Туркманистон, Афғонистон ва Покистон президентларининг шу ҳафта оҳирида Ашҳободда учрашишлари ва уч мамлакатни боғлайдиган газ қувурини қуриш ҳақидаги шартномани имзолашлари режалаштирилган.

Сапармурот Ниёзов, Ҳамид Карзай ва Первез Мушарраф муҳокама этажак газ қувурининг узунлиги 1460 километрга тенг бўлиб, у Туркманистоннинг Давлатобод шаҳридан Афғонистон бўйлаб, Покистоннинг Араб денгизи соҳилигача боради ва газни жаҳон бозорига олиб чиқиш имконини беради. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу қувур орқали йилига 30 миллиард куб метр туркман гази ўтади.
Режаларга қарамай, лойиҳани ким молия билан таъминлаши ва унинг қайси халқаро компания томонидан амалга оширилиши ҳамон ноаниқ. Мутаҳассислар газ қувурини қуриб битказиш учун 2 миллиард АҚШ доллари керак, деб ҳисоблашмоқда.
Шу ҳафта бошида Тукманистонга ташриф буюрган БМТ Бош котиби Кофи Аннан газ қувури лойиҳасини қўллаб-қувватлашини билдирар экан, қувур минтақанинг иқтисодий ривожланишида ижобий рол ўйнайди, деб таъкидлади.