Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларнинг қийноқлардан нобуд бўлаётганликлари тўғрисидаги хабарларни текшириш учун БМТнинг махсус вакили Тео ван Бовен бугун Ўзбекистонга келди.

У бугун Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди.
Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Қодир Юсуповга кўра, Бовен ва Комиловлар ўртасида бўлиб ўтган учрашув чоғида демократиялаштириш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш борасида сўз борган.
БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси маҳбуслар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қийноққа солинаётганликлари тўғрисидаги хабарлардан ташвишланиш билдирган.
Ўзбекистон 1995 йили Қийноқларга қарши халқаро конвенцияга қўшилган, бироқ бу мамлакат конвенциянинг якка тартибдаги шикоятлар юзасидан мустақил суриштирув ўтказишга рухсат берувчи моддаларини имзоламаган.