Ғарбий Африка республикаси Кот-д-Ивуарда мамлакaтнинг иккинчи йирик шаҳри Буаке учун қақшатқич жанглар давом этмоқда.

Кеча кечқурун ҳукумат қўшинлари Буаке шаҳрини ишғол қилишга уриндилар, бироқ буни уддалай олмадилар.

Ярим миллион киши истиқомат қиладиган мазкур шаҳардан аҳоли оммавий равишда қочиб чиқмоқда.

Ҳукумат қўшинининг собиқ аскарлари бир неча кун муқаддам исён кўтарган эдилар. Исёнчилар шу кунда мамлакатнинг мусулмонлар яшайдиган шимолий қисмидаги бир неча шаҳарни ўз назоратлари остида ушлаб турибдилар.

Фуқаролар уруши чиқиб кетиш хавфи борлиги учун Франция Кот-д-Ивуарда ўзининг минг кишилик ҳарбий контингентини жойлаштирди. Француз ҳарбийлари умумий миқдори қарийб 20 минг кишига борадиган ғарб мамлакатлари фуқароларини ҳимоя қиладилар.