Россия ва Франция БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ироқни қуролсизлантириш борасидаги АҚШ илгари сураётган резолюцияси бўйича муросага келмаганларини маълум қилдилар.

Бу икки мамлакат Хитой, Британия ва АҚШ билан биргаликда БМТ Хавфсизлик кенгашининг вето ҳуқуқига эга бўлган доимий аъзоларидир.
Кеча БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Кенгаш доимий аъзолари резолюция лойиҳасини муҳокама қилдилар.
Россия ташқи ишлар вазири Игор Иванов АҚШ таклиф этаётган лойиҳа “Россия мезонларига умуман жавоб бермаслиги”ни таъкидлади. Франция ташқи ишлар вазири Доминик де Вильпен эса муросага келишдан олдин жуда катта иш бажарилиши лозим, деб фикр билдирди.
Маълумотларга кўра, Россия ва Франция АҚШ резолюциядан Ироққа қарши ҳужум бошлаш учун фойдаланади, деб хавотирланмоқдалар.
Франция, Россия ва Хитой Ироққа БМТ резолюцияларини бажариш учун яна бир имкон бериш тарафдорларидир.