Бугун Ашхободда Туркманистон президенти Сапармурод Ниëзов дипломатларга мухолифат фаоли Борис Шихмурадов ҳибсга олинганини маълум қилди.

Ниëзов матбуот вакили Сардор Турдиевнинг мухбирларга айтишига кўра, Шихмурадов мамлакат ичида ушланган. У бу ҳақда бошқа маълумот бермади.
Аммо кеча Шихмурадов ўзининг Интернет саҳифаси орқали бир баëнот тарқатиб, Туркманистон Миллий хавфсизлик вазирлигига таслим бўлишни режалаганини маълум қилди. У ўзининг ҳибсга олингани – мухолифатга тарафдор бўлган кишиларни сўнгги суиқасд юзасидан тазйиқларга учрашини тўхтатади, дея умид билдирди.
Туркманистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири ва Хитойдаги собиқ элчиси Шихмурадов 2001 йилда Ниëзов ҳукуматини тарк этиб, ўзини мухолифат лидери, деб эълон қилди. У бир неча мамлакатда сургунда яшашидан олдин, маълум вақт Россияда қолди.
Туркманистон ҳукумати Шихмурадовни ўтган ойда Ашхабодда Ниëзов жонига қилинган суиқасдни уюштирганликда айбламоқда.
Шу ой бошида Озод Европа-Озодлик радиосига интервю берган Шихмурадов ўзига қўйилган айбномани қатъиян рад этди.