“Жаҳон маликаси” танлови ташкилотчилари танлов Нигерияда эмас, балки Лондонда ўтказилажагини эълон қилдилар.

Бундай қарор Нигериянинг мусулмон аҳолиси танловга норозилик тариқасида намойишлар уюштирганидан сўнг қабул қилинди.
Кадуна шаҳрида кеча бўлиб ўтган намойишлар натижасида 100 одам нобуд бўлди, яна қарийб 500 киши тан жароҳатлари олди.
Намойишлар бир газетада “гўзаллик конкурси ислом асосларига зид эмас”, қабилидаги мақола чоп этилганидан сўнг бошланиб кетди. Мақола муаллифи “ҳатто пайғамбар Муҳаммад ҳам танловнинг ўтказилишига қаршилик кўрсатмаган бўларди”, деб ёзган.
Бундай мақолани ўқиб, ғазабланган одамлар газета муҳарририяти биноси ва баъзи черковларга ўт қўйганлар, атрофдаги одамларни ура кетганлар. Минглаб одамлар полиция биноларида ҳимоя қидиришга мажбур бўлганлар.
Ташкилотчилар танлов 7 декабр куни Лондонда ўтказилишини эълон қилдилар.