Бугун Туркманистон президенти матбуот вакили Сардор Турдиев Туркманбоши жонига қарши муваффақиятсизликка учраган суиқасдга Россиянинг алоқаси борлигини таъкидлади.

Турдиевга кўра, президент Сапармурод Ниëзовни ўлдириш ҳақда четдан буйруқ берилган. У Россия томони бундай буйруқ берганини аниқ билмаслигини қайд этди. Аммо Роитер ахборот агентлигининг Турдиев айтганларига асосланиб билдиришига кўра, Россиядаги “маълум сиëсий фаоллар” мазкур суиқасдни уюштирган кишиларни ҳимоя қилмоқда.
Россия ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча бу ҳақда муносабат билдиргани йўқ.
Туркманистон расмийларига кўра, суиқасдга алоқаси борлигида гумон этилиб, ҳибсга олинган 16 кишидан 4 нафари Грузия фуқароларидир.
Бугун Россиядаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Мемориал гуруҳи Туркманистонда кечаги суиқасддан бери 100дан ошиқ киши ҳибсга олинганини маълум қилди.
Кеча эрталаб Ниëзов машинада ишга кетаëтган чоғда ҳужумга учради. Ниëзовга ҳеч қандай зарар етмади, аммо отишма оқибатида атрофдаги бир неча киши ва президент қўриқчиларидан бири жароҳатланди.