АҚШ давлат котиби Колин Пауэлл Босния фуқароларини шанба куни бўлиб ўтадиган парламент сайловларида ислоҳотлар сиёсати учун овоз беришга чақирди.

Пауэллга кўра, бозор иқтисодиёти ҳамда Европа Иттифоқи билан яқинлашув тарафдорларига овоз бериш - боснияликларнинг ўзлари учун фойдалидир. Унинг фикрича, акс ҳолда, Босния яна миллатлараро можаролар гирдобида қолиши, иқтисодиёти таназзулга юз тутиши мумкиндир.

Европа Иттифоқи вакиллари ҳам олдинда турган сайловларнинг Босния келажаги учун жуда муҳим эканлигини таъкидладилар.

Сайловларда парламент депутатларидан ташқари Босния президиуми аъзолари учун ҳам овоз берилади. Босния президиуми - давлатнинг коллектив раҳбаридир. Унинг таркибига хорватлар, серблар ҳамда босниялик мусулмонлар вакиллари кирадилар.