Исроил бош вазири Ариэль Шарон Ғазо минтақасида кеча ўтказилган ҳарбий амалиётни Исроил хавфсизлигини таъминлаш учун "ҳаётий зарурат" эди, деб баёнот берди.

Амалиётлар давомида 14 фаластинлик нобуд бўлди.

Европа Иттифоқининг юқори лавозимли вакили Хавьер Солана билан ўтказган сўзлашувлари чоғида Шарон тинч аҳоли нобуд бўлганидан таассуфда эканлигини билдирди. Бироқ, деди у, Исроил ҳарбийлари зарбани Фаластин жангарилари ўрнашиб олган районга берган эдилар.

Солана Исроил ўтказган амалиётдан даҳшатга тушганлигини билдирди. АҚШ ва Россия юз берган инцидентдан ташвишланиш билдирдилар. Вашингтон ва Москвага кўра, Исроил томонидан куч қўлланганлигини оқлаб бўлмайди.

Фаластин расмийлари кеча нобуд бўлганларнинг барчаси тинч аҳоли эди, деб баёнот бердилар. Исроил ҳарбийлари қурбон бўлганларнинг аксарияти террорчи гуруҳлар аъзолари эди, деб таъкидламоқдалар.