Бугун Вашингтонда АҚШ президенти Жорж Буш Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов билан музокаралар олиб боради.

Америка расмийларига кўра, музокараларда халқаро терроризмга қарши кураш олиб бориш масаласи бош мавзу сифатида муҳокама этилиши кутилмоқда.
Кеча Раҳмонов 5 кунлик Франция сафарини якунлаб, Вашингтонга келди. Парижда Тожикистон раҳбари ва Франция президенти Жак Ширак бир қўшма баëнотни имзоладилар. Ҳужжатда халқаро ҳамжамият терроризм ва террорчиларни молия билан таъминлаëтган манбаларга қарши курашиш учун кўпроқ ҳамкорлик қилишга чақирилди.
Раҳмонов ва Ширак наркотикларга қарши кураш доирасида олиб борилаëтган ишларни мувофиқлаштириш хусусида келишиб олдилар.
Президентлар, шунингдек, сармояни ҳимоя қилиш, ҳамда, маданий, фан ва технология соҳаларида ҳамкорлик қилиш тўғрисида ҳам келишувлар имзоладилар.