Хитой раҳбарининг АҚШга сафари.

22 октябр куни АҚШга 3 кунлик сафарини бошлаган Хитой президенти Цзян Цземин жума куни Техас штатида президент Жорж Буш билан учрашади. Кўпгина кузатувчилар, бу Цзян Цземиннинг Хитой раҳбари сифатида хорижга сўнгги сафари эканини, шунингдек, саммитдан кейин икки давлат ўртасидаги муносабатларда кескин бурилиш юз бермаслигини айтдилар. Бироқ, АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Кондолиза Райс хоним, чоршанба куни Вашингтонда, Цзян Цземин Хитой президенти лавозимини тарк этаётгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини, агар ўзгариш бўлса, АҚШ Хитой раҳбарияти билан бирга ишлашни давом эттиришини маълум қилди.
Пекин университетининг халқаро алоқалар бўйича мутахассиси Чу Шулонг: “Мен бунга шахсий ташриф сифатида қарайман. Цзян Цземин АҚШга боришни ёқтиради”,-деди. Ўтган хафтада Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмийлари, Техасда бўладиган саммит ниҳоясида қўшма баёнот эълон қилиниши кутилмаётганини маълум қилдилар. Бу АҚШ ва Хитой рахбарлари ўртасидаги учинчи олий даражадаги учрашув бўлади.
Аммо Хитойнинг юқори лавозимли дипломати мухбирларга, Цземиннинг Чикаго ва Хюстонга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг ривожига муҳим хисса қўшишини айтди.
Биз студиямизга Озод Европа Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Брус Паниерни таклиф қилдик ва ундан, Хитой рахбарининг АҚШ президенти билан Техасдаги сўзлашувлари чоғида қандай масалалар муҳокама этилиши мумкинлиги ҳақида сўрадик.
“Авваламбор мен шуни айтишим лозимки, АҚШ ва Хитой раҳбарлари ўртасидаги ҳар галги учрашув бу албатта, муҳим воқеа ҳисобланади. Икки мамлакат ўртасида муҳокама этиладиган масалалар кўп. Навбатдаги саммитда халқаро терроризмга қарши кураш, Шимолий Кореянинг ядровий қуролни қўлга киритишга уринаётганини тан олгани, иқтисодий масалалар муҳокама этилиши кутилмоқда.”
АҚШ-Хитой муносабатларига назар ташлайдиган бўлсак, икки давлат ўртасидаги алоқалар доим яхши бўлиб келган, дея олмаймиз. Айниқса, бундан бир ярим йил олдин АҚШнинг разведка самолети Хитойнинг қирувчи самолёти билан ҳавода тўқнашиб кетганидан кейин жанубий Хитойга қўнишга мажбур бўлгани воқеаси, икки давлат ўртасидаги совуқ муносабатларнинг энг қуйи нуқтаси бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Ўша воқеадан кейин ўтган давр мобайнида Хитой ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий алоқалар ривожланишда давом этди. Бу ҳамкорликдан Хитой кўпроқ манфаат қозонди. Чунки Хитой АҚШдан маҳсулот импорт қилишдан кўра, Қўшма штатларига кўпроқ маҳсулот экспорт қилди.
Брус Паниердан, Цзян Цземиннинг Жорж Буш билан учрашуви чоғида “Хитойдаги инсон ҳуқуқларининг ҳозирги аҳволи ҳам мухокама этиладими?” деб сўраганимизда у: “Президент Буш инсон ҳуқуқлари масаласини кўтариш ниятида. Менимча, халқаро терроризмга қарши кураш инсон ҳуқуқлари масаласини иккинчи даражага тушириб қўйди. Афсуски, президент Буш бу гал Хитой раҳбарига инсон ҳуқуқлари борасида кўп ҳам босим ўтказмайди”,-деди.
Дарҳақиқат, Хитой АҚШнинг халқаро терроризмга қарши олиб бораётган курашини қўллаб-қувватлаб келди. Шу билан бирга Пекин расмийлари АҚШдан, Хитой ҳукуматининг Шарқий Туркистонда олиб бораётган кампанияси ҳам терроризмга қарши кураш сифатида тан олинишига уринди. Бундан бир неча ой олдин АҚШ давлат департаменти Шарқий Туркистон исломий ҳаракатини ўзининг террорчи гуруҳлар рўйхатига киритди. Хитой ҳукумати эса мамлакатдаги камчиликни ташкил этган халқлар, шунингдек, мусулмонлар ва Фалунг Гонг каби турли диний гуруҳларга қарши қатағон сиёсатини давом эттирмоқда.
Биз Брусдан “Икки мамлакат ўртасидаги муносабат ҳақиқатан ҳам илиқлашаяптими?” - деб сўраганимизда, у шундай жавоб берди: “АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар тарихан бир текис бўлмаган. Шимолий Корея каби масалалар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг совишига сабаб бўлган. Халқаро терроризмга қарши кураш, иқтисодий ҳамкорлик каби икки томон учун фойда келтирадиган масалаларда муносабат илиқлашган”.
АҚШ-Хитой ўртасидаги алоқалар қайси йўлдан ривожланиши жума кунги саммитдан кейин янада аниқлашса ажаб эмас.