт давлатидан Британия Ироқ баёнотига ишонқираб қарамоқда, Франция Саддам Ҳусайнни сўзи устидан чиқишга мажбур қилиш лозимлигини таъкидлаётир, Россия ва Хитой эса Боғдод расмийси баёнотини қўллаб—қувватладилар. Москва уруш эҳтимоли йўқ қилинди, деб фикр билдирди.