Хитой 2005 йилгача мамлакат аҳолиси сонини 1 миллиард 330 миллион атрофида сақлаб туришни режалаштирмоқда.

Хитой аҳолисининг ўсишини йилига 0,9 фойиз даражада сақлаб туриш муаммоси туғишни режалаштириш масалаларига бағишланиб Пекинда ўтаётган умумиймиллий йиғилишда муҳокама қилинмоқда. Оилани режалаштириш бўйича давлат қўмитаси раиси Чжан Вейциннинг айтишича, белгиланган суратга амал қилинса, Хитой Халқ республикаси аҳолиси сони 2005 йилга бориб 1 миллиард 330 миллиондан ошмаслиги керак.
Бола туғишни режалаштириш бўйича изчил сиёсатнинг дастлабки натижалари кўриниб турибди, дейишмоқда экспертлар. 2002 йилда, илгари белгиланганидек, аҳоли сони 1 миллиард 300 милиондан ошмади. Шундай қилиб, 2010 йилга бориб бу рақам 1 миллиард 400 миллиондан ошиқ бўлмайди. 2020 йилга бориб, эҳтимол, бу рақамни бир ярим миллиард атрофида сақлаб туришга муваффақ бўлинар. Агар аср ўрталаригача Хитой фуқаролари 1 миллиард 600 миллион кишидан ошмаса, давлат аҳоли сонини секин-аста камайтириб бориш бўйича режани амалга оширишга киришади.
Йиғилишда таъкидланганидек, “бир оила –бир фарзанд” тариқасида режалаштириш Хитой аҳолиси сонини камайтиришнинг асосий усулидир. Фақат шундай йўл орқали аҳоли сонини иқтисодий ўсиш билан мувозанатга келтириш мумкин. Мободо 2020 йилга бориб демография соҳасидаги мақсадга эришилса, Хитой ҳукумати шу вақтга келиб аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот кўрсаткичини ўртача уч минг доллар даражага етказишни ўйламоқда.