Европа иттифоқи 10 мамлакатни иттифоққа қўшилишга расман таклиф этди.

Бу иттифоқ тарихидаги энг йирик кенгайишдир.
Бундай қарор жума кечқурун Дания пойтаҳти Копенгагенда бўлиб ўтган саммитда қабул қилинди. Унга кўра, Қибрис, Чехия, Эстония, Венгрия, Латвия, Литва, Мальта, Польша, Словакия ва Словения 2004 йил 1 майда Европа иттифоқига қўшиладилар. Бу эса Иттифоққа ҳаммаси бўлиб 450 миллион аҳолига эга бўлган 25 давлат аъзо бўлишини англатади.
2007 йилда эса гуруҳга Болгария ва Руминия қўшилишлари мумкин. Европа иттифоқига кўплаб йиллардан буён қўшилиш истагини билдириб келаётган Туркия хусусида ҳам бир муддат белгиланди. Агар Туркия Иттифоқнинг сиёсий ва инсон ҳуқуқлари мезонларига жавоб бера олса, унинг қўшилиши масаласи 2004 йил охирида кўриб чиқилади.